Линклар

logo-print

Пхенян "муқаддас уруш" бошлаши мумкинлигини билдирди


АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийларининг Япон денгизида ўқув машқлари ўтказиши Пхеняннинг жиғига тегмоқда.

АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийларининг Япон денгизида ўқув машқлари ўтказиши Пхеняннинг жиғига тегмоқда.

Шимолий Корея ҳукумати Япон денгизида якшанба куни АҚШ ва Жанубий Корея қўшинларининг режалаган кенг кўламли ҳарбий машғулотларига қарши “муқаддас уруш” бошлаш билан тахдид қилди.

Ким Чен Ир етакчилигидаги Шимолий Корея Миллий мудофаа қўмитаси ушбу ҳарбий машқлар ўтказилишини кескин танқид қилиб, унга қарши ядровий чоралар қўллаши мумкинлигини маълум қилди.

- Шимолий Корея демократик республикаси армияси ва халқи АҚШ империалистлари ва унинг қўғирчоқ Жанубий Корея қўшинларининг атайлаб вазиятни уруш ёқасига олиб келиш борасидаги уринишларига жавобан ядровий чораларга асосланган қарши ҳаракатларни бошлайди, деди Шимолий Корея телевидениеси суҳандони.

АҚШ ва Жанубий Корея қўшинларининг кенг кўламли машқлари 25 июлга режаланган. Корейс ярим оролидаги вазият эса март ойида Жанубий Корея ҳарбий кемасининг чўкиб кетиши ортидан кескинлашди.

Вашингтон ва Сеул Чхонан ҳарбий кемасининг чўктириб юборилишида Шимолий Кореяни айблади. Расмий Пхенян, ўз навбатида 46 ҳарбий ўлимига сабаб бўлган ушбу фожиага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдириб келмоқда.

Бундан икки кун муқаддам Ҳанойдаги халқаро анжуманда иштирок этаётган Шимолий Корея делегацияси вакили Ри Тонг-ил ўз давлати АҚШ ва Жанубий Корея ҳаракатларига қарши амалий чоралар қўллашга тайёр эканини билдирган эди.

- Бу Шимолий Кореяга қарши қаратилган душманчилик сиёсатнинг навбатдаги кўринишидир. Бу масалада бизни позициямиз аниқ. Жанубга қарши муносиб амалий жавоб қайтарилади, деди Ҳанойда журналистларга гапирган Шимолий Корея расмийси.

Айни пайтда Вашингтон Шимолий Корея ҳукуматини провокацион баёнотлардан ўзини тийиб туришга чақирди. АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Кроули: “биз Шимолий Корея билан сўз уруши бошлашдан манфаатдор эмасмиз ва биз расмий Пхеяндан провокацион баёнотлар ўрнига конструктив ҳаракатларни кутиб қоламиз", дея таъкидлади.

Бундан бир кун аввал журналистлар билан учрашган Филип Кроули ўтказилиши кутилаётган ҳарбий машқлардан асосий мақсад Шимолий Кореядан келаётган агрессияни бартараф этишга қаратилгани ва бу Пхенянга ҳужум қилишдан аввал тайёргарлик машғулотлари эмаслигини алоҳида қайд этиб ўтди.

- Режалаган ушбу машқларимиз, таъкидлаганимиздек, мудофаа характерига эга. Мазкур машғулотлар Жанубий Корея билан иттифоқчилигимизни урғулайди, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили.

21 июл куни Сеулга сафар қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Вашингтон Шимолий Кореяга қарши янги жазо чоралари қўллашини эълон қилди. 23 июл куни эса ЕИ ҳам яқин келажакда расмий Пхенянга нисбатан навбатдаги санкцияларни қўллаши мумкинлигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG