Линклар

logo-print

Россияда қочқинлик мақомига эга бўлиш осонми?


Россиядан бошпана сўраб келаётган қирғизистонлик қочқинлар сони кун ўтган сайин кўпайиб бормоқда.

Россиядан бошпана сўраб келаётган қирғизистонлик қочқинлар сони кун ўтган сайин кўпайиб бормоқда.

Россияда қочқинлик мақомини қандай қилиб олиш мумкин? Бунинг учун қандай ҳужжатларни қаерга топшириш керак? Бу каби саволлар билан Озодликка ўз юртидан қочишга мажбур бўлган кўплаб шахслар мурожаат қилмоқда.

Миграция масаласи бутун дунё, хусусан, Россия учун ҳам мураккаб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Қирғизистон жанубидаги қонли воқеалардан кейин Россия нафақат меҳнат муҳожирлиги, балки қочқинларнинг оммавий равишда кўчиб келиши билан боғлиқ муаммо билан тўқнашди.

Озодликка қўнғироқ қилган ва қочқинлик мақомини олишда турли қоғозбозлик тўсиқларига дуч келаётганини гапирган Муҳаммад ака расмий идораларга бўлган ишончи тобора сўниб бораётганини яширмайди:

- Ана чиқиб кетдиларинг, мана чиқиб кетдиларинг, ана статус берамиз, мана статус берамиз... Энди БМТнинг қочқинлар билан шуғулланувчи идоралари шунақанги секин ишлаяптики, ё бизга статусни беради, ё бизни шундай қилиб пичоқсиз сўяди. Мана бу ерда бола-чақалар, аёллар эзилиб кетяпти, ака. Мен ҳозир устачилигим билан тирикчилигимизни қилиб юрибмиз.

Озодлик: Ниятингиз қанақа - Россияда қолишми ёки чет давлатга чиқиб кетиш?

- Ака, қаерда тинчлик бўлса, ишлайдиган жой бўлса, бола-чақа ўқиб, боғчага ёки мактабга борадиган шароити бўлса, мана бир ойдан кейин сентябр бўлади, қаер яхши бўлса, тинчлик бўлса, ўша ерга кетишни хоҳлаймиз. Энди менинг ҳеч ақлим етмаяптики, бу ердан статус олиб, бирор давлатга чиқиб кетиш деган нарсага уже ишонмаяпман, деди қочқинлик мақомини олишга уриниб кўрган Муҳаммад ака.

Қочқинлик мақомини олиш шунчалик мураккаб масалами? Бу саволга жавоб излаб, БМТ қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Москвадаги ваколатхонасига мурожаат қилиб, қуйидаги жавобни олдик:

- Энг аввало, улар Россияда қочқинлик мақомини олиш учун Федерал Миграция Хизматига мурожаат қилмоқлари керак. У ерда зарурий ҳужжатлар билан танишишлари мумкин. Бу энг осон ва маъқул йўли. Улар ҳатто чет элга чиқиб кетиш ниятлари бўлса ҳам, биринчи навбатда, маҳаллий миграция хизматида рўйхатдан ўтишлари керак ва бу ерда вақтинча яшаш учун қўлларига қандайдир ҳужжат олишлари зарур. Бизнинг бундай ҳужжат беришга ҳаққимиз йўқ. Бизда сўнгги пайтларда учинчи мамлакатларга кўчириш топширилган ҳужжатларга рад жавоблари келмоқда, деди БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Москвадаги ваколатхонасининг ўзини таништирмаган расмийси.

Унинг маълумотига кўра, қочқинлик олмоқчи бўлган шахслар http://unhcr.ru , http://www.fms.gov.ru сайтлари бўйича қўшимча маълумот олишлари, Интернетга кириш имкониятига эга бўлмаганлар эса Москвадаги "Первомайская" метроси ёнида жойлашган Қочқинларни қабул қилиш марказига +7-495-465-64-19 рақами бўйича қўнғироқ қилишлари мумкин.

Красноярск ўлкаси бўйича Миграция хизмати мутассадиси Елена Дейсадзе ҳам қочқинлик мақомини олиш жуда мураккаб ва узоққа чўзилиши мумкин бўлган масала, деб ҳисоблайди:

- Қирғизистонлик қочқинлар, биринчи навбатда, Россиянинг Қирғизистондаги Миграция бўлимларига ҳам мурожаат этишлари мумкин. Бошпана изловчи шахс мақомини олиш учун бир қатор хужжатлар зарур. Агарда улар Россияга кириб келган бўлса, унда ҳар қайси маҳаллий Федерал миграция хизматида қочқинлар масаласи билан шуғулланувчи бўлимларга бевосита мурожаат этсин. Қочқинлик мақомини олиш учун сиз қочқин эканлигингизни исботлаб беришингиз керак. Юридик нуқтаи назардан қочқинлик мақоми асосли хавф-хатар остида диний, ирқий, сиёсий ва фуқаровий қарашлари учун таъқибга учраб, мамлакатни тарк этган шахсларга берилади. Ҳозирча Красноярск вилояти бўйича бу мақомни олиш учун бизга қирғизистонликлар мурожаат қилмаган, деди Красноярск ўлкаси бўйича Миграция хизмати мутассадиси Елена Дейсадзе.

Демак, Россияда қочқинлик мақомини олиш учун, биринчи навбатда, маҳаллий миграция хизматларига мурожаат қилиш керак. Хўш, миграция хизматида қандай хужжатлар талаб этилади? Бу саволга Новосибирск вилояти ФМСининг Қочқинларга қўмак бериш бўлими раҳбари Олеся Назарова жавоб беради:

- Қочқинлик мақомини олмоқчи бўлганлар бевосита ўша мамлакатдаги, чегарадаги ёки Россиядаги ҳудудий миграция хизмати бўлимларига ариза топширишлари мумкин. Демак, қандай ҳужжатлар талаб қилинади:

1. Қочқинлик мақомини олиш бўйича илтимоснома (ўша ерда тўлдирилади);
2. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
3. 2 дона 3х4 қора рангдаги расм (ҳар бир оила аъзосига);
4. Уларнинг қочоқлигини тасдиқловчи ҳар қандай ҳужжат.

Агарда уларда ҳужжатлар етарли бўлмаса ҳам, ўша жойда ариза билан мурожаат қилинади, бизнинг хизматимиз Ички ишлар, Ташқи ишлар, Хавфсизлик ва ҳоказо хизматларнинг маълумотлар базаси орқали текширилади.

Нима қилиш керак? Қирғизистон фуқароларига олдиндан ҳам фуқаролик осонлаштирилган ҳолатда берилар эди. Фуқаролик олиш учун улар даставвал Вақтинчалик яшаш учун рухсатнома (РВП) олишлари керак. Кейин муайян муддатдан кейин улар қонунбузарлик содир этмасалар, албатта, фуқаролик берилади, дейди Федерал миграция хизматининг Қочқинларга қўмак бериш бўлими раҳбари Олеся Назарова.

Унга кўра, қочқинлик мақомини олишда деярли ҳеч қандай имтиёзлар йўқ. Федерал миграция хизматида бошпана изловчи шахс анкеталар тўлдиради, савол-жавобдан ўтади. Ҳужжат топширилгандан кейин ФМХ комиссияси 5 кун муддат ичида ўз жавобини беради. Қочқинлик мақомини беришга рад жавобини олган шахс 1 ой муддат ичида Россияни тарк этишга мажбур ёки уни мажбуран чиқариб юборадилар.

- Агарда унинг қочқинлик мақомини олиш бўйича аризаси қабул қилинса, у Россияда яшаш ҳуқуқини берувчи вақтинчалик ҳужжат олади ва у бепул тиббий кўрикдан ўтади. Ҳар бир оила аъзосига 100 рублдан бир маротабали ёрдам пули берилади. Ундан кейин 3 ой давомида унинг аризаси юқори инстанцияларда кўриб чиқилади ва олинган жавобга яраша иш олиб борилади: рад жавоби олинса, улар бадарға қилинади, ризолик ҳолатида уларга махсус хужжат топширилади. Шундан кейингина улар Россия ҳудудида бошқа фуқаролар қаторида барча ҳуқуқларга эга бўладилар. Айни пайтда улар учинчи мамлакатга чиқиб кетиш учун БМТнинг қочқинлик масалалари бўйича бўлимларига мурожаат қилишлари ҳам мумкин, деди Новосибирск вилояти ФМХнинг Қочқинларга қўмак бериш бўлими раҳбари Олеся Назарова.

Эслатиб ўтамиз, Россия 1951 йилги БМТнинг Қочқинлар тўғрисидаги Конвенциясига 1992 йил қўшилган ва бу ҳақда Федерал Қонун ишлаб чиққан. 1997 йилда эса “Қочқинлар тўғрисида”ги Федерал қонуннинг янги таҳрири қабул қилинган.

Россия Миграция хизматининг фуқаролик масалари бўйича Бошқармаси бошлиғи Владимир Ручейниковга кўра, ҳар йили Россияда қочқинлик мақомини олиш мақсадида 2000 одам мурожаат қилади ва одатда, уларнинг ярмисигина ана шундай мақомни қўлга кирита олади, холос. Энг кўп мурожаатлар афғонистонлик ва ўзбекистонликдир.
XS
SM
MD
LG