Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:17

Норбой Холжигитов президентга хат ёзди


Сиёсий маҳбус Норбой Холжигитов Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига ёзган хатида ўзининг конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари тикланишини сўраган.
Сиёсий маҳбус Норбой Холжигитов Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига ёзган хатида ўзининг конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари тикланишини сўраган.

Қаршидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг соғлиги ёмонлашмоқда. Бу ҳақда унинг ўзи 5 майда қамоқхонадан Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга ёзган хатида баён этган.

Қаршидаги қамоқхонада 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган Норбой Холжигитовнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга ёзган хати Озодликка унинг дўстлари орқали етиб келди.

“Мен маҳбус Холжигитов Норбой Абдурафиқович 1952 йилда туғилганман. 9 нафар фарзандим, 10 нафар набирам бор. Ҳозирги вақтда қандли диабет билан оғриганим сабабли оёғимда қон айланиш системаси бузилганлиги туфайли оёғим доимо уюшиб, яхлаб туриши туфайли юришга ҳам қийналиб қолганман. Оғзимда бирорта ҳам тишим қолмай тўкилиб кетган”, дея ўзининг очиқ хатини бошлайди ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитов.

Ўз хатида ҳуқуқ фаоли Ислом Каримовдан конституциявий ҳуқуқларини тиклашни, қайтадан суд жараёнини ўтказишни сўрайди. У мазкур хатни яширинча ёзганини ҳам айтиб ўтган.

Норбой Холжигитовнинг турмуш ўртоғи Бўригул Холжигитова эрининг хати 5 майда ёзилганига қарамай, мазкур мактуб ўз қўлига куни кеча етиб келганини айтади. Бўригул опанинг ўзи қамоқхонада ўтирган эрини бундан бир неча ой олдин кўриб келган.

- 14 майда борган эдим. Олти сутка бўлдим. Соғлиғи унчалик эмас, оёқ терилари қорайиб, ҳеч нарсани сезмайди. Кейин имконият бўлмади, борганимиз йўқ. Болницадан чиқсак, борамиз, деди Норбой Холжигитовнинг аёли Бўригул опа.

Айни пайтда эри қамоқда бўлган аёл ўтган йилнинг декабр ойидан буён 14 ёшли ўғли Шаҳзод билан касалхонада. Шаҳзодбекка саратон касаллиги ташхиси қўйилган.

- Шундан бери даволатаяпмиз. Ҳозир Тошкентда шаҳар онкология касалхонасида даволатаяпмиз. Олти ой даволанади, дейишаяпти, деди қамоқдаги Норбой Холжигитовнинг аёли.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти, Жиззах вилоят бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроев маҳбусликдаги сафдоши Норбой Холжигитовнинг хатни олиб ҳалқаро ташкилотларга тарқатганлигини айтади.

- Норбой Холжигитов қамоқдалик вақтида жуда кўплаб ташкилотларга мурожаатлар, хатлар, очиқ хатлар ёзган. Афсуски, бу хатларнинг бирортаси ҳам етиб бормаган. Бир томондан Норбой Холжигитовнинг соғлиги ёмон аҳволда бўлса, иккинчи томондан унинг уйидаги 14 яшар ўғли саратон касалига чалинганлигидир. Ота - банди зиндон, боласи - банди саратон, дейди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

Бир пайтлар Самарқанддаги “Бобур” колхозига раислик қилган Норбой Холжигитов ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мухолифатдаги "Бирлик" ҳаракати аъзоси бўлган. 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлимига раҳбарлик қилган. 2004 йили эса “Озод деҳқонлар" партиясига аъзо бўлган.

Норбой Холжигитов 2005 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон ЖКнинг 4-моддаси (139-модда, 158-модда, 159-модда, 216-модда) билан айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Ҳуқуқ фаоллари унинг сохта айбловлар билан қамалганини таъкидлаб келадилар.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев қамоқхонадаги сиёсий маҳбусларнинг соғлиги ўз ташкилотини ташвишга солаётганини қайд этаркан, бу бўйича бир қанча ҳалқаро ташкилотларга мурожаатлар қилинаётганини айтади.

- Лекин, минг афсуски, ўша ҳалқаро ташкилотлар ҳам юборган мурожаатлари президент аппаратида, Ташқи ишлар вазирлигида, Ички ишлар вазирлигида кўрилмасдан қолиб кетмоқда. Энг афсусланарли жойи мана шунда. Норбой Холжигитовнинг соғлиги борасида халқаро ташкилотларга мурожаат қилганимизда, улар Қизил Хоч ташкилотига мурожаат қилишган. Қизил Хоч ташкилоти қамоқда ётган дўстларимиз билан учрашишга ҳаракат қилган, аммо бирортаси амалга ошмаган, деди жиззахлик Бахтиёр Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG