Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:38

Ўш ва Жалолобод воқеаларини ўрганувчи жамоатчилик гуруҳи тузилмоқда


Қирғизистон омбудсменига кўра, Ўш воқеалари бўйича ташкил этилажак жамоатчилик комиссияси ҳукумат комиссиясига алтернатив хулосаларни тақдим этиши кутилмоқда.
Қирғизистон омбудсменига кўра, Ўш воқеалари бўйича ташкил этилажак жамоатчилик комиссияси ҳукумат комиссиясига алтернатив хулосаларни тақдим этиши кутилмоқда.

Қирғизистонда 2010 йил июн ойида мамлакат жанубида содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича жамоатчилик комиссияси тузилади. Бу ҳақда 27 июл куни Бишкекда бўлиб ўтган давра суҳбати чоғида мазкур комиссияни тузиш ташаббускори Омбудсмен Турсунбек Акун билдирди.


Қирғизистон Омбудсменига кўра, мазкур комиссия жанубда содир бўлган воқеалар бўйича муқобил ва мустақил баҳо бериши керак. Унга Омбудсмен аппарати, ноҳукумат ташкилотлар ходимлари, ёшлар, маданият арбоблари, расмийлар ҳамда Қирғизистон халқлари ассамблеяси вакилларининг киритилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Турсунбек Акуннинг айтишича, Ўш ва Жалолободдаги воқеаларни текшириш бўйича комиссияга халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам кузатувчи сифатида киритилади. Омбудсмен айни пайтда комиссияга ўз вакилларини киритиш таклифи билан Муваққат ҳукуматга ҳам мактуб юборилган.

Аввалроқ Қирғизистон муваққат ҳукумати июн воқеалари сабаб ва оқибатларини текшириш бўйича миллий комиссия ташкил қилиб, унга таниқли сиёсатчи Абдуғани Эркабоевни раис этиб тайинлаганди. Айни пайтда бу комиссия ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Шунингдек, 16 июл куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева Ўш ва Жалолободдаги воқеалар бўйича чет эллик экспертлар ва халқаро ноҳукумат ташкилотлари вакилларидан иборат халқаро комиссия тузилиб, унга ЕХҲТ парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Киммо Килюнен бошчилик қилиши ҳақида билдирган эди.

- Бугунги кунда биз халқаро текширув ўтказмаслигимиз мумкин эмас. Биз икки этник жамоага (қирғизлар ва ўзбеклар) мазкур воқеалардан сабоқ олишига ёрдам берадиган хулосалар чиқариб олишимиз лозим, деган эди Роза Ўтунбаева.

Қирғизистон президентининг мазкур қарори ўшлик ва жалолободлик оддий аҳоли ҳамда айрим халқаро ташкилотлар томонидан олқиш билан кутиб олинган.

“Қирғизистон ҳукуматининг мустақил халқаро текширув ўтказишга розилик бериши олға қараб ташланган жиддий қадам бўлиб ҳисобланади. Эндиликда бу комиссия иши самарали бўлиши учун унинг етарли даражада салоҳият, ваколат ва имкониятларга эга бўлишига ишонсак бўлгани”, дейилади Ўтунбаеванинг халқаро комиссия тузиш ҳақидаги қарорини олқишлаган Human Rights Watch халқаро ташкилоти баёнотида.

Айни шундай¸ 27 июл куни Брюсселда тўпланган Европа иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари ҳам Қирғизистон Ўтиш даври президентининг Ўш ва Жалолободдаги қирғин бўйича мустақил халқаро текширув ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаганини олқишлади.

- Қирғизистон жанубида рўй берган қонли тўқнашувлар сабабларини ўрганиш минтақада тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ишонч равнақ топиши йўлидаги асосий талаблардан биридир. ЕИ Кенгаши Қирғизистон раҳбариятининг ушбу хунрезликлар юзасидан текширув ўтказиш ташаббусини эътироф этган ҳолда Қирғизистон ҳукуматини июн ойидаги қонли воқеалар юзасидан ишончли, шаффоф ва халқаро талабларга мос тарзда текширув ўтказишга ундайди.

Бундан ташқари Кенгаш Қирғизистон ҳукумати уринишларини тўлдиришга қаратилган халқаро текширув ўтказилишига ҳар томонлама ëрдам кўрсатишга тайëр ва бу халқаро текширувнинг июн воқеалари гувоҳлари ҳамда бу воқеаларга оид ашëвий далиллардан тўлиқ фойдалана олишига умид билдиради¸ дейилади ЕИ Ташқи масалалар Кенгашининг 26 июл куни Қирғизистон бўйича ҳозирлаган хулосасида.

Аммо Қирғизистонда Ўш ва Жалолобод воқеалари халқаро комиссия томонидан текширилишига қарши бўлган кишилар, шу жумладан, маҳаллий расмийлар ҳам бор. Улар июн ойида Ўш ва Жалолободда содир бўлган воқеалар Қирғизистоннинг ички иши эканини айтиб, бу иш билан қирғиз расмийларининг ўзлари шуғулланишлари лозимлигини таъкидлашдан чарчамаяптилар.
XS
SM
MD
LG