Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:12

Россиядан бошпана топган қирғизистонликлар қочқинлик изламаëтир


Ўзбекистон ўз ҳудудидан бошпана беришни истамай¸ яна Ўш ва Жалолободга қайтариб юборгач Қирғизистондаги ўзбеклар вақтинчалик бошпанани Россиядан излашмоқда.
Ўзбекистон ўз ҳудудидан бошпана беришни истамай¸ яна Ўш ва Жалолободга қайтариб юборгач Қирғизистондаги ўзбеклар вақтинчалик бошпанани Россиядан излашмоқда.

Қирғизистон жанубидаги миллий низодан жабр кўрганларнинг кўпчилиги¸ янги бошпана излаб Россияга йўл олмоқда. Бироқ Россия Миграция хизмати раҳбари муовини Екатерина Егорованинг айтишича¸ ҳозирча улардан бирортаси қочқинлик мақоми сўраб ўз хизматига мурожаат қилмаган.


- Ўш ва Жалолободда содир этилган тартибсизликлардан жабр кўрган Қирғизистон фуқароларидан бирортаси ҳозирга қадар Россия Федерал миграция хизматига қочоқлик мақомини бериш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилмаган. Қочоқ мақомини олиш учун вазият муайян даражага бориши керак ва умид қиламизки¸ Қирғизистондаги аҳвол унгача бормайди.

Бу Федерал миграция хизмати директори муовини Екатерина Егорованинг 22 июл кунги баёноти. Егорова хонимгага кўра, Қирғизистон фуқаролари бўлган этник руслар енгиллаштирилган тартиб асосида Россия фуқаролигини олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Мазкур баёнотни қанчалик ҳақиқатга мос эканини аниқлаш мақсадида Федерал миграция хизматининг Қочқинлар ва меҳнат муҳожирлари масалалари билан шуғулланувчи бўлимига қўнғироқ қилдик:

- Бизга қочқинлик мақомини олиш аризалари билан турли мамлакат фуқаролари мурожаат қиладилар. Улардан қай бири қочқин, қайсиниси йўқ¸ мен билмайман ва билган тақдирда ҳам сизга айтмас эдим. Қочқинлик мақомини олиш¸ нафақат жуда мураккаб, балки узоққа чўзиладиган жараëндир. Мақомни олмоқчи бўлганлар тегишли ҳужжатлар билан бевосита бизнинг бўлимларимизга мурожаат қилишлари мумкин. Ҳар бир одам билан биз алоҳида тарзда иш олиб борамиз, деди Миграция хизматининг қочқинлар масаласи билан шуғулланувчи ўзини таништирмаган расмийси.

Аммо Санкт-Петербург шаҳридаги “Умид” ҳамюртлар ташкилоти вакили Валишер¸ Ўш ва Жалолобод қирғинидан сўнг Россияга қочиб келаëтган қирғизистонликлар орасида қочқинлик мақоми сўраб мурожаат қилганлар анчагина эканини айтади:

- Мана сизнинг қўнғироғингиздан олдин тўрт кишига қулоқ солиб, иккитасини сразу ишга жойлаштирдик. Кўп келади, кунда камида тўрт одам келаяпти. Уларнинг кўпи қаерга мурожаат қилишни билмаса керакда. Улар бизга ташкилотимиз номида “ўзбек” ёзуви борлиги учун мурожаат қилаяпти. Қолаверса, Федерал миграция хизматига бориб нима дейди, уларнинг ҳаракати қандай бўлади? “Ну и что, дейди, что мы должны тебе сделать?!, дейди Санкт-Петербургдаги “Умид” ҳамюртлар жамияти вакили Валишер.

Озодликка бевосита келаётган маълумотларга кўра, Россияга Қирғизистоннинг жанубидаги таҳликали вазиятдан қочиб келаëтган ўзбеклар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Куни-кеча Москвага келгач¸ Озодликка қўнғироқ қилган аёллардан бири ўзи билан бирга8 жоннинг Россияга келганини айтади. :

- Ёш боллар бешта. Қирғизистондан зўрға чиқиб болалар билан шу ерга етиб келдик. Швецияда бир опамиз бор эди. У бизни чақиртирди ва мени икки болам билан олиб кетиш учун Швеция элчихонасига мурожаат қилди. Аммо Қирғизистонда шароит ёмонлиги учун таклифномаларни умуман қабул қилмаяпти. Бизни у ерда қолиб кетишимиздан қўрқаяпти, ўхшайди. Энди нима қилишни билмаймиз. Россия маҳаллий ташкилотларига ҳозирча мурожаат қилмадик. Бирор битта йўл чиқиб қолар¸ деб ўтирибмиз, ўйланиб, “ким ёрдам берар экан, йўл кўрсатар экан” деб, дейди Москвада вақтинча паноҳ топган ўшлик аёллардан бири.

Ўз исмини ошкор этишдан қўрққан ўшлик мутахассислардан бири Қирғизистонда ўзбекларни қамоққа олиш кампанияси ўзини Россияга қочиб келишга мажбур қилганини айтади:

- Мен ўзи касбим дўхтирда, мени исташяпти. Ўзбекларга ёрдам берганим учун исташяпти мени. Биз ўзбекларга ёрдам берипмизу, қирғизларга ёрдам бермапмиз. Биз ёрдам берган ерда фақат ўзбеклар яшардида, шунга фақат ўзбекларга ёрдам бердик. Бу ҳам айб бўлиб қолди, олиб кириб қамаб қуйяпти болаларни. Шу боис биз қочиб келдик. Пул бериб чиқдик. Камазларда, беркитиб олиб келишдида. Ёш болаларни ҳам шундай олиб чиқдикда. Пул билан ҳамма нарса қилиш мумкин экан¸ дейди ўз касбини бажаргани учун қочқинликка юз тутган ўшлик врач йигит.

Қирғизистонга қайтса¸ қамалиши тайин турган бу мутахассис ҳам¸ ўзи ва оиласининг Россияга келиб яна бир аросатда қолганини айтса-да¸ Россия Миграция хизматига қочқинлик мақоми сўраб мурожаат қилмаганини айтади.

- Йўқ мурожаат қилганимиз йўқ. Маслаҳат олаяпмиз ундан-бундан. Ёрдам берган бераяпти қўлидан келганича. Мени оилам Ўзбекистонда эди, қочқинлар билан. Мени болларим ва аёлим чиқмаймиз¸ деб ўтирган жойида болницага олиб бориб кўрсатамиз деб алдаб¸ ҳаммасини чиқариб юборди. Уйда ўтирсак мени қидиришни бошлабди. Билмадим нега қидиряпти, бизга ўхшаган, ëшлар у ёғда-бу ёғда қочиб юрибди, дейди ўз исмини айтишни истамаган ўшлик қочқинлардан бири.

Озодликка бўлаëтган аксар қўнғироқларда вақтинчалик Россиядан бошпана топган қирғизистонлик ўзбеклар¸ Европа¸ қолаверса АҚШ ва Канададан қочқинлик мақоми олиш борасида йўл-йўриқ излаëтганларини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG