Линклар

Москвада ўзбек ва қирғиз муҳожирлари ўртасида муштлашув бўлиб ўтди


Муштлашув оқибатида жароҳат олганлардан бирининг Москвадаги Склифосовский номли касалхонага ëтқизилгани айтилмоқда.

Муштлашув оқибатида жароҳат олганлардан бирининг Москвадаги Склифосовский номли касалхонага ëтқизилгани айтилмоқда.

26 июл куни тунги соат 10 ларда Москванинг Профсоюзная метроси ёнида ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб йигитлар ўртасида муштлашув бўлиб ўтди. 40 нафарга яқин одам иштирок этгани айтилаëтган жанжалда бир киши оғир тан жароҳати олди¸ 5 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Москва милицияси хабар берди.


Душанба тунида Москвадаги Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида содир этилган муштлашиш тафсилотларини мазкур тўполонда бевосита қатнашганлардан бири¸ ўзини ўшлик Ўктамбек деб таништирган йигит гапириб берди:

- Кеча бизни телефонга чақиришди, бордикда. Ҳеч нарсага ўзимиз ҳам тушунмадик. Ошналаримиз, "Кел¸ уруш бўлаяпти", деди. Биз бордик, урушдик, мелисага тушдик, қочдик. Аниқ нимадан бошланганини ўзимиз ҳам тушунмай қолдик. Бир иккита болаларни УВДга олиб кетиб қамаб қўйди. Кеча қоронғида ким нима, неча киши билмай урдик, қочдикда¸ дейди Ўктамбек.

Ўзи билмаган ҳолда муштлашувга аралашиб қолган бу йигитга кўра¸ жанжалда Москвадаги қирғиз муҳожирларидан 15-20, ўзбеклардан ҳам 20 нафарчаси иштирок этган.

- Бунақа урушларни биласизку, 3-4 минутда тапир-тупур бўлди, ярим соатдан урушмайсизку... Жанжал Профсоюзний метронинг переходида бўлди. Кейин милиция тарқатди. Иккитасини аниқ кўрдим наручникларда олиб кетди. Биз кейин чиқиб кетдик, эшикнинг тагига етганимизда яна 3 кишини олиб кириб кетди. Унчалик уруш бўлгани ҳам йўқ. Лекин ўқ отилди, мелиса отди шекилли, одамларни тарқатиш учун, деди Профсоюзная метросидаги жанжалда бевосита иштирок этган Ўктамбек.

Москва метроси йўлагида рўй берган бу муштлашувни тарқатишда иштирок этган Москва шаҳар Черёмушки тумани Ички ишлар бўлими расмийсига кўра¸ воқеа жойида қўлга олинган бешала шахс ҳам 27 июл куни қўйиб юборилган:

- Мазкур ҳодиса юзасидан ҳозирда текшириш ишлари олиб борилмоқда. Бир киши дарҳақиқат Склифосовский институтига ётқизилган. Мендан бугун куни билан сўрашяпти. Кеча икки нафар Қирғизистон ва уч нафар Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинган эди¸ ҳозир улар озод қилинган. Хулоса чиқаришдан олдин текширув натижаларини кутамиз, деди Черëмушки тумани Ички ишлар бўлими ходими капитан Поляков.

Москвадаги “Қирғиз бирдамлиги” ташкилоти раҳбари Абдиғани Шокировга кўра, кеча қўлга олинганлар билан Қирғизистон элчихонаси вакили учрашган:

- Ҳа, мен ҳам эшитдим бу ҳақда, лекин ҳозирча ишонарли маълумот олганим йўқ. Бизга милиция ходимлари қўнғироқ қилишди ва у ерга Қирғизистон элчихонаси ходимлари борган ва қўлга олинганлар билан учрашган. Лекин у ерда нима гап бўлганлигини мен била олмаяпман, чунки элчихонамизда ким нима учун жавоб беришини ҳалигача аниқлаб ҳам олишгани йўқ, дейди Москвадаги қирғизлар жамоаси раҳбари Абдиғани Шакиров.

Яна бир суҳбатдошимиз¸ Москвада яшаëтган жалолободлик Шерзодга кўра¸ ўзбек ва қирғиз йигитлари орасидаги бу муштлашув ҳақидаги хабарга турли миш-мишлар ҳам қўшилиб¸ у ҳаддан ташқари бўрттирилган¸ деган фикрда:

- Ҳамма ҳозир Интернетдан эшитяпти. Бу ерда сунъий бўрттириб кўрсатиш бўляпти-да, негадир газета орқали кўпайтириб айтишга уриниш бўляпти. Қирғизистонда бўлаётган воқеаларни ҳам тўғри беришмаяпти. Давлат қилаётган ишларни айтмасдан, аксинча элни айдор қилиш бўляпти, дейди жалолободлик Шерзод.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раиси муовини Елена Буртина эса бу каби воқеаларни¸ албатта¸ ёритиш кераклиги ва унга жамоатчилик эътиборини қаратиш зарурлигини таъкидлайди:

- Бу ҳақда¸ албатта¸ гапириш керак. Гапирмаслик мумкин ҳам эмас. Гап бу ҳодисани қандай ёритишдадир. Масалан¸ уни икки миллат ўртасидаги адоватга чақириқ сифатида ёритиш¸ умуман номақбул нарса. Ҳақиқатни гапириш керак, холос. Биз матбуот анжуманларимизда бу масала юзасидан Медведевга, расмий доираларга телеграмма жўнатганлигимизга ўзингиз гувоҳ бўлган эдингиз. Лекин кўзга кўринарли иш амалга оширилгани йўқ. Агрессив фикрлар ўшанда ҳам билдирилаётган эди. Кечаги воқеа эса биринчи эмас, кейинги жиддий огоҳлантирувчи қўнғироқлардан бири. Бу масалани фақат элчихоналарга юклаб қўймасдан маҳаллий ва Россиядаги ўзбек-қирғиз жамоатчилиги ёрдамида тезда ҳал этмоқ керак. Бу масалани ўйлаб биргаликда қандайдир чораларни қабул қилиш вақти етиб келди, дейди “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раиси муовини Елена Буртина.

Июн ойида Ўш ва Жалолободда миллий асосдаги қирғин бошланиши ҳамоно Россиядаги ҳуқуқ фаоллари¸ ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги низонинг Россия ҳудудларига кўчмаслиги олдини олиш лозимлиги ҳақида бонг урган эдилар.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг ўтган йили эълон қилган "Марказий Осиë: Муҳожирлар ва иқтисодий бўҳрон" деб номланган ҳисоботида келтирилишича¸ 2004 йилдан 2008 йилга қадар Россияга Қирғизистондан 800 минг¸ Ўзбекистондан эса¸ 2 миллион 500 минг одам иш излаб Россияга келган.

Россия иқтисоди жаҳон молиявий бўҳронидан зиëн кўриб¸ иш ўринлари қисқариб кетгач¸ бу жараëн бир оз сустлашган бўлса-да¸ Россия ҳамон Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ишсизлар учун асосий меҳнат бозори бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG