Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:38

ЕИ қирғин бўйича халқаро текширув ўтказишга чақирди


Ўшга қилган сафари давомида Германия ва Франция Ташқи ишлар вазирлари жабрланган ўзбеклар билан ҳам учрашиб¸ улар аҳволини бевосита кўриб қайтган эди.
Ўшга қилган сафари давомида Германия ва Франция Ташқи ишлар вазирлари жабрланган ўзбеклар билан ҳам учрашиб¸ улар аҳволини бевосита кўриб қайтган эди.

Июн ойида Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган хунрезликларга расмий баҳо берган Европа иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Бишкек ҳукуматини Қирғизистон жанубида ўзбекларга нисбатан бораëтган тазйиқларни тўхтатиш ва қирғин юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга даъват қилди.

26 июл куни Брюсселда Европа иттифоқига аъзо давлат Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғини бўлиб ўтди.

Мазкур йиғин якунида ЕИнинг Ташқи ишлар бўйича кенгаши Қирғизистон бўйича ўз хулосаларини эълон қилди.

- Кенгаш Қирғизистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича референдумнинг муваффақиятли ўтказилганини мамлакатда демократик тизимлар ҳамда қонун устиворлигини қарор топтиришга қаратилган жараëндаги муҳим қадам сифатида олқишлайди. Кенгаш, шунингдек, Қирғизистон ҳукуматини кузда ўтказилиши режаланган парламент сайловлари арафасида ЕХҲТ томонидан килинган тавсияларни ҳаётга тадбиқ этишни бошлашга чақиради. ЕИ ушбу жараёнда Қирғизистон ҳукуматига ёрдам беришга тайёр¸ дейилади кенгаш хулосаси муқаддимасида.

Европа иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари маъқуллаган хулосалар ана шундай некбин фикрлардан бошланиб¸ хулосалар давомида асосий эътибор халқаро ҳамжамиятни ташвишга солиб турган мамлакат жанубидаги вазиятга қаратилган.

- Шунга қарамай¸ ЕИ Кенгаши, Қирғизистон жанубидаги вазият ҳануз қалтислигича қолаётгани ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари ва маҳаллий ўзбекларга қарши давом этаётган тазйиқларга оид хабарлардан жиддий ташвиш билдиради. Кенгаш Қирғизистон ҳукуматини мамлакат аҳолисини камситилиш ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш¸ ўзаро миллий ярашув жараёнини бошлаш ҳамда мамлакат бўйлаб қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари таъминланишида барча имкониятларни ишга солишга ундайди. ЕИ Кенгаши, шунингдек Қирғизистон жанубига халқаро полиция миссиясини киритиш борасида ЕХҲТ ва Бишкек ўртасида эришилган келишувни олқишлайди¸ дейилади иттифоқ Ташқи ишлар вазирлари хулосаси давомида.

- Бундан ташқари Кенгаш июн ойидаги зўравонликлардан сўнг турар жойларини ташлаб кетган фуқаролар ва қисқа муддат Ўзбекистонда қочқин бўлиб, кейинчалик уйларига қайтиб келган фуқаролар тақдиридан жиддий ташвиш билдиради. ЕИ мутассадилари Қирғизистон ҳукумати расмийларини халқаро ҳамжамият ёрдамида зўравонликлардан жабр кўрган фуқаролар, жумладан уйсиз қолган ва реабилитацияга муҳтож шахсларга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатиш ва улар хавфсизлигини таъминлашга чақиради¸ дейилади Қирғизистон бўйича Брюсселда қабул қилинган хулосада жумладан.
.
ЕИ Кенгаши, ўз хулосаси давомида Ўш шаҳри ва Жалолобод вилояти аҳолисига инсонпарварлик ёрдами етказиб берган давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳаракатларини олқишлади¸ айни пайтда қирғиз раҳбарларини қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирди.

-Қирғизистон жанубида рўй берган қонли тўқнашувлар сабабларини ўрганиш минтақада тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ишонч равнақ топиши йўлидаги асосий талаблардан биридир. ЕИ Кенгаши Қирғизистон раҳбариятининг ушбу хунрезликлар юзасидан текширув ўтказиш ташаббусини эътироф этган ҳолда Қирғизистон ҳукуматини июн ойидаги қонли воқеалар юзасидан ишончли, шаффоф ва халқаро талабларга мос тарзда текширув ўтказишга ундайди. Бундан ташқари Кенгаш Қирғизистон ҳукумати уринишларини тўлдиришга қаратилган халқаро текширув ўтказилишига ҳар томонлама ëрдам кўрсатишга тайëр ва бу халқаро текширувнинг июн воқеалари гувоҳлари ҳамда бу воқеаларга оид ашëвий далиллардан тўлиқ фойдалана олишига умид билдиради¸ дейилади хулосалар давомида.

26 июл куни эълон қилинган хулоса якунида эса ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Қирғизистон, жумладан мамлакат жанубидаги воқеалар ривожини кузатишда давом этажаклари ва бу борадаги ўз ҳаракат ҳамда қарорларини ЕХҲТ, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан мувофиқлаштиришларини алоҳида таъкидлаганлар.

Мазкур хулосалар¸ Европа иттифоқининг Қирғизистон жанубидаги миллий низо бўйича эълон қилинган илк қўшма баëнотидир. Бундан аввал иттифоқнинг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Эштон хоним бу воқеалар борасида бир неча бор баëнот берган¸ аммо Ўш ва Жалолободдаги воқеаларга иттифоқнинг муштарак баҳоси эълон қилинмаган эди.

Бундан икки ҳафтача аввал ЕИ га аъзо Германия ва Франция Ташқи ишлар вазирлари Қирғизистон¸ хусусан Ўшга сафар қилиб¸ у ердаги вазият билан бевосита танишиб қайтган эди.
XS
SM
MD
LG