Линклар

Сўғдда жамоатчилик ташкилотлари ёпилмоқда


Тожикистонда фаолияти тўхтатилган жамоатчилик ташкилотлари вакилларига кўра, улар қаровсиз болаларни тарбиялаш билан шуғулланган.

Тожикистонда фаолияти тўхтатилган жамоатчилик ташкилотлари вакилларига кўра, улар қаровсиз болаларни тарбиялаш билан шуғулланган.

Тожикистон Адлия вазирлигининг қарорига биноан мамлакатда турли диний оқимларни тарғиб қилувчи олтита ташкилот фаолияти тўхтатилди. Вазирлик қарорида айтилишича, мазкур ташкилотлар Давлат тили ҳақидаги қонунни бузганликда ва ноқонуний мактаб ташкил этганликда ҳам айбланган.

Расмий маълумотга кўра, Сўғд вилояти ҳудудида фаолияти расман тўхтатилган “Дасти мадад” (Ёрдам қўли) ва “Ҳаёти жавонон” (Ёшлар ҳаёти) жамоатчилик ташкилотлари 2010 йили давлат қайдидан ўтиш учун сўралган ҳужжатларни вазирликка тақдим этишдан бош тортган. Бу борада Сўғд вилоят адлия бошқармаси жамоатчилик ташкилотларини қайдга олиш бўлими масъули Дилафруз Тожибоева овозини эшиттирмаслик шарти билан гапириб берди.

“Аслида Сўғд вилоятидаги иккита жамоатчилик ташкилоти (нодавлат ташкилотлари айни пайтда Тожикистонда шундай деб номланади – таҳр.) республикадаги мавжуд Қонунларга зид фаолият юритганлиги учун ноқонуний, деб топилди. Шунингдек, мазкур ташкилотлар рахбарлари Тожикистон Жиноят Кодексининг уч моддаси - турли диний оқимларни тарғиб этганлик, Давлат тили ҳақидаги қонунга зид фаолият юритганлик ва ноқонуний мактаб очганликда айбланмоқдалар. Бу борада аллақачон вазирлигимиз кенгашининг қарори чиқди. Улар 2010 йилдан бошлаб, республика ҳудудида фаолият юритиш ҳуқуқига эга эмас”, деди Сўғд вилоят адлия бошқармасининг жамоатчилик ташкилотларни қайдга олиш бўлими масъули Дилафруз Тожибоева.

Бошқарма масъулининг сўзларига кўра, бу ташкилотлар қайта давлат қайдидан ўтиш учун зарур бўлган ҳужжатларни нима учун тақдим этмаганларини изоҳламаганлар.

“Дасти мадад” жамоатчилик ташкилотининг юристи Александра Колесникова эса қайдга олишдаги муаммони ўзлари эмас, балки давлат идораларидаги бюрократизм яратаётганини айтади. Унинг айтишича, ўн бир йил давомида фаолият юритиб келган ташкилот асосан кўчада санғиб юрган ва қаровсиз қолган болаларни ўз бағрига олиб, тарбияларди. Улар ётоқхона, кийим-кечак билан таъминланган эди. Муҳими эса, болалар учун махсус мактаб ташкил этилган эди.

- Ачинарлиси шундаки, бу билан бизнинг иккинчи ташкилотимиз мана шундай айблар асосида ёпилмоқда. Четдан қараганда, вилоятдаги айрим расмийлар мана шундай ташкилотлар яратилишини кутиб тургандек туюлади.Ташкилот тўла қувват билан фаолият юрита бошлагач, турли баҳоналар билан ёпилиб, давлат ихтиёрига ўтказилмоқда. Айни пайтда илгариги “Сарчашма” ташкилотимиз номи ўзгартирилиб, бинойидек ишламоқда. Фақат уларга давлат мулозимлари раҳбарлик қилмоқда, деди Александра Колесникова.

Колесникова хонимнинг сўзларига кўра, расмий қайддан ўтган жамоатчилик ташкилотларни қайтадан қайдга олиш ёки бошқа турли баҳоналар билан улар фаолиятини чеклаш халқаро меъёрларга зиддир. Расмий маълумотларга кўра, Сўғд вилоятида шу кунгача олтита жамоатчилик ташкилоти фаолияти тўхтатилган.

Таҳлилчилар фикрича, қўшни Қирғизистондаги воқеалар республика ҳукумати раҳбарларини анча сергаклантириб қўйган, шу боис тожик жамиятида янги пайдо бўлаётган барча ташкилотлар устидан назорат кун сайин кучайиб бормоқда.

- Қирғизистонда бўлиб ўтган ҳокимият тўнтариши ҳамда Ўш ва Жалолободдаги даҳшатли воқеалар наинки Тожикистон, балки бутун Марказий Осий давлатлари раҳбарларини ташвишга солиб қўйди. Бундан ташқари, сўнгги икки-уч йил ичида динимиз, мазҳабимизга бегона бўлган оқимлар, ақидалар жамиятимизга шиддат билан кириб келмоқда. Бу ёт ақидалар бир кун келиб мамлакатдагги вазиятни беқарорлаштириши мумкинлиги ҳақида ҳам кўп гапирилмоқда. Ана шу нақтаи назардан, давлат бу “ёт унсур”ларни жамиятимиздан йироқлаштириш мақсадида ҳам шундай йўл тутмоқда, дейди таҳлилчи Баҳрулло Асилзода.

Таҳлилчининг сўзларига кўра, Тожикистон хавфсизлиги ҳам кўнгилдагидек эмас. Шунинг учун ҳам республика куч ишлатар тизимлари, мана бир ойдирки, шай ҳолатга келтирилган. Айни замонда чегаралар, вилоятлар ва Душанбе шаҳрида милиция вакилларидан ташқари Мудофаа вазирлигининг автоматлар билан қуролланган аскарлари кўча-куйларда посбонлик қилмоқда.
XS
SM
MD
LG