Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:07

Эркин микрофон - "Ўшлик қариндошларимдан хабар йўқ"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Озодликка қўнғироқ қилган фарғоналик муштарий Ўшда яшаган яқинлари тақдиридан хавотирланаётганини айтиб, халқаро ҳамжамиятнинг қирғизистонлик ўзбекларга ёрдам кўрсатиш истаги бор-йўқлиги билан қизиқди.

Каримовга тож кийдирмоқчи бўлган ногирон

Наманганнинг Чодак қишлоғидаги Мавлонхон ака ўзининг ногиронлик аравасида Тошкентга юриш қилиб¸ президентга совға бермоқчи бўлганида¸ Андижонда тўхтатилиб, орқага қайтарилди.

- Ҳозир Андижонда турган бўлсак¸ “Ҳозир вилоят ҳокимлигидан бу ердан йўлга чиқишингларга ҳеч қанақа рухсатнома йўқ. Шунинг учун Наманган вилоятига қайтиб кетганингиз маъқул” деганларидан кейин кеча мен яна Наманганга қайтишга мажбур бўлдим¸ дейди Мавлонхон ака.

Мавлонхон ака Фарғона водийсидаги тўрт вилоятни босиб ўтиб, мустақиллик куни Оқсарой олдига бориб юртбошининг қўлини олишни ният қилган эди.

- Финиши Тошкентда мустақиллик майдонида. Мустақиллигимизнинг 19 йиллиги байрамига етиб боришни ражалаштирганман. Мустақиллик байрамига етиб бориб¸ кейин юртбошимиз билан дийдорлашиб¸ мен ўз оилам номидан юртбошимизга тайëрланган “Кўҳна Турон заминидаги иккинчи Темур бобомизга" деб номланган рамзий совғаларимиз бор эди. Амир Темур бобомизнинг тожларига ўхшатиб, шу нарсани қўли гул устага буюртма қилиб ясатдим. Шу нарсани мустақиллик байрамида тақдим этишни мен ният қилган эдим. Нима учун мен ўз подшоҳимни¸ ўз президентимни бориб қучоқлаб¸ совғамни бериб¸ икки оғиз каломимни айтиб келолмайман? Амир Темур бобомизнинг тожлари қилич қалқонларига ўхшатма қилиб туриб ясатган эдим мен. Амир Темур тожи. Оддий кумушдан. Қилич ҳам Амир Темур бобомиз қиличларига ўхшатиб ишланган¸ дейди Мавлонхон ака.

Орзуси амалга ошмаган Мавлонхон ака ўз ўкинчларини шеър қилиб ëзди.

Сотиб ололмасман¸
Эмас бу бозор¸
Борар ерларимиз¸
Барибир мозор.


Хивада бензин йўқ. Шикоят ва таклиф

Хоразмдан телефон қилган суҳбатдош бензин тақчиллигидан нолиди.

- Мен Хива шаҳриданман. Исмим Матëқуб. Мен телефон қилиб турганимнинг сабаби бензин масаласи бизларнинг вилоятда жуда қийнаб қўйди. Заправкаларда бензин йўқ. Бир ой бўлди. Кеча Огаҳий заправкасида 2600 сўмдан сотишибди. Бозор иқтисодиëтига ўтганимизга мана 20 йил бўлди. Бозор иқтисодиëтида энди навбат бўлмаса¸ ҳамма ерларда бензин сероб бўлиши керак. Билмайман совет тузумими бу. Бошлиқлар қаерга қараяпти ҳайронман.

Озодлик: Сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Сабаби мен бошқа нарса, деб билмайман. Бу коррупциями¸ мен билмайман сабабини. Ҳеч айтишмайди. Мана телевидение бор¸ радио бор. “Ўртоқлар шунақа муаммо бўлиб турибди” деса бўлмайдими? Катта бошлиқларимиз халқни ўйлаб, Туркманистон чегарада нейтрал зонада заправка қуриб қўйибди Ўзбекистон аҳолиси учун деб. Шу заправкалар мана турибди. Бизнинг ҳокимларми¸ бировлар бориб туриб, Туркманистон билан гаплашса¸ бензинни халқнинг ўзи валютага бўлса ҳам олаверади. Мана машиналарни автосалонларда валютага олаяпмиз-ку. Бензинга ҳам топамиз валюта. Қайси замонларда яшаб юрибмиз¸ тарихда ҳеч бунақа бўлмаган. Дардингизни кимга айтишингизни билмайсиз. Жуда қизиқ аҳволлар бўлаяпти бу Хоразмда¸ дейди хивалик Матëқуб.


Ўшдаги яқинларим бедарак

дейди Фарғонадан қўнғироқ қилган нафақахўр амаки.

- Ҳар куни мана "урди¸ сўкди¸ олиб чиқиб кетди" деяпти. Буларга бир қарайдиган одам борми? ООНдан тарафини оладиган одам борми деган ерим. Нимага деганда бизнинг ҳам қариндошимиз бор¸ бошқамиз бор. Дараги йўқ билмаймиз. Шуларга бир ëрдам беришнинг иложи борми, деяпман-да. Булар уй-жойидан¸ бошқасидан айрилган¸ яна олиб чиқиб кетиб ураяпти. Қариндошларимнинг ҳали дарагини билмаяпман.

Озодлик: Қариндошларингиз қаерда сизни?

- Ўшда. Шаҳидтепа тарафда эди-да. Шундай ичим ачишиб ўтирибман. Улар йўқ мана. Дараги ҳам йўқ. Телефонлашай десам¸ телефонларини ҳам билмайман¸ дейди фарғоналик нафақахўр амаки.


Каримовга лой чапламанг

дейди ўз исмини яширган ва ўзининг тошкентлик эканини айтган муштарий.

- Менинг оиламда отам бор¸ онам бор. Мен шуларга қулоқ соламан¸ чизиғидан чиқмайман. Ҳар бир оиланинг қонуни борми ўз уйида? Бор. Шунга ўхшаб Ўзбекистоннинг қонуни борми? Бор. Президентимиз борми? Бор. Отахонимиз ўша. Шунинг айтганидан чиқишимиз керак эмас. Мен ўзим бир-иккита чет давлатларга бориб келдим. Бизнинг Ўзбекистондай тинч жой ҳеч жойда йўқ. Оллоҳга шукур мана. Шунинг учун ҳамма нарсани ҳадеб ўйламасдан гапиравериш керак эмас. Нима кераги бор? Ҳар кимнинг ўзининг оиласини судраши қийин-ку. Худди шунга ўхшаб отахонимизга қийин бўлаяпти. Худо хоҳласа, кейин секин-секин яхши бўлиб кетиши мумкин. Ҳадеб Каримовга лой чаплайвермасин-да¸ дейди тошкентлик муштарий.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG