Линклар

Ўшда ЕХҲТ фаолиятига қарши намойишлар ўтмоқда

  • Озодлик

ЕХҲТ нинг Ўшдаги идораси олдида душанба куни тўпланганлар нафақат полиция маслаҳатчилари гуруҳи киритилишига қарши чиқдилар¸ балки ЕХҲТ нинг Қирғизистондан бутунлай чиқиб кетишини ҳам талаб қилдилар.

ЕХҲТ нинг Ўшдаги идораси олдида душанба куни тўпланганлар нафақат полиция маслаҳатчилари гуруҳи киритилишига қарши чиқдилар¸ балки ЕХҲТ нинг Қирғизистондан бутунлай чиқиб кетишини ҳам талаб қилдилар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо 56 давлат расмийлари Ўш ва Жалолободдаги вазиятни юмшатиш мақсадида минтақага ўз полиция маслаҳатчилари гуруҳини юборишга қарор қилганига қарамай¸ Ўшда бундай кучлар киритилишига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.


26 июл куни бўлиб ўтган навбатдаги шундай норозилик тадбирини ҳозирда Ўшда бўлган мухбиримиз Сарвар Усмон бевосита кузатди.


Сарвар Усмон:
Бугун 26 июл¸ душанба куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўшдаги ваколатхонаси биноси олдига 100-150 киши атрофида норозилар келишди. Улар қирғиз миллатига мансуб эркак ва аëллар эди. Улар ЕХҲТ нинг Ўшдаги ваколатхонаси ходимларининг Ўшдан чиқиб кетишини¸ ҳамда шу ташкилотнинг қарори билан Қирғизистон жанубига киритилиши режалаштирилган халқаро полиция кучларининг киритилмаслигини талаб қилишди. Норозиларнинг қўлларида шу талаблар битилган шиорлар бор эди. Биз шу воқеага муносабат билдиришини сўраб ваколатхонанинг бошлиғи билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлдик. У киши бизни қабул қилмади ва муносабат билдиришни истамади. Лекин талаблардан бири халқаро полиция кучлари киритилишини истамаëтганликларинигина тасдиқлади.

Зебунисо: Мана Прага вақти билан соат 10.00 да сиз ЕХҲТ ваколатхонаси биносининг олдида турибсиз. Намойишчилар тарқаб кетдими бу пайтгача?

Сарвар Усмон: Тарқаб кетди. Норозилар келган пайтда милиция ходимлари ҳам етиб келган эди. Улар келгунича булар тарқаб кетишди. Улар кейин қаëққа кетганини кузатишнинг иложи бўлмади. Мен ваколатхона бошлиғи билан гаплашишга ҳаракат қилаëтганим боис норозилар ҳаракатини кузата олмадим. Улар Ўш шаҳар мэрияси томонга кетишди¸ деган гапларни эшитдим. Чиндан ҳам ўша ëққа кетишдими йўқми¸ билмайман.

Шу ўринда Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзакматовнинг шу борадаги позициясини билдириб ўтмоқчиман. Бундан уч-тўрт кун муқаддам Ўшга халқаро полиция кучларининг киришига муносабат сўраганимизда¸ у киши “Ўшликларнинг кўпчилиги бундай полиция кучларининг Ўшга киритилишига қарши. Шаҳар мэри сифатида кўпчилик томонида бўлиш менинг бурчим. Мен ҳам шаҳарликларга қўшилиб уларнинг киришига қаршиман” деган гапни айтган эди. Мен “Президент розилик билдирган. Охир-оқибат қарор қабул қилиниб улар киритилса¸ ҳамкорлик қиласизми?” десам¸ “Ҳамкорлик қилишга мажбурман” деб жавоб берган эди Ўш мэри.

Зебунисо: Ҳозиргина сиз билан гаплашиб турган пайтда Ўшдан бир хат келди бизга. У ерда “Бугун ЕХҲТ биноси олдида халқаро полиция кучлари кирмасин¸ деган мазмунда норозилик намойиши ўтказилиши муносабати билан қирғиз ҳарбийлари Ўшдаги ўзбек маҳаллаларига кириб¸ одамларни қўрқитиб “Ўзбеклар ҳам норозилик митингига чиқади. Улар ҳам халқаро полиция кучлари кирмасин” деган шиорлар кўтариб чиқади¸ деб мажбур қилаяпти. Мен ҳозир сизларга ўзбек маҳаллалари¸ ўзбеклар номидан ëзаяпман. Булар бу хабарни зудлик билан шу ташкилотга ва оммавий ахборот воситаларига етказишимни сўраяпти” деб ëзибди. Суҳбат бошида “норозиликка чиққанларни қирғиз эркаклар ва аëллар” дедингиз. Демак¸ у ерда ўзбеклар кузатилмади. Сизга ҳарбийларнинг қурол билан ўзбекларга “Сен ҳам норозиликка чиқ” деган мазмунда дағдаға қилганига оид шикоятлар бўлмадими?

Сарвар Усмон: Бугун сафаримизнинг охирги куни эди. Июн воқеаларининг оқибатларини ўрганаëтган баъзи бир ташкилотлар билан боғланиб улардан информация олишга ҳаракат қилдик шаҳар марказида. Шунинг учун бугун маҳаллаларга бора олганимиз йўқ. Ўша ўшлик ëзган хатни на тасдиқлай оламан¸ на инкор эта биламан. Афсуски¸ бу ҳақда менда информация йўқ.

Зебунисо: Сиз ўзингиздан келиб чиқиб намойишга чиққанлар орасида “ўзбеклар йўқ эди” дейиш мумкинми?

Сарвар Усмон: Йўқ эди¸ дейиш мумкин.

Зебунисо: Бизга ўзбеклардан келаëтган шарҳлар¸ хатлар¸ қўнғироқларга қараганда айнан ўзбек маҳаллалари Мелис Мирзакматовдан фарқли ўлароқ¸ шунақа кучлар киритилишини кутишаяпти¸ дейиш мумкин. Сизга ҳам шунга ўхшаган фикрлар билдирилдими ўзбеклар билан суҳбатлар давомида?

Сарвар Усмон: Шуни айтиш керакки¸ ўзбекларнинг жуда кўпчилиги телевизор кўрмай қўйган¸ газета ўқимай қўйган. Жуда тушкун аҳволда. Лекин анча-мунча дунëдан хабари борлари халқаро полиция кучларининг киритилиши ҳақидаги хабарни эшитган ва улар умидларини мана шу кучларга боғлаб келишаëтганини айтишаяпти.

Уларнинг фикрича¸ халқаро полиция кучлари кирадиган бўлса¸ ҳуқуқ-тартибот органларининг баъзи ходимларининг зўравонликлари бироз пасайиши мумкин. Улар шунга умид қилишаяпти.

Эслатма: 22 июл куни ЕХҲТ га аъзо 56 давлат вакилларидан иборат ташкилот Доимий кенгаши Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева сўрови асосида мамлакат жанубига 52 кишилик полиция маслаҳатчилари миссиясини юбориш ҳақида қарор қабул қилди. Бу миссиянинг айнан қачон Ўш ва Жалолободга бориб фаолият бошлаши қарорда айтилмаган бўлса-да¸ ташкилот матбуот котиби Озодлик билан суҳбатда бу жараëннинг аллақачон бошлангани ва 1 августга қадар миссиянинг илк гуруҳи минтақага етиб бориши кутилаëтганини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG