Линклар

logo-print

Ўш дафтари: 40 йилга чўзилган 40 кун

  • Сарвар Усмон

Ўшлик ўзбеклар юрагида янги алам ороллари очган шиорлардан бири ҳамон шаҳар кўчаларида баралла ҳайқирмоқда...

Ўшлик ўзбеклар юрагида янги алам ороллари очган шиорлардан бири ҳамон шаҳар кўчаларида баралла ҳайқирмоқда...

20 июл куни Ўшга Бишкекдан биринчи рейсда учиб келдик. Учоқнинг думалоқ ойнасидан милён йиллар турган, яна милён йиллар турадиган Тахти Сулаймон кўринди.



Пойидаги қабристонга раҳматли отам дафн этилган тоққа кўзим тушиши билан мана 40 кундирки юракни ғижимлаб келаётган дард бир сонияга унутилгандай бўлди. Бир сонияга холос.

Бир сонияга гўзал Ўшга, сўлим Ўшга қайтгандай бўлдим.

40 кун ичида яралар бироз қотгандир, аламлар бироз унутилгандир, деган бир умид борийди.

Шаҳарга кириб, машинадан тушишга улгурганимиз йуқ – Калинин кўчасидан бир хабар етиб келди.

Юкларимизни етиб борган жойимизда қолдирдигу чопдик. Ҳамкасбларим Брус ва Жеймилар билан чопдим.

Етиб бордигу яралар ҳали қотмаганини, аламлар унутилмаганини, янги яралар, янги аламлар пайдо бўлаётганини кўрдик.

Калинин кўчаси ёнидаги Тўлайкан тор кўчасида кўрдик.

Тор кўчадаги суҳбат.
Тор кўчадаги уйлардан бири дарвозасидан ҳатлаб, йиғлаб ўтирган аёлларни кўрдик. Ичкарилаб, хонанинг икки томонидаги икки каравотда калтакдан юз-кўзи кўкариб кетган икки йигитни кўрдик.

Бирининг қовоғини Чегара билмас врачлар ташкилотининг икки дўхтири тикаётганини кўрдик.

Иккинчиси кўргиликларини айтиб берди: кеча оқшом, ҳали комендант соати бошланмай туриб ҳарбийлар иккаловини тор кўчадаги уйларининг дарвозаси олдидан олиб кетиб қолганларини, маст-аласт қирғиз йигитларнинг орасига ташлаб қўйганларини, улар бу иккаловини масхаралаганини, калтаклаганини, кўзларига қўлларини тиқиб олганларини айтиб берди.

Иккала йигит ака-ука эмас. Иккалови бир-бирига қўшни. Бири давлатнинг махсус алоқа хизматини таъминлайдиган махфий ташкилотда ишлашини билдик. Мана шу ҳолат бу икковлонни сақлаб қолди, деб тушундик. Саҳарга яқин, соат учларда ҳарбийлар уларни мелисахонага олиб борганларида, мелисалар “клиент”лардан бирининг қаерда ишлашини, унинг ҳатто тунда ҳам шаҳар бўйлаб юришга ҳақли эканини, бунинг учун махсус рухсатномаси борлигини билиб, қабул қилишмаган. Қаердан олган бўлсангизлар, ўша ерга олиб бориб қўйинглар, деган.

Саҳарга яқин иккаловини маҳаллага ташлаб кетишган.

Жабрдийдалар на исмларини айтишимизга, на суратга олишимизга рухсат беришди.

Чегара билмас врачлар.
Лекин, Чегара билмас врачлар кўзимиз кўрганига, қулоқларимиз эшитганига тирик гувоҳлардир.

Врачлардан сўрадим: тез-тез бўлиб турибдими шундай воқеалар?

- Ҳа, бўлиб турибди, деди Чегара билмас врач.

- Кўпми?

- Бўлиб турибди.

- Кейинги кунларда қанча – 5 тами, 10 тами?

- Айтолмайман.

Камгап экан Чегара билмас врачлар.

………………………………………………………………………

Кейин Черëмушкига бордик. Бобир кўчасидаги, Ермак кўчасидаги, Волгоград кўчасидаги ёндирилган уйларни кўрдик. Суратга олдик. Видеога туширдик.

“Минг марта эшитгандан бир марта кўрган даҳшат” деб ўзгартирдим эскилардан қолган гапни.

Бир аёл ёниб кетган онасидан қолган суяк парчасини кўрсатганида эсим оғиб қолгандай бўлди.

Қачон келувдим Ўшга, бир ҳафта олдинми, бир ой олдинми?

Йўқ , бугун келувдим. Етиб келганимга 8 соат ҳам бўлгани йўқ.

Шунча ҳам узун бўладими кун?

Демак , яқинлари - фожиа қурбонларининг 40ини ўтказаётган ўшликлар 11 июндан бери 40 кун эмас, 40 йил яшаб куйишибди-да?!
XS
SM
MD
LG