Линклар

Ўзбекистон Қочқинлар ҳақидаги БМТ конвенциясини ҳамон қабул қилмаëтир

  • Абдулла Искандар

Ўзгача фикрловчи ўзбеклар бугун айнан БМТ конвенцияси ҳимоясида хориждан бошпана топганлар.

Ўзгача фикрловчи ўзбеклар бугун айнан БМТ конвенцияси ҳимоясида хориждан бошпана топганлар.

1951 йилнинг 28 июлида Швейцариянинг Женева кўли ëнида машварат қилган халқаро ҳуқуқшунослар гуруҳи Қочқинлар ҳақидаги конвенцияни қабул қилди. Дунëнинг аксарият давлатлари эътироф қилган Қочқинлар ҳақидаги конвенцияни Ўзбекистон бугунга қадар эътироф этмади.


Қочқин тушунчаси Oдам Ато замонидан мавжуд бўлса-да¸ бу тушунча нисбатан яқиндагина машру мақом олди.

БМТ нинг Қочқинлар ҳуқуқига оид конвенциясининг имзоланиш маросими.1951 йил¸ 28 июл.
“Қочқин ҳам биз каби одам. Унинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари бор¸ қочқинлар камситилмаслиги зарур” деган ғоя 1951 йил Швейцарияда қабул қилинган конвенция ичидан қизил ип бўлиб ўтади.

1954 йилнинг 22 апрелида кучга кирган бу конвенция иккинчи жаҳон урушидан кейин юзага келган миллионлаб сарсон-саргардонларнинг аччиқ турмушини енгиллаштириш мақсадини кўзлади.

"Қочқин ҳам одам" деган гуманистик принципга мустақил бўлганига қарийб 20 йилча бўлаëтган Ўзбекистон ҳукумати қўшилмаëтир.

Қирғиндан қочган Ўш ва жалолободлик минглаб қочқинлар Ўзбекистон ичкарисига қараб талпинар экан¸ расмий Тошкентнинг бу қочқинларни қабул қилиш масаласидаги ҳуқуқий платформаси ноаниқ бўлиб турди.

Аммо Ўзбекистон қабул қилмаган конвенциянинг хосиятидан сўнгги 19 йил мобайнида дунëнинг тўрт тарафига қараб қочган минглаб ўзбеклар баҳраманд бўлди.

Ҳозир Германияда истиқомат қиладиган 33 яшар Муаззам ана шу минглардан бири.

Анъанавий ўзбек оиласида ўсиб турмушга чиққан Муаззам ҳозир германиялик аëлларга чеварликдан сабоқ беради - зар тикиш¸ кашта тўқишни ўргатади. 2005 йилги Андижон исëни боис Ўзбекистонни тарк қилган Муаззамга 1951 йил конвенцияси асосида қочқинлик мақоми берилди. Бу конвенция доирасида Муаззам немис тилини ўрганди¸ олмон жамиятига бир қадар қўшилиб- қоришди.

- Мана шу ерда яшаш ҳуқуқига эга бўламан. Ярим фуқароликка ўхшаркан. Давлатнинг ўзи ойлик бераркан. Докторларга пул ўтказиб қўяркан қачон оғрисангиз. Қаерга борсангиз¸ ўша паспорт билан киргизавераркан¸ дейди Муаззам.

Мана шу ҳужжат боис бехавотир ўтирибман¸ деб шукрона изҳор қилди 1951 конвенциясидан миннатдор Муаззам.

- Ҳаммаси яхши кутиб олишади¸ яхши гапиришади. Немислар ҳам яхши одамлар экан. Доим кулиб туришади¸ дейди Муаззам.


Ўзбекистон эътироф қилмаган ҳужжат

БМТнинг 70 зиëд ҳужжат ва келишувларини имзолаган расмий Тошкент Қочқинлар ҳақидаги конвенцияни имзоламади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Озодликка микрофонсиз гапирган мулозимига кўра¸ ўзбек томонини конвенция мажбуриятлари билан боғлиқ сарф-харажатлар чўчитган. Қолаверса¸ Афғонистондаги ўзбек қочқинларининг ëпирилиш хавфи ҳам конвенцияни эътироф қилмаслик учун кучли сабаб бўлди¸ дейди мулозим.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида 1994-98 йиллар мобайнида ишлаган ва айни пайтда Швейцарияда сиëсий қочқин ўлароқ яшаëтган Алишер Таксанов бу ҳолатга аниқлик киритди.

- Ўзбекистон бу конвенцияни ратификация қилмаслик каби прагматик қарорни қабул қилди. Чунки Тожикистонда фуқаролар уруши бошланган¸ Афғонистонда уруш авжида эди. Агар бу конвенция қабул қилинганида¸ қочқинларнинг катта оқими Ўзбекистонга ëпирилиши мумкин эди. Ўша пайтдаги Ўзбекистон иқтисоди қочқинлар сарф-харажатини қоплашга қодир эмас эди¸ дейди Алишер Таксанов.

Таксановга кўра ўша пайтда бу конвенция иқтисодий сабабдан қабул қилинмаган. Кейинчалик сиëсий сабаблар ҳам ўртага чиқди¸ дейди суҳбатдош.

- Чунки Ғарб давлатларида айни конвенция асосида ўзбек диссидентларига қочқинлик мақоми берилди. Расмий Тошкент назарида бу ҳолат Ўзбекистон обрўйига соя солаëтган эди. Бунга аччиқ қилган Ўзбекистон конвенцияни эътироф қилиш масаласини бутунлай кун тартибидан олиб ташлади. 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг БМТ қочқинлар идорасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳам ëпилди¸ дейди Алишер Таксанов.


Қочқинларсиз мамлакат


2009 йилда дунëдаги қочқинлар сони 42 миллион кишини ташкил қилди. Бу ҳақда маълумот берган БМТ нашрига кўра¸ АҚШ йилига 300 мингга яқин¸ Канада 117 минг¸ Германия 91 минг¸ Швеция 30 мингга яқин қочқинни йилига қабул қилади.

Ўш ва Жалолобод қирғини пайтида Ўзбекистон ҳам 100 мингга яқин қочқинни қабул қилган бўлса-да¸ бу қочқинларнинг деярли ҳаммаси 10 кун ўтар-ўтмас уйига қайтариб юборилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги мулозимга кўра¸ 2005 йилгача Тошкентда 5000 га яқин афғонистонлик қочқин бўлган. Бу қочқинлар БМТ қочқинлар бўйича Олий комиссаринининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан оғзаки келишувига асосан омонат мақомда бўлишган.

2005 йилдан кейин Ўзбекистондаги қочқинларнинг аксарияти учинчи давлатларга чиқариб юборилган.

Айни пайтда норасмий маълумотларга кўра¸ Ўзбекистонда минглаб тожикистонлик қочқин бор. Уларнинг омади келганларигагина “фуқаролиги йўқ” деган ҳужжат берилган.

Сирдарëда истиқомат қилаëтган қочқин Қодиржон ва унинг беш нафар фарзанди 18 йилдан бери Ўзбекистон фуқаролигини ола олмаяпти.

Ўзбекистон эътироф қилмаган конвенция қочқинларнинг натурализациясини тавсия қилади. Масалан¸ Британияда 5 йил муқим яшаган қочқин фуқаролик олади.


Сарсон-саргардонлар тарихи


“Беш миллион¸ 10 миллион ва 100 миллион нафар қуллар ва туллар гарданда чўяндан қуйилган занжир¸ бу йўлдан босароқ кечмишдир”. ( Ғафур Ғулом)

Инсониятнинг ҳам диний¸ ҳам дунëвий талқинидаги тарихи қочқинлик тарихидай кўринади.

Одам Атонинг жаннатдан қувилишию¸ Мусо қавмининг Фиръавн зулмидан қочиб 40 йил саргардон бўлиши¸ салб юришлари ва ғазовотларнинг заминида қочқинлик уқубати ëтади.

Инсоният бу дардга даво излашидан сал олдин Освенцим ўчоқларида одам одамни ëқди. Ўзига ўхшаган одамни қўлида қоғози бўлмагани учун¸ ўзга элдан бўлгани боис камситишди¸ таҳқирлашди. Ниҳоят 1951 йилнинг ëзида таниқли ҳуқуқшунослар ер куррасидаги бу муаммога универсал ечим излаш учун қочқинлар ҳақидаги конвенцияни эълон қилишди. Бу конвенциянинг ягона нусхаси БМТ архивида сақланади.

Агар бу конвенция бўлмаганида биз қочқинлар турли давлатларнинг ҳуқуқий лабиринтларида изсиз йўқолар эдик¸ дейди Белгиядан сиëсий бошпана олган ўзбекистонлик Дилшод Тиллахўжаев.

- Агарда бу конвенция бўлмаганда¸ одамларнинг ҳужжати бўлмаганда¸ жуда қийин бўларди. Кимдир эплаб кетар эди¸ кимдир эплай олмас эди. Шу конвенция борлиги учун одамлар интеграция қилишиб¸ ўша давлатларнинг қонун-қоидасини ўрганиб¸ шу давлатларнинг фуқароси бўлиб юришибди¸ дейди Дилшод Тиллахўжаев.

Бугун Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида бамайлихотир каштага гул қадаëтган Муаззам назарида ҳам бу конвенциянинг аҳамияти катта.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG