Линклар

logo-print

Роберт Гейтс махфий ҳужжатлар ошкор қилинганини кескин қоралади


Пентагон раҳбари¸ Афғонистондаги ҳарбий амалиëтларга доир махфий ҳужжатларни ошкор қилганларнинг жазоланишини таъкидламқода.

Пентагон раҳбари¸ Афғонистондаги ҳарбий амалиëтларга доир махфий ҳужжатларни ошкор қилганларнинг жазоланишини таъкидламқода.

АҚШ Мудофаа вазири Афғонистон урушига оид минглаб махфий маълумотнинг оммага ошкор қилингани АҚШ ҳарбийлари ва иттифоқчилар хавфсизлигини хавф остида қолдирганини айтмоқда.


- Махфий ҳужжатлар оммага ошкор қилинганининг жанг майдонидаги оқибати қўшинларимиз, иттифоқчиларимиз ва афғонистонлик ҳамкорларимиз учун жуда ёмон ва хавфлидир. Айни пайтда муносабатлар ва дунёнинг ушбу муҳим минтақасидаги обрўмизга путур етказиши мумкин, деди Роберт Гейтс.

Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган АҚШ Мудофаа вазири махфий ҳужжатларни тарқатган WikiLeaks интернет сайти АҚШ ҳарбийларининг тактика ва техникаси ҳақидаги маълумотларни Қўшма Штатлар душманларига етказиб берганини айтди.

Роберт Гейтс бундай воқеа қайтарилмаслиги учун Қўшма Штатлар жанг майдонидаги воқеаларга алоқадор махфий маълумотларни сақлаш тартибини зудлик билан қатъийлаштиришга киришганини айтди.

АҚШ Мудофаа вазири махфий маълумотлар ошкор бўлганидан кейин ўзига нисбатан хавф туғилган ҳар қандай шахсни ҳимоя қилишга Қўшма Штатлар маънавий жиҳатдан масъул эканини айтди.

- Биз ўз қўшинларимиз, ҳамкорларимиз, айниқса, бизга ишонч билдириб бирга ишлаган одамларга нисбатан таҳдидни камайтириш, шунингдек, улардан ўч олинишининг олдини олиш учун бор имкониятни ишга солишдек маънавий масъулиятга эгамиз, деди Роберт Гейтс.

АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондаги уруш тафсилотларини акс этган қарийб 92 мингта махфий маълумот оммавий ахборот воситаларига Wikileaks сайти орқали ошкор бўлди. Бу маълумотларнинг бир қисмини Тhe New York Times газетаси, шунингдек, Британияда чиқадиган The Guardian ва Германиянинг Der Spiegel журнали чоп этди.

Хусусан¸ Тhe New York Times газетаси Афғонистонда АҚШ ва НАТО ҳарбийларига маълумотлар етказиб турган ўнлаб шахснинг исмини ошкор қилди.

29 июл куни Афғонистон президенти Ҳамид Карзай НАТО ва АҚШ кучларига маълумотлар етказиб турган афғонистонликлар исм-шарфлари ошкор қилинганини “ўта масъулиятсизлик” дея баҳолади.

Чоршанба куни АҚШ Мудофаа вазирлиги Афғонистондаги уруш ҳақидаги махфий маълумотларни Wikileaks интернет сайтига қайси шахс ёки шахслар берганини аниқлаш борасида текширув олиб борилаётганини¸ бу борада ёрдам сўраб Федерал тергов бюросига мурожаат қилинганини билдирган эди.

Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этган АҚШ қуролли кучлари Бирлашган штаби бошлиғи¸ адмирал Майк Маллен махфий маълумотлар ошкор қилинганини “масъулиятсизлик” дея атади.

- Мен бу ҳатти-ҳаракатлардан жунбушга тушдим. Ҳар қандай ақли расо одам¸ ҳатто битта махфий маълумотни оммага ошкор қилишдан аввал чуқур ўйлаб кўради. Бу ерда эса¸ уруш олиб бораётганлар ҳақидаги ўн минглаб махфий маълумотлар ҳақида гап боряпти, деди адмирал Майк Маллен.

Wikileaks сайти асосчиси Жулиан Эссанж ўз ташкилоти минглаб махфий маълумотни оммага ошкор қилмагани¸ балки ноширлар ҳужжатларни чоп этишдан аввал одамлар исмларини ўчириб ташлашлари кераклигини айтди.
XS
SM
MD
LG