Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:46

Тошкент ва Душанбе ўртасидаги тортишувга дам берилди


Душанбе дипломатлари раҳбари Ҳамрохон Зарифий¸ Ўзбекистон билан яхши қўшничилик алоқалари сақланиб қолишини таъкидлайди.
Душанбе дипломатлари раҳбари Ҳамрохон Зарифий¸ Ўзбекистон билан яхши қўшничилик алоқалари сақланиб қолишини таъкидлайди.

Фарҳод ГЭСи масаласи Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги баҳсли мавзулар кун тартибидан вақтинчалик олиб қўйилди. Бу борада Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий 29 июл кунги матбуот анжуманидан баëнот берди.



- Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат Ташқи ишлар вазирларининг шу йил Тошкентда бўлиб ўтган йиғилиши доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан ўзаро учрашувимизда Фарҳод ГЭСи масаласи атрофида ҳам фикр алмашдик ва у вақтинчалик кун тартибидан олиб қўйилишига келишиб олдик, дея билдирди Ҳамрохон Зарифий 29 июлда ўз идорасининг олти ойлик иш фаолиятига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида.

Бироқ жаноб Зарифий иккала томоннинг бундай қарорга келгани ортидаги сабаб ëхуд заруратни изоҳлашни истамади.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан шимолий чегарасида иккинчи жаҳон уруши йиллари қурилиб ишга солинган Фарҳод ГЭСи икки қўшни давлат ўртасидаги баҳсга сабаб бўлиб келаëтган йирик объектдир.

ГЭСнинг ўзи Ўзбекистон ҳудудида, унинг тўғони ва сув омбори эса Тожикистон ҳудудида жойлашганлиги сабабли мустақилликка эришган давлатлар ўз чегараларини делимитация ва демаркациялаш масаласида шу кунга қадар сўнги нуқтани қўяолмаётирлар.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидаги 140 километр масофа аниқланмай қолаëтир ва тўрт баҳсли ҳудуддаги асосий объектлардан бири Фарход ГЭСидир.

Ўтган йил баҳорида Душанбеда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши кун тартибига қўйилган қатор масалалар, жумладан Тожикистонга Ўзбекистон орқали Туркманистондан электр энергиясини транзит қилиш масаласи ҳал бўлмай қолган эди.

Ўша йиғилишда қатнашган ишончли манбанинг айтишича, йиғилиш сўнггида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон залдагилар эътиборини ўзига қаратиб, “Булар биздан Фарҳод ГЭСини ўз ихтиёрларига топширишимизни сўрашаяпти. Лекин биз уни Ўзбекистонга ҳеч қачон бермаймиз!”дея баëнот қилган.

Мустақил кузатувчилар фикрича, бугунга келиб Роғун ГЭСи тақдири айнан Фарҳод ГЭСи устидаги тортишув натижасига боғлиқ. Агар Тожикистон Фарҳод ГЭСини бутунлай Ўзбекистон ихтиёрига топширмас экан, айрим кузатувчилар Роғун ГЭСининг қурилишига шубҳа қилишларини айтишади.

Аммо мустақил таҳлилчи Ҳомиджон Орипов Фарҳод ГЭС Тожикистондан ҳам кўпроқ Ўзбекистон эҳтиёжлари учун зарурлигини назарга олган ҳолда бу масала замонавий дипломатия усули билан ҳал қилиниши лозим¸ дея мулоҳаза юритади.

Роғун ГЭСнинг қурилиши ёки қурилмай қолиши Фарҳод ГЭС баҳсининг қандай ечим топишига боғлиқлигига оид фикрларга эса таҳлилчи мутлақо қўшилмайди.

- Роғуннинг тақдири тожик халқи ва унинг хоҳишига, Тожикистон ҳукуматининг сиёсий иродасига боғлиқ. Ўйлайманки¸ бу гидроиншот қурилишига халқаро ҳамжамият ёрдам қўлини чўзади. Мен бу масалада ўзбек халқини ва Ўзбекистон ҳукуматини айблаш хато¸ деб биламан, дейди мустақил таҳлилчи Орипов.

29 июл кунги матбуот анжуманида Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларидаги муаммоларга ҳам тўхталиб, сўнгги олти ой давомида юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида сабабсиз ушланиб қолинаётгани ва бу ўз навбатида мамлакат жанубий ҳудудидаги аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатаётганини алоҳида урғулади.

-Ўзбекистон президенти Роғун ГЭСи учун мўлжалланган юк вагонларидан ташқари барча юк вагонлари Тожикистонга ўтказиб берилишини топширган эди. Аммо афсуски, Ўзбекистоннинг Сурхандарё вилоятидаги темир йўл масъуллари ё Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини менсимайди, ёки бўлмаса ўз сиёсатига эга. Чунки Хатлон вилоятига етказиб берилиши керак бўлган юк вагонлари орасида Роғун ГЭС қурилиши учун зарур бўлган бирорта ҳам маҳсулот йўқ, дер экан Ташқи ишлар вазири Зарифий, Ўзбекистон ҳудудида ушланиб қолинаётган юк вагонларининг сони 1100 тадан камаймаётганини билдирди.

Бундан икки кун аввал Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазирлиги расмийлари оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистонга Тожикистон шимолидаги темир йўлларидан ўтувчи юк вагонлари йўлини тўсиш билан пўписа қилган эди.

Аммо Ҳамрохон Зарифий Тожикистон учун бундай сиёсат бегона экани ва нима бўлганда ҳам Ўзбекистон билан яхши қўшничилик принциплари сақланиб қолинишини таъкидлади.

- Ҳар қандай вазиятда ҳам,ҳар қандай ҳолатда ҳам биз Ўзбекистон билан яхши алоқа ўрнатиш ва яхши қўшничилик принципларига амал қилишга жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қиламиз, дея таъкидлади Ҳамрохон Зарифий.
XS
SM
MD
LG