Линклар

Қозоғистонда ўзбек қочқинларига муносабат ёмонлашмоқда


Олмаотадаги ўзбек қочқинлари шу йил апрел ойида Қозоғистон миграция қонунчилигига ўзгартишлар киритилганидан сўнг бу мамлакатдан бошпана олиш масаласи янада мураккаблашганидан шикоят қилмоқдалар.

Олмаотадаги ўзбек қочқинлари шу йил апрел ойида Қозоғистон миграция қонунчилигига ўзгартишлар киритилганидан сўнг бу мамлакатдан бошпана олиш масаласи янада мураккаблашганидан шикоят қилмоқдалар.

Қозоғистонга бошпана изловчи шахс мақомини олиш учун келган ўзбек қочқинлари ўзларининг қозоқ расмийлари томонидан босимга учраётганларини таъкидламоқдалар.

Учинчи мамлакатга чиқиб истагида Қозоғистонга вақтинча бошпана қидириб келган ўзбек қочқинларининг Озодлик мухбирига айтишича, Қозоғистон Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаменти ходимлари ўзбек қочқинларини мамлакатдан чиқариб юбориш учун турли босимлар ўтказмоқда. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Олмаотадаги ўзбек қочқинларидан бирининг айтишича, миграция департаменти ходимлари ўзбек қочқинларини интервюдан ўтказгандан кейин уларга Қозоғистондан бошпана олиш учун етарли асос йўқлигини таъкидлаб, қочқинларнинг қайд варақаларини олиб қўймоқда.

- Департамент берган регистрационний қоғози бор эди. Ўша қоғозларни интервю қилиб, сразу интервюдан кейин комиссия деб, комиссиядан кейин уч кундан кейин “отказ” деб, отказдан кейин ўша қоғозни олиб қўйяпти. Ўзи аслида буларнинг ҳаққи йўқ ўша регистрация қоғозини олиб қўйишга. Чунки аппеляция ҳам турибди, ҳаққимиз бор апеляция қилишга. Буни Остонадаги Олий суд кўради, ундан кейин отказ бўлса, ўша регистрация қоғозини олиб қўйишади, кейин биз ҳимоя сўраб БМТга мурожаат қиламиз. Йўқ, бунда қоғозни олиб қўйиб, угроза қилишаяпти: “бўлди, бор, қайтиб кетгин, ҳеч ким сени тарафингни ололмайди”, деб. “Бор, тўрт томонинг қибла, қаерга кетсанг, кетавергин”, деяпти. Сенсираб айтилаяпти-да бу нарсалар, “иди вон” деяпти, ҳалиги итни ҳайдайгандек, қўполлик билан айтаяпти, яхшилик билан тушунтирмаяпти, дейди Олмаотадаги ўзбек қочқинларидан бири.

Жорий йил апрел ойидан эътиборан Қозоғистонда бошпана изловчиларга қочқинлик мақомини бериш ёки уларни юртига қайтариб юбориш масаласини БМТнинг қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси эмас, балки Қозоғистон Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаменти ҳал қилиши ҳақида аввалги лавҳаларимизда хабар қилгандик.

Шундан сўнг Олмаотадаги ўзбек қочқинларига кўра, учинчи давлатга чиқиб кетиш учун Қозоғистондан вақтинча бошпана олиш ниятида келган қочқинларнинг вазияти анча оғирлашган, уларга нисбатан қозоқ расмийлари томонидан босим ва тазйиқлар кучайган.

- Исмларини айтмайман, бир кишини олиб кириб қўйди. Ўн кун срок қўйди, “ўн кун ичида Қозоғистондан чиқиб кетгин, бўлмаса, депорт қилдириб юборамиз”, деб. Яна бир аёлга,у ҳам ўзбекистонлик қочқин, 10 августгача срок беришган. “Чиқиб кетгин Қозоғистондан, бўлмаса, қаерда бўлсанг ҳам ушлаб, топшириб юборамиз Ўзбекистон СНБларига” деб угроза қилишган, дейди ўзбек қочқини.

Олмаотада ўзбек қочқинларига нисбатан Қозоғистон Меҳнат вазирлиги қошидаги миграция департаменти ходимлари томонидан тазйиқ ўтказилаётган борасида изоҳ олиш уринишларимиз самара бермади. Бу идорага қўнғироқ қилганимизда Озодлик мухбири саволларига жавоб берадиган расмий йўқлигини айтишди.

Айни пайтда Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари масаласи билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқ фаоли Денис Живаго қочқинларга ҳеч ким босим ўтказмаётганини айтади.

- Мен кеча комиссияда бўлдим, у ерда миграция департаментидаги расмийлардан кўпчилик ўзбек қочқинлари Туркияга кетиш ниятини билдираётганини эшитдим. Бу миграция департаментининг ташаббусими ёки қочқинларнинг ўзларидан чиққан ташаббусми – бунисидан бехабарман. Менда ўзбек қочқинларини кетишга мажбурлашаётгани ҳақида маълумот йўқ, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Эслатиб ўтамиз, июн ойида Олмаотада ўттизта ўзбек диндор қочқини маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ва махфий хизматлари томонидан қўлга олинганди. Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ва бош прокуратураси сўровномасига биноан Қозоғистон томонидан қўлга олинган бу кишилар Ўзбекистонда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари бу ўттиз диндор қочқинга нисбатан Ўзбекистон томонидан билдирилаётган айбловлар сохталаштирилганини таъкидлаб келмоқдалар. Олмаотадаги тергов изоляторида сақланаётган бу қочқинларнинг шу кундаги аҳволи, уларнинг қандай шароитда сақланаётгани жамоатчиликка номаълумлигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG