Линклар

ЕИ Эронга қарши янги санкциялар жорий қилди


Европа иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Кэтрин Эштон ЕИнинг Эронга қарши санкциялари БМТ Хавфсизлик кенгаши талабларидан кенгроқ қамровга эга эканини таъкидлади.

Европа иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Кэтрин Эштон ЕИнинг Эронга қарши санкциялари БМТ Хавфсизлик кенгаши талабларидан кенгроқ қамровга эга эканини таъкидлади.

Европа иттифоқига аъзо давлат Ташқи ишлар вазирларининг 26 июл куни Брюсселда ўтган учрашувида Эронга қарши янги санкциялар жорий қилиш масаласида қарор қабул қилинди.



Брюсселдаги учрашувда ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Эронга қарши янги санкциялар қўллаш таклифини маъқулладилар.

Учрашувдан кейин сўзлаган иттифоқнинг ташқи сиëсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон янги санкциялар Эроннинг ядровий дастурига қарши қаратилганини таъкидлади.

- Бу чоралар кенг кўламли ва аниқ мақсадга қаратилган. У барча соҳани, жумладан, энергетика соҳасини ҳам ўз ичига олади. Янги санкциялар БМТ Хавфсизлик кенгаши талабларидан кенгроқ қамровга эга, аммо у айни мақсадни кўзлаган. Бу чоралар Эроннинг ядровий дастурига бевосита ва билвосита алоқадор бўлган одамлар, ширкатлар ва соҳаларни ўз қамровига олган, деди Европа иттифоқи мутасаддиси Кэтрин Эштон.

Ўз навбатида, 26 июл куни Брюсселда сўзлаган Германия ташқи ишлар вазири Гуиде Вествелле ЕИнинг янги санкциялари Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймасликка қаратилганини айтди.

- Бундай санкциялар жорий қилиниши маҳсулот экспорт қилувчи давлатлар учун яхши эмас албатта. Бу биз учун ҳам яхши эмас. Аммо энг ёмони, Эрон ядровий қуролга эга бўлиши учун имконият яратиб беришдир. Янги санкциялар қанча зарар келтириши ҳақида гапираётганлар узоқни кўра олмаяптилар. Агар Эрон ядровий қуролга эга бўлса, бу қанчага тушиши мумкинлигини улар тасаввур қилишлари керак, деди Германия Ташқи ишлар вазири Гуиде Вествелле.

Айни пайтда Канада ҳам Эронга қарши янги санкциялар жорий қилди. Бу чора Эрон билан савдони камайтириш, Эрон банклари билан шартномалар имзоламаслик, шунингдек, Эроннинг нефт ва газ соҳаларига сармоялар ётқизмасликни назарда тутган.

26 июл куни АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Молия вазири Тимоти Гайтнер Европа иттифоқи ва Канада Эронга қарши янги санкциялар жорий қилганини олқишлади.

Халқаро атом энергияси агентлигидаги Эроннинг вакили Али Ашғар Султоний Теҳрон ядровий ёнилғи алмашиш борасида олиб борилган музокараларга “ҳеч қандай шартсиз” қайтишга тайёрлигини билдирди.

Айни пайтда¸ Брюссел йиғини иштирокчилари Сербия ва Косово ўртасида боши берк кўчага кириб қолган музокараларни қайта бошлашда ЕИ воситачилик қилиши мумкинлигини билдирди.

Европа иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон икки давлат ҳукуматларига Европа иттифоқининг бўлажак аъзолари сифатида бевосита мулоқотга киришишни сўраганини айтди.

- Биз Приштина ва Белградга икки мамлакат келажаги Европа иттифоқи билан бирга бўлишини таклиф қилдик. Мен бу ҳақда президент Тадич ва бош вазир Тачи билан гаплашдим. Биз келажакка интилишимиз учун улар ўртасида диалог бўлиши лозим. Бизнинг таклифимиз шу. Мен уларнинг олдинга қадам ташлашни хоҳлаб, музокаралар бошлашига умид қиламан, деди Кэтрин Эштон.

Европа иттифоқи Сербия ва Косовонинг Иттифоққа аъзо бўлиши кафолатланганини анча вақтдан бери айтиб келмоқда.

Ўтган ҳафта БМТнинг Ҳаагадаги Халқаро адолат суди Косово ҳукуматининг 2008 йилда ўлка мустақиллигини эълон қилиш тўғрисидаги қарори халқаро қонунларга зид эмас, деб топган эди. Эштон хоним Халқаро адолат судининг қарори аниқ ва равшан эканини айтди.

Европа иттифоқи вазирлари йиғилишида Босния-Ҳерцеговина раҳбарлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
XS
SM
MD
LG