Линклар

Ўзбекистон қора бозорида доллар курси яна ўса бошлади

  • Садриддин Ашур

Бугун 100 АҚШ долларини сотиб олишга Ўзбекистон миллий валютасининг энг катта купюраси бўлмиш 1000 сўмликнинг икки пачкаси ҳам етмайди.

Бугун 100 АҚШ долларини сотиб олишга Ўзбекистон миллий валютасининг энг катта купюраси бўлмиш 1000 сўмликнинг икки пачкаси ҳам етмайди.

28 июл куни бир доллар 2280 сўмданга сотилди. Бундан бир ярим ой муқаддам долларнинг қора бозордаги нархи 1600 сўмгача тушган эди. Хўш, нега бундан 7 йил муқаддам эркин конвертацияга йўл очганини даъво қилган ҳукумат долларнинг қора бозор ва давлат курсини мувофиқлаштира олмаëтир?


Бугунги курс 2270 эди, тушдан кейин 2275га чиқди¸ дейди 27 июл куни Озодлик боғланган тошкентлик савдогарлардан бири ўз исмини айтмаслик шарти билан.

Ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши Ўзбекистонда йиллардан бери муттасил кузатиб келинаётган жараëн. Бироқ май ойи бошларида Осиё тараққиёт банки бошқарувчилари йиллик кенгашининг Тошкентда ўтказилиши олдидан қора бозордаги бир АҚШ доллари нархи бир куннинг ичида 2300 сўмдан 1600 сўмга тушиб кетган эди.

Тошкентлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовнинг айтишича, аслида бу курс тушмаган, балки сунъий равишда туширилган эди:

- Ўшанда доллар олаётган қора бозордаги даллоллар фақат олиш курсини 1600-1700 дан олаяпмиз¸ деб айтиб турди холос. Лекин ҳеч ким шу пайтда 1700 дан ҳам доллар сотгани йўқ¸ 1800 дан ҳам, 1900 дан ҳам, 2000 дан ҳам сотгани йўқ. бу маълум бир муддатга расмий ҳукумат билан қора бозорни назорат қиладиган даллоллар ўртасидаги қанақадир умумий битим эди, дейди Ориф Ҳошимов.

Банкирларнинг бу кенгаши ўтиб бўлгандан сўнг, долларнинг қора бозордаги нархи яна ўз ўрнига қайта бошлади.

Хўш, нега ҳукумат долларнинг давлат ва бозор курси ўртасидаги фарқни ушлаб қола олмаяпти? Нега Ўзбекистон Марказий Осиёдаги долларнинг давлат ва қора бозор курслари кескин фарқ қиладиган ягона давлат бўлиб қолмоқда?

Аввало бу саволга жавоб олиш учун, Ўзбекистон Марказий банкига боғландик. Ўз исмини ошкор этмаслигимизни ва овозини эфирга бермаслигимизни сўраган банк ходимининг айтишича, бу жараëн сабаби Ўзбекистонда валютага бўлган талабнинг катта экани билан боғлиқ.

- Ўзбекистон асосий валюта захираларини саноат корхоналари қуриш, яъни реал ишлаб чиқаришга сарфлаяпти. Шунинг учун ҳам валюта тақчиллиги бир оз сезилмоқда ва бу қора бозор ва давлат курсларининг ўртасидаги фарқни юзага келишига сабаб бўляпти, дейди Марказий банк ходими.

Аммо ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов Марказий банк ходимининг бу гапларига қўшилмайди:

- Йўқ¸ йўқ, бундай эмас. Бу 1990 йиллардан бери қайтарилаëтган ва ҳеч қандай бир далилий фактга асосланмаган гаплар. Бу саволдан қочиш¸ саволга аниқ жавоб беришдан қочиш учун айтиладиган гаплар. Бу гаплар қайта-қайта гапириб келинаяпти. Мен сизга яна бир мисол келтираман, иқтисодчининг тилида.

Агар расмий рақамларга қарайдиган бўлсангиз¸ Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолияти бўйича доимий савдо баланси ижобий савдо балансига эга эканлиги айтилади. 2003 йилдан бу ëғига ўзбек сўми жорий операциялар учун конвертация қилиш ҳуқуқига эга бўлгандан кейинги ҳамма йилларни санайдиган бўлсак¸ етти йил давомида бирор бир йил¸ бирор бир чорак бўлмаганки¸ ташқи савдо баланси салбий балансга эга бўлган бўлса.

Оддий тил билан айтганда, б у дегани импорт қилаëтганимиздан кўпроқ экспорт қилаяпмиз¸ дегани. Умумий иқтисодий қонунга кўра¸ агарда қайсидир мамлакатнинг экспорти импортидан кўп бўладиган бўлса¸ унинг миллий валютасининг қадри ошиши керак. Бутун дунë учун амал қиладиган қоида бу. Лекин шу қонун-қоида Ўзбекистонда амал қилмайди.

Мен сизга оддийроқ тилда айтадиган бўлсам¸ сиз 100 долларлик нарса сотдингиз. 50 долларлик нарса олдингиз. 50 доллар ëнингизда қолди. демак¸ сўмнинг қадри ошиши керак бу ерда. Сизда ортиқча доллар пайдо бўлди. Худди шундай. Лекин аслида бундай эмас. Ғарб дунëси учун амал қиладиган қонун-қоидалар Ўзбекистонда амал қилмайди. Чунки бу ерда бозор мавжуд эмас, дейди Ориф Ҳошимов.

Иқтисодчи фикрича, валютанинг қора бозор ва давлат нархлари ўртасидаги катта тафовутнинг ўзига хос сабаблари бор. Биринчидан, Ўзбекистонга мол олиб киришнинг расмий йўллари бор. Булар тўлалигича банклар орқали қонуний амалга оширилади, иккинчи йўл эса:

- Ярим расмий каналлар бор. Бу ярим расмий каналлар орқали тўлов амалга оширилади. Бир қисми¸ ҳақиқатан ҳам банк орқали амалга оширилади. Иккинчи қисми¸ Ўзбекистондан нақд валюта кўринишида олиб чиқилган маблағлар ҳисобига ҳисоб-китоб қилинади. Божхонадан ўтаëтганда¸ тасаввур қилинг 10 минг тонна шакар. Агар 10 минг тонна қоғоз бўйича олиб кириладиган бўлса¸ аслида 15 минг тонналик шакар олиб кирилади. 5 минг тонна учун ҳисоб-китоб нақд валюта орқали амалга оширилган бўлади. Бу ярим расмий канали. Қисман қонуний¸ ярим ноқонуний кўриниши.

Импорт қилинаëтган товарлар учун тўловларнинг учинчи йўли борки¸ бу тўлиқ норасмий канал - божхонани четлаб ўтади. Бу товарлар Ўзбекистонга айланма йўллар билан олиб кирилади. Қора бозордаги долларга бўлаëтган талабни оширадиган иккита омил шу. Ўзбекистонга олиб кирилаëтган импорт товарлари учун тўловни валютада амалга ошириш керакми? Бу талаб қаерда қондирилади? Албатта, фақат қора бозорда қондирилади, дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов

Ўзбекистонда қора бозордаги доллар курси жуда кам ҳолатларда давлат курси билан тенг бўлган. 2003 йилнинг 15 октябрида Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) вакили Эрик де Врайер билан ўтказилган музокаралардан сўнг Ўзбекистонда эркин конвертация жорий этилганини маълум қилган эди.

Рустам Азимов, ўшанда Ўзбекистон ҳукумати ва Марказий банки ХВЖ устави 8-бандининг 2А, 3 ва 4-моддаларида кўрсатилган мажбуриятларни тўлиқ бажаришни ўз зиммасига олиши, пул алмаштириш шаҳобчаларида маҳаллий фуқаролар ва бошқа давлат резидентлари учун ХВЖ уставининг 8-бандида белгиланган тартиб бўйича эркин конвертацияга рухсат этилганини билдирган эди.
Бироқ кўп ўтмай ўзбек сўми бу рақобатга дош бера олмади ва долларнинг қора бозордаги нархи шиддат билан ўса бошлади.

Ўзбекистонлик яна бир иқтисодчи Аҳмаджон Умаров фикрича, АҚШ долларининг қора бозор ва давлат курси ўртасидаги тавофутнинг катталашиб бораётгани сабаби, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш даражасининг жуда пастлигига бориб тақалади :

- Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўлмагандан кейин асосий маҳсулотлар четдан олиб келинади. Четдан улар ўзбек сўмига олиб келолмайди. Ўзбек сўмига олиб келолмагандан кейин¸ албатта¸ бу ëқда сотадида¸ у пулини валютага алмаштиришга мажбур бўлади. Сотаëтганда бир-икки сўмлик нарса сотмайди. Катта-катта ҳажмдаги маҳсулотларни сотгандан кейин ўртада катта ўзбек сўми пайдо бўлади. Бу ўзбек сўмини тезроқ алмаштириш керак. Банкларнинг бунақа кучи йўқ. Банкларга ўша куни борса¸ 100 доллар ë бўлади ë бўлмайди. Ҳозир унақа валюта умуман йўқ. Улар миллиардлаб сўмларни валютага алмаштириши керак бўлади. У пайт у қандай қилади? Ўша пайтда қора бозорга боради. Қора бозорга талаб кўпроқ бўлгандан кейин унинг нархи давлат курсига нисбатан табиийки ошади. Ўзбекистонда маҳсулот ишлаб чиқаришнинг йўқлиги эркин валюта айрибошлашнинг йўқлигига сабаб бўлади¸ дейди Аҳмаджон.

Иқтисодчи Ориф Ҳошимов фикрича, валютанинг эркин конвертациясини Ўзбекистонда амалга ошришга тўсқинлик қилаётган учинчи омил ҳам бор. Агар ҳукумат ташқи иқтисодий фаолиятни100 фоиз эркинлаштирадиган бўлса, ўз-ўзидан долларнинг қора бозор давлат курслари ўртасидаги катта фарқ йўқ бўлади:

- Агарда ташқи иқтисодий фаолият эркинлаштириладиган бўлса, расмий-норамий курс деган гаплар йўқ бўлади. Ягона унификациялашган курс пайдо бўлади. Мана, Қозоғистонда, Қирғизистонда ва ҳатто Тожикистонда нега шунақа иккиёқлама курслар йўқ? Чунки ташқи иқтисодий фаолият билан исталган хўжалик юритувчи субъект шуғулланиши мумкин. Ўзбекистонга ўхшаб қайсидир кам сонли субъектлар томонидан бу фаолият монополлаштириб олинмаган.

Масалан¸ қуритилган мева экспорти билан шуғулланадиганлар жуда кам сонли. Жуда катта спекуляция орқасидан улар фойда кўряпти. Ёки ҳозир жуда кўп трикотаж фабрикалари пайдо бўлган. Уларнинг маҳсулотини экспорт қилиш билан ҳам жуда кам сонли хўжалик субъектлари шуғулланяпти. Бундай ҳуқуққа эга бўлиш учун, албатта¸ қанақадир лобби даражасига эга бўлган структуралар билан алоқага эга бўлиш керак. Тушуняпсизми? Бундай имкониятга ҳамма ҳам эга эмас. Яъни ташқи иқтисодий алоқалар билан шуғулланувчи корхоналарнинг ҳаммасини ҳуқуқлари тенг деб бўлмайди. Ҳуқуқ тенг бўлмаган жойда диспропорция пайдо бўлаверади, дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.
XS
SM
MD
LG