Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:26

Лондон раҳбари Туркиянинг ЕИга аъзолигини қўллади


Анқарадаги учрашув давомида Лондон раҳбари Туркияни Европадаги энг тез тараққий қилаëтган иқтисод¸ дея атади.
Анқарадаги учрашув давомида Лондон раҳбари Туркияни Европадаги энг тез тараққий қилаëтган иқтисод¸ дея атади.

Буюк Британия Бош вазири Дэвид Камерон Туркиянинг Европа иттифоқига аъзо бўлишига йўл бермаётган Германия ва Франция каби давлатлар сиёсатини танқид қилди.

Туркия сафари давомида ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокаралар ўтказган Британия Бош вазири Дэвид Камерон Анқарада баёнот берар экан, Франция ва Германия каби давлатлар сиëсатига зиддиятли гап қилди.

Бош вазир Туриянинг Европа иттифоқига аъзо бўлиб кириш йўлидаги уринишларини юқори баҳолар экан, Буюк Британияни Туркиянинг Европа иттифоқига аъзо бўлиб кириш истаги йўлидаги “энг кучли ҳимоячисидир”, деб таърифлади.

- Туркия бизнинг НАТО даги муҳим ҳамкоримиздир. Туркия бизнинг тероризмга қарши кураш йўлидаги барча ҳаракатларимиз¸ у хоҳ Ал-Қоида, ҳоҳ Курдистон ишчилар партиясига нисбатан бўлишидан қатъий назар¸ қувватлайди, деди Британия Бош вазири.

Франция президенти Николя Саркози ва Германия канцлери Ангела Меркел Туркиянинг иттифоққа аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни камайтиришга уринар экан, бу давлатга “имтиёзли ҳамкорлик” мақомини таклиф қилмоқда.

Яқинда Туркияга сафар қилган Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле эса бу давлат иттифоққа аъзо бўлиб киришга ҳали тайёр эмас, деб баёнот берган эди.

Буюк Британия Бош вазири Туркия аъзолигининг бу каби мухолифларини танқид қилар экан, мамлакатнинг иқтисодий ўсиш салоҳиятини ҳам олқишлаб, Европа энди ўз йўлидан қайтмаслиги лозимлигини таъкидлади.

- Қайси Европа давлати шу йил бошидан буён 11 фоизлик иқтисодий кўрсаткичга эришди? Қайси Европа давлати 2017 йилга бориб дунёдаги иккинчи энг тез ўсаётган иқтисодиётга айланади? Европа иттифоқидаги 27 давлатдан қай бирининг аҳолиси таркибини кўпроқ ёшлар ташкил қилади? Европадаги қайси давлат телевидение соҳасидаги биринчи рақамли ишлаб чиқарувчи ва қурилиш борасида Хитойдан кейинги ўриндаги энг йирик қурувчи? Табиийки,Туркия, деди Буюк Британия Бош вазири.

Шунингдек, у Туркиянинг Эрон ядровий дастури борасидаги баҳсларга нуқта қўйиш йўлидаги энг зарур воситачи давлат эканини ҳам урғулади.

- Қайси Европа давлати Эронга ўз ядровий сиёсатини ўзгартириши зарурлигини уқтира олишдек улкан имкониятга эга бўлиши мумкин. Албаттаки, Туркия. Туркиягина Эронни бомбани қўлга киритиш ҳаракатларидан тўхтатишда бизга ёрдам бериши мумкин, деди яна Британия Бош вазири.

Айни пайтда Камерон Туркия раҳбариятини Исроил билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга чақирар экан: “Исроил ва Араб дунёси ўртасида ўзаро англашувни йўлга қўйиш салоҳиятига эга бўлган бошқа бирорта давлат йўқ”, деди.

Шунинг учун Туркия ва Исроил расмийларини ўзаро дўстона алоқаларни бузмасликка даъват қилган Буюк Британия раҳбари¸ айни пайтда Ғазодаги вазият ўзгариши ва бу ҳудуд маҳбуслар лагери каби ёпиқ аҳволда ортиқ қолиши мумкин эмаслигини ҳам таъкидлади.

Ғазо минтақасига гуманитар ёрдам етказмоқчи бўлган Туркия кемаларининг Исроил томонидан ўққа тутилиши ортидан икки давлат ўртасига тушган низони қоралаган АҚШ президенти Барак Обама яқинда берган баёнотида Европа иттифоқи давлатларини бу воқеадан тўғри хулоса чиқаришга чорлаган эди.

- Агар Туркия ўзини Европа отлиқ бир оиланинг аъзоси сифатида кўрмаса, у ҳолда иттифоқчи қидириб, бошқа манзилларга юзланиши аниқ , деган эди АҚШ президенти Барак Обама Италиядаги нашрлардан бирига берган интервьюсида.

Аммо Туркиянинг Европа иттифоқидаги мухолифлари бу давлат ҳали аъзолик мақомига лойиқ эмаслигини айтар экан, бунга келтирилаётган сабаблар сирасида мамлакат ички сиёсатдаги ислоҳотлар, Қибрис борасидаги муаммоларни тилга олиб, бу соҳаларда амалдаги ҳукумат берган ваъдалар ижроси жуда сустлик бораётганини даъво қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG