Линклар

Тожикистон минтақадаги энг камбағал давлат деб топилди

  • Гулнора Равшан

Тожикистоннинг Рудакий туманига қарашли Алибой қишлоғида яшовчи Майрам Абдуназарова оиласи ҳар куни нону чою қанд билан нонушта қилади.

Тожикистоннинг Рудакий туманига қарашли Алибой қишлоғида яшовчи Майрам Абдуназарова оиласи ҳар куни нону чою қанд билан нонушта қилади.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Статистик маълумотлар агентлиги расмийларига кўра, бу мамлакат аҳолисининг 50 фоиздан ортиқроғи қашшоқлик домида кун кечирмоқда.

Рудакий туманининг Алибой қишлоғида, расмий маълумотларга кўра, 300 оила яшайди.

Бу қишлоқ аҳолисининг аксарияти Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳисобидан кун кечиради.

Қишлоқ аҳли орасида давлат идораси ёки нодавлат ташкилотларда ишлайдиган кишилар бармоқ билан санарли.

Алибой қишлоғида яшовчилар билан суҳбат чоғида бу жойдаги аксар оилаларнинг кўп фарзандли ва яшаш шароити жуда оғирлигига гувоҳ бўлдик.

55 ёшлардаги суҳбатдошимиз Майрам Абдуназарованинг оиласида 20 жон яшайди. Бу оила ҳар эрталаб чой, нон ва оқ қанд билан нонушта қилади.

- Нон, чой, қанд - бошқа нима бўлсин. Шулар бўлмаган кун ҳам бўлади. Бир кунда бир марта қозон қайнатамиз. Топсак еймиз, топмасак оч ўтирамиз. Ҳукумат ҳам сўрамайди. Россияда ҳам иш йўқ ахир, дер экан Майрам опа ўтган йили Россиядаги икки фарзанди иш жойларидан ҳайдалганидан кейин оиланинг аҳволи яна ҳам оғирлашганини қўшимча қилади.

Майрам опа тўрт келини ва неваралари билан эрта баҳордан ҳовлисидаги 8 сўтик ерида эртаю кеч меҳнат қилади. Опанинг айтишича, оиланинг асосий даромади ҳам ана шу ердан.

- Эрта баҳордан огородда ишлаймиз. Картошка, помидор эккандик, энди-энди пишяпти. Бу йил тағин буғдойлар қимматлаб кетди. Нонимизни зўрға топиб еяпмиз, дейди ночорлик домида қолганидан куйинган аёл.

Тожикистон президенти ҳузуридаги статистик маълумотлар агентлиги расмийси Барот Тўраев Тожикистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг қашшоқ мамлакат деб тан олинганини маълум қилар экан, мамлакат аҳолисининг 50 фоиздан кўпроғи фақирликда кун кечираётганини яшириб ўтирмади.

Унинг айтишича, қашшоқ оилаларнинг аксарияти қишлоқларда истиқомат қилади ва бир киши кунига ўрта ҳисобда 6 сомоний 40 дирам (тақрибан 1,4 АҚШ доллари - таҳр.) сарфлайди, аслида эса бир киши халқаро меъёрлар бўйича 25 дан 30 сомонийгача (5,6 ёки 6,6 АҚШ доллари - таҳр.) сарфлаши лозим.


- Сомоний билан ҳисобладик, ҳақиқатан бир киши бир кунда 6,4 сомоний сарфлайди. Бир ойда эса бу 195 сомонийни ёки тахминан 44 АҚШ долларини ташкил қилади. Тадқиқотларимиз натижаси Тожикистон Марказий Осиё давлатлари орасида қашшоқлик даражаси юқори бўлган давлат эканини кўрсатди, дейди Тожикистон ҳукумат расмийси.

Гарчи мамлакат ҳукумати қашшоқликни тугатишга оид миллий дастурни йўлга қўйган бўлса-да, тожик расмийсига кўра, ҳозирча кўнгилдагидек натижаларга эришиши қийин бўлаяпти.

Мавзу юзасидан суҳбатлашганимиз тожикистонликлар ҳануз шўро замонларидаги ҳаётни қўмсаб яшаётганини айтишди.

Майрам опанинг қўшниси Иқбол опа фикрича, мустақилликка эришган Тожикистонда асосан катта оилалар қийналиб қолган.

У ўз оиласи кичикроқ бўлгани учун қўшниларига нисбатан турмуши тузукроқ эканини қўшиб қўйди.

- Нонушта учун дастурхонимизда нон, сариёғимиз бор. Товуғим бор, баъзида тухум қовуриб ҳам еймиз. Ўғлим такси ҳайдайди. Кейин Колхозобод томонлардан қовун олиб келиб сотади. Худога шукур, яшашимиз яхши, дейди 58 ёшли Иқбол опа.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчиларнинг аксарияти мамлакатни қашшоқлик домига улоқтирган асосий омил 1992-1997 йилларда юз берган фуқаролик уруши, деган фикрдалар.

Бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар фикрича эса, Тожикистонда давлатнинг юқори идораларидан пастки қатламларигача томир отган коррупция оддий аҳоли тирикчилигига қаттиқ зарба бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда ҳозир ўртача иш ҳақи 80 сомонийни ташкил қилади, бу эса бугунги ҳисоб билан 18 АҚШ долларига тенгдир. Бу пулга шу кунда бир қоп ун ҳам бермайди.
XS
SM
MD
LG