Линклар

logo-print

Ўшда жабрланганлар учун бепул ҳуқуқий маслаҳатхона ишламоқда

  • Сарвар Усмон

Ўшлик Араббой Аҳмадалиев бошчилигидаги гуруҳ июн воқеаларида жабр кўрган, хонумони куйган ҳамшаҳарларига бақадри имкон ёрдам бермоқда.

Ўшлик Араббой Аҳмадалиев бошчилигидаги гуруҳ июн воқеаларида жабр кўрган, хонумони куйган ҳамшаҳарларига бақадри имкон ёрдам бермоқда.

Июн ойидаги қирғинда яқинлари ўлдирилганлар¸ уйи куйганлар¸ мол-мулки таланганлар; "зачистка"лар дастидан ҳақлари топталаëтган Ўш шаҳри ва вилояти аҳли учун бугун шаҳарнинг Гагарин кўчасида очилган ҳамжамият ўзига хос марказга айланиб бормоқда.


Оддийгина инсоний ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш шу кунда ўшлик ўзбек учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб қолган. Лекин мана шундай оғир шароитда ҳам ҳамшаҳарларига ҳамдард бўлишга, уларга ёрдам қўлини чўзишга куч топа олаётган талайгина ўзбеклар бор.

Ўшлик Араббой Аҳмадалиев ана шундайлардан бири. Ёши 55 га чиққан Араббой ака етакчилигидаги гуруҳ июн фожиаларидан кейин тузилган бўлиб, у фожиа қурбонларига бепул юридик ёрдам бериб келмоқда - ариза ёзишга кўмаклашмоқда, ёзилганларини жамламоқда ҳамда тегишли давлат органларига етказмоқда.

Озодлик мухбири Араббой ака билан 26 июл куни суҳбатлашди.

- Шу бугунги кунда 3717 та ариза рўйхатдан ўтди.

Озодлик: 3717 киши шаҳарданми ëки атрофдаги¸ масалан, Фурқат Қорасув туманига қарайди.

- Бу област миқëсида. Бизга ўзбегининг ҳам¸ қирғизининг ҳам фарқи йўқ¸ мана еттита қирғиз миллатидан тушган ариза ҳам бор.

Озодлик: 3717 та аризадан еттитаси қирғизлардан келиб тушди.

- Шундай.

Озодлик: Буни 3700 хонадондан тушган ариза дейиш мумкинми?

- Йўқ. Бу ерда бир аризада “Менинг кўрган талафотнинг ўрнини тўлдириб беринглар” деган бўлса¸ бундан ташқари, шу хонадонда машина ўғирланган, ўша одамнинг машинаси ўғирланганлиги тўғрисида ҳам аризаси бор. Яна шу хонадоннинг уйига ўт қўйиб юборилган. Шу ўт қўйилгани тўғрисида ҳам аризаси бор.

Озодлик: Ҳар биттаси алоҳида ариза.

- Ҳа¸ шундай. Чунки куч органларига¸ тергов органларига топширилаëтганда ҳамма маънони битта қилиб ëзмасдан¸ чунки жиноят кодексида ҳар биттасининг моддаси бўлак. Поджог бўлак нарса¸ угон бўлсак нарса¸ мародëрство бўлак нарса.

Озодлик: Шу аризаларга асосланиб нечта уй куйгани¸ нечта машина ўғирлангани¸ нечта уй талон-тарож қилингани системага солинганми?

- Солинган. Бизнинг ҳисоб-китобимизда 17 июлгача 1272 хонадон куйган. Шунча ариза тушган куйган хонадонлардан. Аслида ўзи 1600 бўладиган бўлса¸ шундан 1272 таси бизга ариза берган. Қолганлари финполицияга¸ пожарнийга мурожаат қилган бўлса керак.

Озодлик: Нечта машина ўғирланган?

- 239 та машинаси ўғирланганлар бизга мурожаат қилишди. Бошқа органларга мурожаат қилганлар ҳам бор. Ундан ташқари, 46 таси ëндириб кетилган. Бизга мурожаат қилган одамлар фақат. Бу област миқëсида бўлган талафот эмас. Буни тўғри тушуниб олинг-да. Мен фақат бизга мурожаат қилган одамларни айтаяпман. УВДга¸ бошқага мурожаат қилганлари ҳам бор.

Озодлик: Нечта уй талон-тарож қилинди?

- 1139 та уйда талон-тарож бўлганлиги тўғрисида бизга ариза келиб тушди.

Озодлик: Яқинлари ўлдирилганлардан ҳам тушгандир. Аризаларга асосан ўлдирилганлар сони қанча?

- Шу кунда кундан-кунга кўпаяяпти. Ҳозир Фурқат¸ Увомбўйи районларида 53 та ариза фақат ўлдирилган ва йўқолганлар тўғрисида.

Озодлик: Яна қанақа характердаги аризалар бор?

- Магазинлар талон-тарож бўлган¸ ëндирилган. 139 та магазин ëндирилган. 169 та магазин талон-тарож бўлган. Буюм бозоридаги 113 та контейнер ўғирланган. 17 июлга 40 одам ўлдирилганлиги тўғрисида ариза бор. Бундан ташқари, йўлларда ГАИ ходимлари¸ куч ходимлари, кимлардир номаълум шахслардан вимагательство¸ рейдерство бўлаëтганлиги тўғрисида аризалар бор. Бизда шундай ариза борки¸ ўзининг савдо дўконини қайтиб ололмаëтганлар бор.

Озодлик: Ўшдами бу?

- Ўшда. Одамлар ўзининг мулкини қайтариб ололмаяпти.

Озодлик: Нечта ариза бор шунақа?

- Ҳозир аниқ иккита ариза бор. Буларнинг устидан комендантура иш қўзғатди. Ҳали жавоби бизга келгани йўқ.

Озодлик: Эгаллаб олганлар устидан қўзғатдими?

- Шу нима сабабдан эгаллаб олинганлиги тўғрисида. Бундан ташқари, бедарак кетган одамлар бор. Булардан 10 кишидан ариза тушган 17 числога. СИЗОларда қийналаëтган одамларнинг устидан олтита ариза тушган. Пул талаб қилинаëтганлиги шу одамлардан¸ бу нарсалардан комендантуранинг хабари бор. Комендант бунга қаттиқ чора кўриб¸ ўша куни жуда масъулиятли иш қилди-да. Мана Молдошев шахсан ўзи ўша ерда учрашиб, буларнинг аризаси биз орқали Молдошевга бораяпти¸ ўзи кўриб туриб¸ буларга кескин чора кўришга, ҳаттоки СНБ нинг нималарини ҳам подключать қилди.

Озодлик: Яна таъкидлаб айтамиз¸ бу Ўш вилояти бўйича бўлган ўт қўйишлар¸ қотилликлар¸ ўғирликлар¸ талон-тарожларнинг ҳаммасининг картинаси эмас. Бу фақатгина сизларга мурожаат қилганларники.

- Худди шундай.

Озодлик: Вилоят бўйича сизларни қаердан билишади?

- Кварталларга бориб келган одамларимиз. Бориб, “Мана шу телефон, мана шу ерда ариза қабул қилинаяпти” деб ҳар бир маҳалла комитетларига эълон қилинган. Лекин ҳеч бир радио¸ телевидение келиб, биз билан қизиққани йўқ. Мана биринчи бўлиб сиз қизиқаяпсиз.

Озодлик: Мана сизлар аризаларни тўплаяпсизлар ва сизлар орқали бу аризалар керакли¸ тегишли ташкилотларга етиб бораяпти. Бу аризаларда битилган шикоятларни кўриб чиқиш масаласи¸ бу аризалардан чиқаëтган самаранинг масаласи қандай?

- Буни икки хил баҳоласак бўлади. Биринчи томондан¸ бу қабул қилингандан кейин айрим органлар тўғри маънода қараб¸ жиноий иш қўзғаб¸ кўриб чиқилаяпти. Лекин айрим органларда бу нарсанинг тескарисини қабул қилишаяпти.

Озодлик: Қайси органлар эканлигини конкрет айта оласизми?

- Ҳозирча менга оғзаки айтиб берганлар бор¸ ҳеч ким ëзма равишда ëзиб бермади. Лекин жабр тортган одам¸ уйи куйган¸ боласи йўқолган одам ариза ëзгандан кейин ўзини олиб кириб кетиб¸ олдидаги тишларигача тўкилиб¸ ҳозир касалхонада ëтибди.

P.S. Араббой Аҳмадалиев очган жабрланувчиларга ëрдам кўрсатиш маҳаллий ҳамжамиятига мурожаат қилишни истаганлар учун марказ манзили:

Ўш шаҳри¸ Гагарин кўчаси¸ 125 уй¸ ориентир учун манзил 18-магазин. Ҳамжамият телефон рақамлари: +996 (3222) 5 72 77¸ +996(770) 46 02 04¸ +996 (555) 80 79 70
XS
SM
MD
LG