Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:17

Божхона иттифоқи: олдга қадамми ё ортга?


Айрим таҳлилчилар, Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасида тузилган Божхона иттифоқига Украина ҳам қўшилганидан кейин бу иттифоқ тўлақонли фаолият юрита бошлаши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.
Айрим таҳлилчилар, Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасида тузилган Божхона иттифоқига Украина ҳам қўшилганидан кейин бу иттифоқ тўлақонли фаолият юрита бошлаши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ишга тушган Божхона иттифоқи Европа Иттифоқи каби ўзига хос бир моделга айлана оладими ёки бу Совет Иттифоқини қайта тиклашга бўлган уринишми?

Шу йилнинг 5 июл куни Қозоғистон пойтахти Остонада Евросиё иқтисодий ҳамжамияти давлатлараро кенгаши йиғилиши якунларига бағишланган брифинг чоғида Россия президенти Дмитрий Медведев Беларус, Қозоғистон ва Россия ўртасида Божхона иттифоқи ташкил этилгани ҳақида расман эълон қилди.

Божхона иттифоқи бўйича уччала давлат ўртасида имзоланган шартнома божхона тўловларини бекор қилиш, ягона иқтисодий ҳудуд ташкил этиш ҳамда учинчи давлатлар билан савдо қилиш учун умумий тариф ставкаси қабул қилишни кўзда тутган.

Шу куннинг ўзидаёқ Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Эмомали Раҳмон ва Роза Ўтунбаева ўз мамлакатида Божхона иттифоқига қўшилиш масаласи бўйича жиддий иш олиб борилаётганини қайд этиб ўтдилар.

Маълумки, 1957 йили Белгия, Франция, Италия, Люксембург, Голландия ва Германия ўртасида ташкил этилган ўзаро божхона бирлашмаси кейинчалик Европа Иттифоқи каби иқтисодий ва сиёсий тузилманинг пайдо бўлишида асосий пойдевор вазифасини ўтаганди.

Россия, Белорус ва Қозоғистон ўртасида тузилган Божхона иттифоқи ҳам Европа Иттифоқига ўхшаш ўзига хос моделми ёки Совет Иттифоқини қайта тиклашга бўлган уринишми? Бу саволга Озодликнинг қозоқ хизмати уюштирган давра суҳбати иштирокчилари турлича жавоб бермоқдалар.

- Ўйлашимча, бу иттифоқ Европа Иттифоқининг ҳам, совет даврининг ҳам модели бўлмай, ҳозирча бошланғич босқичда турган янги Божхона иттифоқининг туғилишидир. Моҳиятан олганда, ҳозирча фақат божхона тўловлари унификациясигина амалга оширилди. Иттифоқ вазифалари айни пайтда фақат шу билан чекланиб қолмоқда. Бу алянсни “тўлақонли иттифоқ” деб аташ қийин. Унинг шу босқичда қолиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бунга постсовет ҳудудидаги аччиқ тажрибалар яққол мисол бўлиши мумкин, дейди таҳлилчи Валерий Карбалевич.

Москвадаги сиёсий экспертиза халқаро институтининг директори Евгений Минченкога кўра, уч давлат ўртасида ташкил этилган Божхона иттифоқи мазкур ташкилотга Украина қўшилганидан кейингина барқарор фаолият юрита бошлаши мумкин. Унинг айтишича, янги ташкил этилган Божхона иттифоқига сиёсий ва иқтисодий барқарорликка эга бўлмаган Қирғизистон ва Тожикистонни киритиш ҳам бироз қийинроқ кечади.

- Ҳозир Европа Иттифоқи билан интеграцияни кучайтириш ва Европа иттифоқи – МДҲ доирасида эркин савдо ҳудудини ташкил этиш ғоясини илгари сураётган Россия элитасининг асосий қисми позицияси борасида айрим тушунмовчиликлар мавжуд. Аммо европалик ҳамкорларда ҳам бу борада муайян саволлар туғилмоқда. Масалан, уларда чегаралар, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги чегараларнинг шаффофлиги юзасидан катта шубҳа бор, дейди Евгений Минченко.

Бишкеклик сиёсий таҳлилчи Тўқтўғул Қақчекеев янги ташкил этилган Божхона Иттифоқи Европа Иттифоқи ёки совет модели бўла олмаслигини айтади. Бироқ, таҳлилчи фикрича, постсовет мамлакатларининг бу иттифоққа қўшилиши фойдадан ҳоли эмас. Қақчекеевга кўра, Қирғизистонда бу иттифоққа қўшилиш нияти анча аввал пайдо бўлган.

- Биз ўн олти йил барча жаҳон бозорларида юриб сарсон бўлдик, биз инқирозга юз тутдик ва биз бу барқарорсизликнинг нечоғлик фалокатли эканини тушуниб етдик. Мен божхона иттифоқининг барпо этилиши, Узоқ Шарқ ёки Марказий Осиёга экспортнинг йўлга қўйилиши келажакда катта дивидентлар келтиради, иқтисодий ва сиёсий иттифоқ пайдо бўлиши туртки бўлади, деб ўйлайман, дейди сиёсий таҳлилчи Тўқтўғул Қақчекеев.

Тожикистон собиқ иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Давлат Усмон ҳам Тожикистоннинг Божхона Иттифоқига кириши муҳимлиги ва бу авваломбор, тожик-ўзбек муносабатларида юзага келган тарангликнинг олдини олишга ёрдам беришини айтади.

- Тожикистон ҳақида гапирадиган бўлсак, бу жуда катта муҳожирлар оқими пайдо бўлишига олиб келади. Муҳожирларга иш учун нормал шароит яратилади, бу эса одамни хурсанд қилмай қолмайди. Гап шундаки, Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизини меҳнат муҳожирларидан келаётган маблағлар ташкил этади. Бошқа томондан ҳам Божхона иттифоқи шу кунда иқтисодий ва сиёсий шароити қийин бўлган Тожикистон учун фойдали. Мен бунда вагонларнинг ушлаб қолиниши ва шунга ўхшаш ҳодисалар туфайли Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида кейинги пайтда кузатилаётган тарангликни назарда тутмоқдаман. Мен Тожикистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши ортидан кўпгина масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетади, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам Тожикистон президентининг бу иттифоққа қўшилишга тайёрлигини билдиргани жуда соз бўлди, дейди Давлат Усмон.

Қозоғистонлик сиёсатчи Петр Своик Божхона иттифоқи қандай модел бўлишидан қатъий назар, унда мафкуравий босим устиворлик қилмаслиги зарурлигини урғулайди.

- Божхона иттифоқи СССРни қайта тиклаш ҳаракатими? Қай бир маънода шундай деса бўлади, чунки Совет иттифоқининг бирлашган иқтисодиёт, капитал, товарлар, одамларнинг эркин ҳаракатланиши каби ижобий жиҳатларини назарда тутсак, буни совет стереотипларини тиклаш уриниши сифатида баҳолаш мумкин. Бу ерда асосий нарса мафкурани тиқиштиришмаслик, яъни воз кечилиши лозим бўлган барча нарсадан юз ўгирилиши муҳим, дейди Петр Своик.

Қайд этиш жоизки, Қозоғистонда ҳамма ҳам мамлакатнинг Божхона иттифоқига қўшилишини ижобий қабул қилгани йўқ. Қозоқ мухолифати Қозоғистоннинг ушбу иттифоқ таркибида бўлиши мамлакатни Россия каби империяга хом ашё етказиб берувчи давлатга айлантириб қўйиши мумкинлиги юзасидан ўз хавотирларини билдириб, ўз норозиликлари ифодаси сифатида бир неча маротаба намойишлар ҳам ўтказганлар.
XS
SM
MD
LG