Линклар

Москвада самолётни қўлга олмоқчи бўлган шахс ҳибсга олинди


Москванинг Домодедово аэропортида бортида 105та йўловчи бўлган самолётни қўлга олиш уриниши бартараф қилинди.

Хабарларга кўра, Минеральные воды шаҳридан Москвага учган самолётдаги бир эркак экипаж аъзолари ва йўловчиларга таҳдид қилган.

Самолёт ерга қўнганидан кейин махсус жойда тўхтатилган.

Музокара давомида йўловчилардан бирининг мазаси қочган.

Шундан сўнг самолётга шифокорлар сифатида кирган хавфсизлик хизмати ходимлари босқинчини қўлга олишга муваффақ бўлди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг тергов бўлими вакили Татяна Морозова мухбирларга ҳибсга олинган шахс Қозоғистон фуқароси эканини, тинтув пайтида унинг ёнидан қуроллар ёки портловчи моддалар топилмаганини айтди.

- 39 ёшли Магомед Патиев Қозоғистон республикасида туғилган ва шу мамлакатда яшайди. Ҳозирда у ишсиз. Олдин у тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган. У самолёт учишидан олдин спиртли ичимлик ичганини айтди, деди Россия ИИ вазирлиги расмийси.

Гумондор шахс самолётни қандай қилиб назорат қилгани номаълум.

Расмийларга кўра, у Бош вазир Владимир Путин билан сўзлашишни талаб қилган.
XS
SM
MD
LG