Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:06

"Қорасувда вазият юмшоқроқ"


Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида яшовчи кишилар Ўш шаҳридагиларга нисбатан хотиржамроқ умргузаронлик қилмоқдалар. Бироқ бу минтақадаги энг катта улгуржи бозорлардан бири жойлашган Қорасувда умуман асабий кайфияти йўқ, дегани эмас.

Озодликнинг ўзбек хизмати ходими Сарвар Усмон 23 июл куни бошқа ҳамкасблари билан биргаликда Қорасувдаги Рашод қори Камолов имомлик қилаётган жомеъ масжидига борди.

Сарвар Усмон:
Масжид қавми билан¸ бир неча киши билан гаплашдик. Асабийлик йўқ эмас. Лекин Ўшга қиëслаганда асабийлик йўқ, деса ҳам бўлади. Мен уларнинг хотиржамлик даражасини билиш учун “Тунда маҳаллаларингизда постлар борми-йўқми?” деб сўрадим. Улардан “бор” деган жавобни эшитдим. Мана шу ҳолат ҳам асабийлик даражасини кўрсатадиган¸ хотиржамликнинг йўқлигининг даражасини кўрсатадиган кўрсаткич. Лекин Ўшдаги вазиятга қараганда, Жалолобод ва Қорасувда анча вазият юмшоқроқ.

Зебунисо: Бугун Қорасувдаги масжидда Рашод қори Камолов имомлик қилдими ва нима ҳақда гап бўлди ваъзда?

Сарвар Усмон: Ваъзда Ўш воқеалари ҳам тилга олинди ва имом қавмни¸ мен ëзиб олдим ўша эшитганимни¸ "ўзбекчиликдан, қирғизчиликдан динга қайтайлик" деган гапларни қилди. Ваъз давомида у киши¸ кейин алоҳида суҳбатда ҳам айтди¸ “Ўш воқеаларини ўзининг шахсий манфаатларини кўзлаган ва бармоқ билан санарли бир неча киши қилди. Улар ўзбек билан қирғизни уруштириб қўйишдан шахсий бойлик орттириш мақсадида қилди” деган гапни айтди.

Масжид қавми ва имом билан хайрлашиб, Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасига бордик. "Қорасув-автодорожний" чегара постига бордик. Мен чегаранинг ëпиқлигини билардиму¸ лекин бу даражада тақа-тақ ëпилганини тасаввур қилганим йўқ эди. Қирғизистон чегара хизматининг терминалида бирорта ҳам чегарачи йўқ. Қирғиз чегарачилари мутлақо йўқ¸ чунки уларга мутлақо иш ҳам қолмабди.

Чегаранинг ўртасига темир девор кўтарилган. Мантиққа кўра бу деворни¸ менимча¸ Ўзбекистон томони қурган бўлса керак. Чунки қирғиз томонида ҳеч қанақа чегарачи йўқ. Чегарачилар ўтирадиган хонанинг деразасидан қарадик. Чанг босиб кетган. У ерда анчадан бери ҳеч ким йўқлиги билиниб турибди. Ўртадаги дарëнинг устидан кўприк¸ кўприкнинг ўртасидан темир девор кўтарилган. Тунука қопланган. Дарëнинг Ўзбекистон соҳилида автомат билан чегарачи у ëқ-бу ëққа ўтиб келиб юрибди. Ўзбекистон томонида чегарачилар бор. Қирғизистон томонида йўқ. Автомобилларнинг ўтиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Оддий йўловчиларнинг йўлаги ҳам темир билан тўсиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG