Линклар

logo-print

Amnesty International қирғинни самарали текширувга оид тавсия берди

  • Замира Шукур

Халқаро Амнистия Ўш ва Жалолободда содир этилган даҳшатли жиноятлар изи ювилмай туриб¸ мустақил халқаро комиссия иш бошлаши лозимлигини таъкидламоқда.

Халқаро Амнистия Ўш ва Жалолободда содир этилган даҳшатли жиноятлар изи ювилмай туриб¸ мустақил халқаро комиссия иш бошлаши лозимлигини таъкидламоқда.

Маркази Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилоти июн ойида Қирғизистон жанубида содир этилган зўравонликлар ва улардан сўнг бошланган инсон ҳақларининг оммавий бузилиш ҳолатларини самарали тадқиқ қилишга оид ўз тавсияларини жамоатчиликка эълон қилди.


Зудлик билан БМТ ҳомийлигида мустақил халқаро комиссия тузилиши лозим

10 июн куни Ўшда бошланиб¸ сўнгра Жалолободга кўчган қирғин бўйича биринчилардан бўлиб мустақил халқаро текширув ўтказиш талаби билан чиққан Халқаро Амнистия ташкилоти эндиликда бу текширувнинг айнан қайси принцип ва қоидалар асосида ўтказилиши тарҳини чизиб берди.

Ўш ва Жалолободнинг асосан ўзбеклар яшовчи маҳаллаларини вайронага айлантирган¸ қурбонларнинг аксари ҳам айнан ўзбеклар бўлган оммавий зўравонликлар мобайнида¸ қолаверса улар ортидан содир этилган инсон ҳақларининг даҳшатли бузилиш ҳолатларини тафтиш қилишга Қирғизистон расмийларида на текширув тизимларининг мустақиллиги ва на тезликда самарали¸ мустақил ва бетараф текширув ўтказиш учун зарур тажриба бор¸ дейилади Халқаро Амнистия тавсиялари муқаддимасида.

Мутлақ кўпчилиги қирғизлардан ташкил топган Қирғизистон хавфсизлик кучларининг ўзи июндаги қирғинга бевосита аралашган¸ деган айблар тобора кучайиб¸ қирғиз хавфсизлик кучларининг хунрезликдан кейин яна мутлақ номутаносиб тарзда ўзбек жамоасини нишонга олиб¸ улар ҳақ-ҳуқуқларини очиқчасига топтаëтганига оид далиллар кўпайиб бораëтган бир кезда Қирғизистон ҳукумати ўз қўл қўйган халқаро конвенцияларга мувофиқ¸ мустақил халқаро текширув ўтказишга имкон яратиши лозим¸ дейилади Халқаро Амнистия тавсияларида.

Вазиятнинг қирғиз ҳукумати даъво қилаëтганидан кўра қалтис экани¸ июн қирғини ва ундан кейинги жараëнларда содир этилган жиноятлар кўламининг ниҳоятда кенг эканидан келиб чиқиб Халқаро Амнистия халқаро ҳамжамиятни июн воқеалари юзасидан самарали халқаро комиссия тузишга чақиради. Ҳозирги кунда энг долзарб бўлиб турган вазифа эса¸ халқаро экспертларнинг самарали текширувнинг асосий шарти бўлган жиноятларга оид далил-ҳужжатларни тўплаш ва уларни бехатар сақлашдир¸ дейилади бу тавсияларда.

- Айнан шу боис¸ яъни жиноят изларининг вақт ўтиши билан ўз-ўзидан йўқолиши ëки махсус нишонга олиш орқали йўқ қилиниши борасидаги хавотирлар туфайли бундай мустақил халқаро комиссия имкон қадар тез ташкил этилиши ва иш бошлаши лозим¸ дейди Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Майси Вайшердинг Озодлик билан суҳбатда.

Ташкилот расмийсига кўра¸ дунëнинг қатор давлатларидаги оммавий жиноятлар ва инсон ҳақларининг кенг кўламли тарзда бузилишини тафтиш қилиш борасида ҳам мандат¸ ҳам тажрибага эга БМТ бундай комиссияни тузиш ташаббусини ўзига олиши¸ БМТ тизимларидан бирортасининг бу борада ҳаракат бошланиши учун эса¸ Бишкек ҳукуматидан расмий сўров берилиши лозим.


Комиссия мустақил¸ бетараф ва профессионал бўлмоғи лозим


Халқаро ҳамжамиятни июн ойидаги Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар ва улардан сўнг содир этилган жиноятларни ўрганиш юзасидан мустақил халқаро комиссия тузишга чақира туриб Халқаро Амнистия бу комиссия тузилиши ва унинг иш принципларига тааллуқли тавсияларни ҳам ўртага қўяди.

Биринчидан¸
тузилажак халқаро комиссиянинг ўзи қирғин ва ундан кейинги зўравонликлар давомида жабр кўрганлар учун ҳақиқат¸ адолат ва кўрилган зарар қопланишини таъминлайдиган каттароқ¸ узоқ муддатли ва кенг кўламли режанинг бир қисми бўлиши лозим¸ дейилади ташкилот тавсияларида.

- Бу комиссиянинг бирламчи мақсади инсон ҳақлари бузилишига оид далилларни йиғиш¸ нималар бўлганига ойдинлик киритиш¸ бу жиноят ташкилотчи ва ижрочиларини¸ ким бўлишидан қатъий назар¸ жавобгарликка тортиш ва уларнинг халқаро суд талабларига мос тарзда жазоланишига эришишдир¸ деб таъкидлайди бу комиссия вазифасини Халқаро Амнистия вакили Майси Вайшердинг.

Иккинчидан¸ деб давом этади Халқаро Амнистия тавсиялари¸ аъзоларининг ҳар бири инсон ҳақларига юксак ҳурмат кўрсатиши лозим бўлган бу комиссия текширув давомида инсон ҳақлари бузилишига оид имкон қадар кўпроқ фактларга ойдинлик киритиши¸ тўпланган маълумотларни тегишли идоралар¸ қурбонлар ва бу ҳолатлар юзасидан жиноий ва фуқаролик ишлари олиб бораëтганларга тақдим этиши¸ шунингдек¸ ҳукумат тизимларига қирғин қурбонлари ва улар оилалари кўрган зарарни тўлиқ қоплашга оид тавсиялар бериши лозим.

Учинчидан
¸ мустақил халқаро комиссия аъзолари инсон ҳуқуқлари ëхуд суд-тиббиëт экспертизаси¸ жиноят жойини тадқиқ қилиш каби тегишли соҳа мутахассислари¸ ҳар қандай тизим¸ агентлик ëки текширувга алоқадор шахслардан мутлақ мустақил¸ бетараф аëл ва эркаклардан иборат бўлмоғи лозим.


Мустақил халқаро комиссия исталган маълумотни истаганидан олиш ваколатига эга бўлиши лозим

Қирғизистон жанубидаги июн ойидаги қирғин ва ундан кейинги кенг кўламли жиноятларни тафтиш қилувчи мустақил халқаро комиссия мандати бўйича тавсияларида Халқаро Амнистия ташкилоти бу комиссия барча томонлар¸ хусусан давлат одамлари ва унга алоқадор бўлмаганлар содир этилган зўравонлик ва ҳуқуқ бузилишларини миллий ва халқаро қонунчилик асосида тафтиш қилиши лозим¸ деб ҳисоблайди.

Бу комиссия аъзолари зўравонликка учраганлар ва гувоҳлардан олинган кўрсатмаларни таҳлил қилиш¸ ўлдирилган¸ жароҳатланган ва бедарак йўқолганларнинг аниқ сони ва шахсиятини аниқлаши¸ жиноят ташкилотчи ва ижрочиларини аниқлаш¸ лозим бўлса¸ исталган ҳукумат мулозимини кўрсатма беришга чақириш¸ Қирғизистон бўйича эркин ҳаракатланиш ва Қирғизистон ҳукумати тегишли идораларининг баридан текширув учун зарур маълумотларни бетўсиқ ола билиш мандати ва бу ишларни бажариш учун барча моддий-техникавий ҳамда молиявий ресурсларга эга бўлиши лозим¸ деб ҳисоблайди Халқаро Амнистия.

Бу комиссия нафақат давлат адлия тизимлари¸ балки ноҳукумат ташкилотлари¸ ҳуқуқ фаоллари ва қирғин қурбонлари ва улар яқинлари билан маслаҳатлашиш имконига ҳам эга бўлмоғи¸ ўзи билан ҳамкорлик қилганларнинг таҳдид ва тазйиқларга учрамаслигини кафолатламоғи лозим¸ дер экан Халқаро Амнистия ташкилоти бу комиссия ишининг сўнг натижаси инсон ҳақларини бузганлар ва зўравонлар бирортасининг жавобгарликдан қочиб қутилишига йўл бермаслик эканини таъкидлайди.

- Комиссия аъзолари Ўш ва Жалолободда июн ойида рўй берган зўравонликлар ва улардан сўнг давом этаëтган инсон ҳақлари бузлиши ҳолатлари бўйича кенг кўламли ҳужжат-далиллар йиғиб¸ уларни жиддий ўрганиб чиқмоғи лозим. Агар комиссия аъзолари тўпланган далиллар Қирғизистон жанубида инсониятга қарши жиноят содир этилганини тасдиқласа¸ улар БМТ дан бу жиноятларни жазолаш учун махсус трибунал ташкил этишни сўраши ëки бу ўиноятларни Халқаро криминал маҳкамага олиб чиқиши мумкин. Аммо бунинг учун дастлаб Ўш ва Жалолободда содир этилган жиноятларга оид ҳужжат-далиллар тўпланмоғи ва таҳлил қилиниши даркор¸ дейди Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Майси Вайшердинг.
XS
SM
MD
LG