Линклар

Химки ўрмонининг кесилишига норозилик давом этмоқда


Жамоатчилик норозилигига қарамай¸ бир куннинг ўзидаëқ Химки ўрмонининг икки футбол майдони сатҳига тенг ҳудудидаги дарахтлар кесиб юборилди.

Жамоатчилик норозилигига қарамай¸ бир куннинг ўзидаëқ Химки ўрмонининг икки футбол майдони сатҳига тенг ҳудудидаги дарахтлар кесиб юборилди.

Россияда ўрмон кесилиши қатъий давлат назоратида бўлса-да¸ мана икки ҳафтадирки француз йўл ширкати ишчилари Москва ёнгинасидаги Химки ўрмонидаги гектарлаб ҳудудни дарахтдан "тозаламоқда". Айни пайтда¸ атроф-муҳит ҳимоячилари давом эттираëтган норозилик тадбирлари¸ маъмурларни бу режага айрим ўзгартиш киритишга мажбур қилди.



Жорий йилнинг 14 июл куни кечаси Москва яқинидаги Химки ўрмони ўртасида дарахт кесиш бошланди. Биринчи дарахт қулаши билан Россия атроф-муҳит ҳимоячилари ҳам қудратли қурилиш компаниялари ва ҳукуматга қарши кураш бошладилар.

1000 гектар ерни ташкил қилувчи бу ўрмон Москва каби мегаполисни тоза ҳаво билан таъминловчи ҳудуд ҳисобланишига қарамай¸ ҳукумат Москвани Санкт-Петербург билан боғловчи пулли магистрал йўлни айнан Химки ўрмони орқали ўтишини кўзда тутувчи қурилиш лойиҳасини тасдиқлаган.

Москва жамоатчилигининг жиддий норозилигига қарамай¸ Франциянинг “Vinci” компанияси ишчилари бир кун ичида иккита футбол майдонига тенг ўрмон майдонини кесиб юборди.

Айни шу куниёқ Химкида ўрмон ҳимоячиларининг палаткали шаҳарчаси ҳам пайдо бўлди ва бораëтган турли провокация ҳамда тазйиқларга қарамай¸ атроф-муҳит ҳимоячилари бу жараëнни тўхтатиш шаштидан қайтмаëтир.

21 июлдан бошлаб Озодлик радиосининг рус хизмати - Свобода ходимлари ҳам яшилларга қўшилди ва кесилаëтган ўрмонда ўз мухбирлик пунктини очди.

"Химки ўрмони ҳимояси ҳаракати" деб номланган янги гуруҳ раҳбари Евгения Чирикова ўзи ва сафдошларига қарши тинимсиз тазйиқлар бўлаётганини айта туриб¸ қадимий ўрмоннинг ҳеч қандай хужжатларсиз пайҳон этилаëтганини айтади:

- Биз руҳий тазйиқ остидамиз. Турли хил фитналар давом этмоқда. Бугунга келиб биз даҳшатли жиноятни олдини олмоқдамиз- бирор-бир ҳужжатсиз аллақачон 7 гектар ажойиб дарахтзор кесилди. Магистрал йўл қурилиши ўрмонзор атрофидан айланиб ўтиши мумкин, лекин негадир ўрмоннинг қоқ ўртасидан дарахтлар йиқитилиши бошланди, дейди Евгения Чирикова.

Химки ўрмони ҳимоячилари ўрмонзорлар кесилишининг бевосита юқори лавозимли ҳукумат раҳбарларининг коррупциялашган схемалари асосида амалга ошаëтганини айтмоқдалар. Ўзларига қарши футбол фанатларидан ташкил топган ëлланма гуруҳлар ҳужум қилганини таъкидлаëтган Евгения Чирикова бошчилигидаги бу фаоллар, жумладан Свобода мухбири Юрий Тимофеев 40 нафар ОМОНчилар “ёрдамида” ушланган ва милиция бўлимига олиб борилган. Фаолларни озод қилишга қарор қилганига қарамай маҳаллий суд¸ ўрмон кесилиши борасида лом-мим демади.

Жаҳон мамлакатларидаги коррупция даражасини таҳлил қиладиган Transparency International ташкилотининг Москва бўлими директори Елена Панфилова Химкидан ўтиши режалаштирилган магистрал йўл қурилиши бўйича олиб борилган мустақил тадқиқот натижасида қатор қонунбузарликларга йўл қўйилгани ва бу лойиҳага ҳукуматдаги юқори лавозимли шахсларнинг аралашгани аниқланганини билдирди:

- Химки ўрмони ҳимоячиларининг бизга қилган мурожаати юзасидан олиб борилган текширувимизга кўра, биринчидан, ноқонуний схемалар орқали давлат мулкидаги ернинг йўл қурувчи ширкатлар ҳисобига ўтказилгани; иккинчидан, турли инстанцияларга узатилган ҳужжатлардаги фарқ, содда қилиб айтадиган бўлсак¸ ўрмоннинг асосли ҳужжат бўйича кесилмаëтгани; учинчидан, Москва - Санкт-Петербург магистрал йўлини бевосита Шереметьево аэропортига яқинлаштириш мақсадида уни айнан ўрмон ичидан ўтказишга қарор қилинганини аниқладик, дейди Transparency International ташкилоти Москва бўлими раҳбари Елена Панфилова.

Атроф-муҳит ҳимоячиларининг тинимсиз давом этаëтган норозилик чиқишлари натижасида Транспорт вазирлиги мутассадиси Илья Грашенков Москва-Санкт-Петербург магистрал йўлининг Химки ўрмонидан ўтадиган қисмига ўзгартиш киритилганини билдирди:

- Йўлнинг Химки ўрмони ҳудудидан ўтадиган қисми узунлиги 8 километрни ташкил этади бунинг учун жами 144 гектар ердаги дарахт кесилади. Фуқаролар тинчланиши мумкин, ҳеч қанақа 1000 гектар ер кесилмайди, деди Россия Транспорт вазирлиги вакили Илья Грашенков.

Айни пайтда, йўл қурилишини ўз зиммасига олган ташкилотлар бир овоздан пуллик магистрал йўл қурилиши давлат бюджетига фойда келтириш мақсадида амалга оширилаëтгани ва кесилаётган дарахтларнинг¸ атроф-муҳит ҳимоячилар айтаëтган каби¸ қадим ва ноёб эмаслигини таъкидламоқдалар.

Чунончи¸ Химки ўрмонига келган “Теплотехник” ширкати раҳбари Александр Семченко журналист ва экологлар билан айнан кесилган дарахтлар ëнида туриб суҳбатлашар экан¸ аслида дарахтлар кесилмаётгани, балки Транспорт вазирлигига қарашли ерлар тозалаётгани ҳақида гапирди.

Йўлнинг айнан ўрмон ичидан ўтишига рухсат берувчи ҳужжатларнинг рисоладагидай эканини таъкидлай туриб Семченко¸ ўзи айтган "тозалаш ишлари”нинг вақтинчалик тўхтатилганини билдирди.
XS
SM
MD
LG