Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:21

Қирғизистонлик ўзбеклар Тожикистонга ҳам қочиб ўтаяптилар


Душанбега келган қирғизистонлик қочқинларнинг айримлари ўзларининг Ўзбекистондан мажбуран чиқариб юборилиш хавфи туғилгач, Тожикистонга қочиб ўтишга мажбур бўлганларини айтмоқдалар.
Душанбега келган қирғизистонлик қочқинларнинг айримлари ўзларининг Ўзбекистондан мажбуран чиқариб юборилиш хавфи туғилгач, Тожикистонга қочиб ўтишга мажбур бўлганларини айтмоқдалар.

Сўнгги бир ой давомида расмий маълумотларга кўра, Тожикистон ҳукумати 70 га яқин қирғизистонлик қочқинга бошпана берди. Қочқинларнинг тахминан 65 фоизи аёллар ва гўдаклар экани айтилмоқда.

Бундан тахминан 15 кун аввал Тожикистонга кириб келган қирғизистонлик ўзбек қочқинлари номи ошкор қилинмаслиги шарти билан Озодликка интервю беришга рози бўлди. Айни пайтда қочқинлар Тожикистон томони ўзларини жуда илиқ қабул қилиб олганини айтишди.

- Тожикистон чегарачилари бизни жуда яхши қабул қилишди. Бу ёққа ўтган кунимиз қаерга боришимиз ва кимга мурожаат қилишимизни тушинтиришди. Бизнинг ишимиз кўпроқ Тожикистон миграция хизмати билан боғлиқ экан. У ердаги масъул киши Маҳмадқул Қурбонов деган шахс жуда яхши муомала қилди. Қардош халқ деганини мен шу ерда сездим. Ҳозир бошпана изловчи шахс мақомини олиш арафасида турибмиз. Ҳеч қандай тўсиқ йўқ, ишларимизни орқага сурмасдан, ўз вақтида битиришаяпти, дейди исми ошкор этилмаслигини сўраган биринчи суҳбатдошимиз.

Суҳбат давомида у ҳужжат билан боғлиқ жараён силлиқ кечаётган бўлса-да, озиқ-овқат масаласида айрим қийинчиликлар бўлиб турганини қистириб ўтди.

- Бир жойдан бошқа бир жойга келиб, бола-чақа билан дарров ўнгланиб кетиш қийин. Албатта қийинчилик бор. Бу ердаги қонунларга кўра, маҳаллий ҳукуматлар қочқинларга кўп марталик гуманитар ёрдам кўрсатиши керак экан. Лекин биз ҳалича мурожаат қилганимиз йўқ. Чунки аввал ҳужжат ишларимиз жойига тушса, тирикчиликни ҳам эплаб кетамиз, ҳаммаси яхши бўлади. Аммо тушкинликка тушганимиз йўқ, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Қирғизистон жанубида ўзбекларга нисбатан муносабат чидаб бўлмас даражага етганидан кейин улар ўз юртларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар.

Иккинчи суҳбатдошимиз бошқа қочқинлардан фарқли ўлароқ тўғридан-тўғри Қирғизистондан эмас, балки Андижон марказий касалхонасидан Тожикистонга қочиб ўтганини айтади.

У Қирғизистон жанубида июн ойида бўлган хунрезлик чоғида баданининг уч жойидан ўқ еб, бир ой давомида Андижон марказий касалхонасида даволанганини ва кейинроқ Ўзбекистон томони уни бошқа ярадорлар қатори Қирғизистонга топшириши маълум бўлганидан сўнг эса, Тожикистон томонга қочишга мажбур бўлганини айтар экан, сабабини мана бундай изоҳлади.

- Чунки Қирғизистон тарафда медиклардан ташқари прокуратура, СНБ, милиция ходимлари кутиб олиб, Ўзбекистондан ўтганларнинг тақдири ўшаларнинг қўлида қолаётганини, уларни ҳар баҳоналар билан қўрқитиб, “ярадорсан, демак, ўша воқеаларда қатнашгансан, ё шу айбларни бўйнингга оласан, ё пул тўлаб чиқасан” дейишаётган экан. Шу хабарларни бизга телефон қилганлар айтишиб, “қўйинглар, келманглар” деганидан кейин ўша даволаниб турган касалхонадан тўғри бу ёққа қочиб ўтишга мажбур бўлдик, дейди бу суҳбатдошимиз.

Тожикистон ички ишлар вазирлигининг миграция хизмати масъули Маҳмадқул Қурбонов қирғизистонлик ўзбек қочқинлари БМТ конвенцияси асосида бу мамлакатга қабул қилиб олинаётганини билдирар экан, уларга имкони борича барча ёрдамлар кўрсатилишини ва улар хавфсизлиги ҳам таъминланишини таъкидлади.

Расмий ҳозирча қирғизистонлик қочқинларга бошпана берилганини ва келгуси бир ой давомида мазкур идора комиссияси хулосасидан сўнг расмий ҳужжат, яъни қочқинлик мақоми берилишини маълум қилди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, 1951 йилнинг 28 июлида Женевада Қочқинлар ҳақида қабул қилинган конвенция Тожикистон томонидан 1993 йили ратификация қилинган эди. Айни ҳужжатга мувофиқ, Тожикистон ўтган шу давр ичида Афғонистондан ўтган минглаб қочқинларга бошпана берган ҳамда БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича идораси кўмагида афғон қочқинлари Америка ва Канадага кўчирилган эди.

Аснода қирғизистонлик ўзбек қочқинлари хавфсизлик нуқтаи назаридан келгусида Қирғизистонга қайтмасликларини қайта-қайта таъкидлар экан, Тожикистондан учинчи давлатга чиқиб кетиш умидида бўлиб турганларини айтишди.

Аммо БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Тожикистондаги ваколатхонаси масъули Парвина Мунавварова қочқинларни оммавий тарзда учинчи давлатга чиқариб юбориш дастури 2005 йил ниҳоясига етганини ва ҳозирда бундай дастур йўлга қўйилмаганини қайд этди.

- Айни пайтда қочқинларни оммавий равишда учинчи давлатга кўчириш дастуримиз ишламаяпти. Қирғизистондан бошпана сўраб келаётганларга эса биз бир марталик молиявий ёрдам кўрсатиш баробарида, Тожикистонда қочқинлик мақомини олиш миллий процедурасини тушунтириш билан чекланмоқдамиз, дея маълум қилди БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича расмийси Парвина Мунавварова.

Айни пайтда, норасмий манбаларга кўра, ўшлик ва жалолободлик ўзбек қочқинлари БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Душанбедаги идораси кўмагида учинчи давлатга чиқиб кетиш илинжида оммавий тарзда Тожикистонга ўтиб келмоқдалар.
XS
SM
MD
LG