Линклар

Россия махсус хизматлари ваколати янада кенгайди


Россия президенти Дмитрий Медведевга кўра, Федерал хавфсизлик хизмати ваколатларини кенгайтирувчи қонун шахсан унинг буйруғига биноан парламентга тақдим этилган.

Россия президенти Дмитрий Медведевга кўра, Федерал хавфсизлик хизмати ваколатларини кенгайтирувчи қонун шахсан унинг буйруғига биноан парламентга тақдим этилган.

Россияда Давлат Думаси қабул қилган қонунга мувофиқ, Федерал хавфсизлик хизмати ходимларининг шундоқ ҳам катта ваколатлари янада кучаяди. Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари бу қонун Россия ҳукуматининг демократиядан тобора оғиб боришида навбатдаги қадам бўлишини айтмоқдалар.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари янги ваколатларга эга бўлдилар.

26 июл куни Россия парламенти депутатлари ëзги таътилга кетиш олдидан бу ҳақдаги қонун лойиҳасини қабул қилдилар. Учинчи ўқишда маъқулланган бу қонунга мувофиқ, ФХХ агентлари “ишига халақит берганлик учун" оддий фуқароларни 15 кунга қамашлари ёки 500 рублдан 1000 рублгача жаримага тортишлари мумкин.

Қонунда хавфсизлик хизмати ходимларининг бу ваколатдан айнан қайси шароитда фойдаланиши мумкинлиги аниқ белгилаб берилмаган. Айрим мустақил ҳуқуқшунослар бу ўзгаришларни Россияда демократик жамиятдан яна бир қадам орқага силжиш, деб таърифламоқда.

Россиянинг энг йирик партияларидан бири ҳисобланмиш ЛДПР лидери Владимир Жириновский, аксинча, бу ваколатларнинг жорий қилиниши оддий фуқароларга салбий таъсир этмаслигини билдирди:

- Биз ФХХ тўғрисидаги қонунга бир қатор ўзгартишлар киритдик. Унинг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Бу ҳеч қанақасига оддий фуқароларнинг ҳаёти учун хавф туғдирмайди. Гап хавфсизлик хизмати ходимининг жиноят содир этишга мойил шахсларга огоҳлантириш бериш эҳтимоли ҳақида кетаяпти. У огоҳлантиради, холос, жиноий иш эса очилмайди, деди ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский.

Россия жамоатчилигида ушбу ўзгартишлар оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Германия канцлери Ангела Меркел билан бўлаётган матбуот анжуманида журналистлардан бири ФХХ ваколатлари кенгайтирилишига доир кўтарган саволига жавобан Россия президенти Дмитрий Медведев шундай жавоб қайтарди:

- Ҳар бир мамлакат ўз қонунчилигини такомиллаштириш ҳуқуқига эга, шу жумладан, махфий хизматлар бўйича ҳам. Ва биз бу ишда давом этамиз. Мазкур қонун лойиҳаси бевосита менинг буйруғимга биноан парламентга тақдим этилган. Қолаверса, бу бизнинг ички қонунчилигимиз, унинг халқаро актларга дахли йўқ, деди бу ўзгартишлар қатъият билан ва бевосита ҳукумат назорати остида амалга оширилаётганини таъкидлаган Россия президенти Дмитрий Медведев.

Қизиғи шундаки, бу савол Ангела Меркелга берилган эди.

Федерал агентларга бундай ваколатлар берилишидан 1 йил олдин бир гуруҳ шахслар пневматик тўппончалар орқали 6 нафар фуқарони яралаган эди. Улардан бири ФХХ агенти экани аниқлангач, ҳукумат бу шахсларга қарши жиноий иш қўзғатилишига қарши чиқди.

Янги қонунга биноан, ўқ теккан 6 киши ФХХ офицерига қаршилик кўрсатгани учун қамоққа ўтказилиши зарур.

Россиядаги Инсон ҳуқуқлари институти директори Валентин Гефтер фикрича, бу қонун лойиҳасининг киритилиши аввало қудратли ФХХ муассасасининг Давлат Думасидаги тарафдорлари тазйиқи остида амалга оширилган:

- Мен шуни айтмоқчиманки, бу ўзгартишлар қонун чиқарувчи эмас, балки ижроия органининг ташаббусидир. Мана нима учун бу қонун бу қадар тезлик билан парламент ўқишларидан ўтиб кетди. Бусиз ҳам кенг имкониятларга эга хавфсизлик хизматини айни кунда қўшимча ваколатлар билан таъминлаш нима учун зарур бўлиб қолганини ФХХ раҳбарларининг ўзлари ҳам тушунтириб беришгани йўқ. Биз парламент ва ҳукумат олдига савол қўйдик: охирги йил ёки ой ичида қандай ҳодиса рўй бердики, ФСБ ваколатларини кенгайтириш зарурати туғилди? Ҳозирча бу саволга бирор жўяли жавоб ололганимиз йўқ¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Валентин Гефтер.

Инсон ҳуқуқлари институти директори Валентин Гефтернинг таъкидлашича, бу ўзгартишлар амалий кучга эга эмас ва фақатгина одамларни қўрқитишга қаратилган, холос.

- Мазкур қонунлар биринчи навбатда мухолифатга қарши қаратилган. Улар мустақил фикрловчи одамлардан қўрқади. Шу сабабли бошқа ҳеч қаерда йўқ бундай даҳшатли қонунни қабул қилишди, дея ўз муносабатини билдирди “Солидарност” ҳаракати раҳбари¸ мухолифатчи Борис Немцов.

Freedom House ташкилотининг тадқиқотлар директори Кристофер Уокер фикрича эса, бу каби қонунларнинг қабул қилиниши Россияда инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида жиддий салбий ўзгаришлар содир бўлаётганидан даракдир:

- Жаноб Медведевнинг ҳокимият тепасида анчадан буён турганини ҳисобга олсак, биз унинг сўнгги пайтларда ислоҳотлар зарурлиги, коррупцияга қарши кураш тўғрисида жуда кўп гаплар гапирганининг гувоҳи бўлдик. Бошқа томондан эса мутахассисларимиз бераётган анализлар амалда жиддий ислоҳотлардан мутлақо дарак йўқлигини билдирмоқда. Бундан "нутқ мазмуни ўзгарди, ҳокимият тамойиллари ва шаклида ўзгаришлар кўринмаётир", деган хулоса чиқади. Бунга мисол тариқасида ФХХ тўғрисидаги қонунни олсак бўлади. Шунинг учун бу Россия жамиятида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар ва эркин яшашни истовчилар учун огоҳлантириш. Сўнгги пайтларда Россия суд тизимига ишончи қолмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига қилган мурожаатлари сони ошиб бораётганини ҳам ижобий баҳолаб бўлмайди, деди Freedom House ташкилотининг тадқиқотлар директори Кристофер Уокер.

The Moscow Times газетасининг ёзишича, “замонавий мамлакатларнинг ҳеч қайсисида алоҳида одамлар гуруҳи бошқаларга нисбатан кўпроқ ваколатларга эга бўлиши қонунда белгиланмаган”.

29 июл куни Россия президенти Дмитрий Медведев жамоатчилик қаршилигига қарамасдан, Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати ваколатларини кенгайтирувчи қонунга имзо чекди.
XS
SM
MD
LG