Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:04

Ўзбекистонда тест синовлари - ким ва қандай синовдан ўтади?


Ўзбекистонда ота-оналар учун "тест синови" энг оғир бўлган ўқув даргоҳларидан бири Тошкент ҳуқуқшунослик институти экани айтилади.
Ўзбекистонда ота-оналар учун "тест синови" энг оғир бўлган ўқув даргоҳларидан бири Тошкент ҳуқуқшунослик институти экани айтилади.

1 август куни Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун яна бир тест синовлари бошланади. Мамлакатдаги таълим масканларининг ким ошди бозорига айланиб бораётганидан гапирган Озодлик манбалари¸ бу синовларнинг ëшлар билими эса¸ балки улар ота-оналари чўнтаги учун синов эканини айтмоқдалар.



Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳар йили ўтказиладиган тест синовлари Давлат тест марказидан 1 август куни эрталаб олий ўқув юртларига етказиб берилган бюллетенлар, яъни савол-жавоблар мажмуаси асосида ўтади. Бу савол-жавоблар давлат сири даражасида қўриқланади¸ уни ҳозирлайдиганларнинг бевосита Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назоратида ишлаши айтилади ва белгиланган тартибга кўра¸ тестда тушадиган саволлар рўйхати ва улар "калити" республика бўйлаб синовлар бошланишидан саноқли соат аввал очилиши керак.

Бироқ Озодлик суҳбатлашган манбалардан маълум бўлишича, йиллардан бери бу савол-жавоблар мажмуаси, ҳали улар жойланган қалин папкалардаги муҳрлар бузилмасдан туриб, унинг абитурентлар ва ўқитувчилар тили билан айтганда “Х” варианти аллақачон жойлардаги тегишли одамлар қўлига етиб борган бўлади.

Бу “Х” вариант ҳақида сал кейинроқ тўхталамиз. Ҳозир эса, ўз билимига ишонмаган абитуриентларни дадасининг пули ёки амали воситасида ўқишга олиб кириб қўядиган яна бир усул ҳақида тўхталсак. Буни “бункер” деб аташади.


"Бункер"

Пул ёки таниш-билишчилик орқали талаба бўлмоқчи бўлган абитуриентлар имтиҳонни “бункер” орқали топширишади. “Бункер”нинг нима эканидан бевосита хабардор тошкентлик домлалардан бири Маҳмуд Аъзамов уни шундай таърифлаб беради:

- "Бункер" деган нарса бўлади. Миллий университетда шунақа нарса бор¸ "бункер" дейишадида. Жаргондада бу. Биладиганлар¸ шу соҳада ишлайдиганлар билади. "Бункер" дегани абитуриентлар маълум бир гуруҳга йиғилади. Бу гуруҳ ректорнинг¸ проректорнинг гуруҳи бўлади. Ўша гуруҳлардан бюллетенларни йиғиб олиб чиқиб кетишади. Аълочи студентларни олдиндан йиғиб олишади. Уларни битта хонага жойлаштиришадида¸ савол қоғозлари бинодан ташқарига чиқмайди. Бошқа хонага олиб кириладида тўғри жавоблари белгиланиб¸ имтиҳон тамом бўладиган пайтда болаларга олиб чиқиб берилади. Кейин болалар ўзи тўлдиргандай қилиб топшириб чиқиб кетишади. Шуни бункер дейишади. Аълочи болалар бункерда ўтиргандай бўладида. Бу аълочи талабаларнинг “хизмат ҳақи” эвазига уларнинг контракт пуллари тўлаб берилади ёки келишилган пул берилади, дейди тошкентлик ўқитувчилардан бири Маҳмуд Аъзамов.

Унга кўра, айрим ҳолларда махсус одамлар ҳатто ўқишга киритилиши лозим бўлган талабалар учун ана шу аълочи студентлар акси туширилган, бироқ номи исми абитуриентники бўлган қалбаки паспортлар ҳам ясаттириб беришади. Аълочи, билимли ўқувчи имтиҳонга абитуриент фамилияси билан киради, дейди Маҳмуд Аъзамов.


“Х” вариант

Бевосита Давлат тест марказидан сизиб чиқиши айтиладиган тест синовларининг “Х” варианти билан “бункер”даги аълочи талабалар шуғулланмайди. Чунки “Х” вариантини билган бола учун “бункер”дан ёрдам сўраш шарт эмас. Хўш, “Х” вариантининг ўзи нима? Маҳмуд Аъзамов бу вариантни шундай тушунтирди:

- “Х” вариант деганимиз¸ давлат тест имтиҳонлари учун тайёрланган савол-жавобларнинг сир ҳолатидан ташқарига сизиб чиқиши. Бу Давлат тест марказидан чиқадими ёки саволларни тайёрлаган мутахассислар ташқарига чиқаришадими, бунисини ҳеч ким билмайди. "Х" вариантни қўлга киритган гуруҳлар махсус уйларда талабаларга ўша жавобларни ёдлатади. Ўша хонага кириб чиқадиган абитуриентлар трусиcигача текширилади, токи бу вариант ташқарига чиқиб кетмаслиги учун, дейди ўзи ҳам абитуриентларни тест имтиҳонларига ҳозирлаш билан шуғулланадиган Маҳмуд Аъзамов.

Унга кўра, "Х "вариантнинг Давлат тест марказидан сизиб чиқиши ҳар йили давом этмоқда.

- Узоғи билан бир ой олдин одамларнинг қўлига тегишни бошлайди у. Чунки буни сир сақлашадида. Ҳали мутахассисларнинг қўлида ҳам бўлмайдида. Тарихни алоҳида¸ она тилини алоҳида¸ инглиз тилини алоҳида тузадиган тўртта-бешта одамларга ишониб топширилади. Кейин улардан олинади ва Давлат тест марказига топширилади. Аслида бу сир сақланиши керак. Ҳеч кимнинг қўлига тегмаслиги керак. Лекин чиқиб кетади. Жуда кўп жойларга тарқаб кетади бу нарса. У мутахассисларнинг қўлидан чиқиши ҳам мумкин¸ Давлат тест марказидан чиқиши ҳам мумкин. Унинг қаердан чиққанини олган одам билади¸ дейди тошкентлик репетиторлардан бири Маҳмуд Аъзамов.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ўзбекистон олий юртларининг бирида ишлаётган ўқитувчининг айтишича, “Х”вариант билан шуғулланиш имтиҳонларга тахминан бир ой вақт қолганда бошланади. “Х” вариантни қўлга киритган шахслар ўзига яқин домлалар воситасида ўқишга пул билан кирмоқчи бўлган абитуриентлар гуруҳини тўплайди. Бу гуруҳлар махсус квартираларда жуда қаттиқ тартибда ўқитилиб, “Х” вариантдаги саволларнинг тўғри жавоблари тўтиқушдай ёдлатилади, дейди ўқитувчи:

- 1 август куни имтиҳон бошланади. Лекин ҳозир деярли ҳамма жойда¸ ҳамма вилоятларда¸ Тошкент шаҳрида махсус шуғулланадиган домлаларнинг гуруҳлари бор. Булар болаларни 1-2 ой тайëрлайди. Уларнинг қўлига иложи борича¸ улар олишоладими ëки йўқми¸ Давлат тест марказида қилинган¸ деб шпаргалкалар олинади. Алоҳида квартираларга жойлаштирилади ва ëдлатилади. Алоҳида квартираларда уларнинг қўлларига берилади. Бу¸ айниқса¸ тест бошланишига бир кун қолганда берилади. Болалар ўша шпаргалка бўйича тайëрланади. Омади чопгани кириб кетади. Кимнинг омади чопса¸ кейин домлалар факултетларга қараб 1500-2000-2500 доллар олишади¸ дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган Ўзбекистон олий юртларининг бирида ишлаётган ўқитувчи.


"Янги ва янги хилма-хил"

Самарқанд давлат университетининг ўз исмини ошкор қилинмаслигини сўраган доценти сўзларига кўра, тест имтиҳонлари пайтида ҳозир абитуриентлар янги ва янги усулларни қўлламоқда. Жумладан, дейди домла¸ “Х” вариантидаги тўғри жавобларни ташқаридан туриб етказиш учун махсус кўзга кўринмас мосламалар ҳам ишлатилмоқда ва бу жараённинг ҳаммасини ўша имтиҳонни кузатиб турганлар яхши билади:

- Лекин шундай фикрлар ҳам мавжуд. Мен сиздан уни яширмайман. Махсус хизмат ходимларининг ўзлари киргазиб беради¸ деган фикрлар ҳам мавжуд. Ана шуни йўқ қилиш керак. Чунки давлат бу¸ дейди Самарқанд давлат университетининг ўз исмини ошкор қилинмаслигини сўраган доценти.


Ҳар бир соҳанинг нарх рейтингги бор


Бу гапни айтган доцентнинг сўзларига кўра, айни пайтда Самарқанд давлат университетига ўқишга кириш қайси факультет эканлигига қараб шундай баҳоланади:

- Санъатшунослик факультети 2000-3000 доллар¸ тарих ва ҳуқуқшунослик 4000-5000-6000 доллар. Қолганлари калласи жойида бўлса¸ киради.

Озодлик: Сизнинг фикрингизча¸ абитуриентларнинг неча фоизи ўз кучи ва билими билан эмас, балки пора ёки таниш-билиш орқали ўқишга кириши мумкин?

- Санъатшунослик факультети 100 фоиз¸ жисмоний маданият 10-15 фоиз. Чунки чемпионлар бор¸ бошқалар бор¸ мумкин эмас. Ижтимоий иш бор. Ижтимоий ишда ҳам ижодий иш бор. Ижтимоий иш факультети бор. Ўшанга ҳам 80 фоиз аниқ пул билан киради. У ерга бирорта одам калла билан кира олмайди. Тарих¸ иқтисод ва ижтимоий иш учалови шундай¸ дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган Самарқанд давлат университети ўқитувчиси.

Норасмий маълумотларга кўра, Тошкент ҳуқуқшунослик институти ва Тошкент Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети энг қимматбаҳо олий ўқув юрти ҳисобланади ва бу олийгоҳларга ўқишга кириш 10 минг доллардан 30 минг долларгачани ташкил этади.

Бу олийгоҳларнинг коллеж ва лицейларига ўқишга кириш ҳам пулсиз бўлмайди, дейди тошкентлик Абдуқаҳҳор Мусаев Тошкентдаги ҳуқуқшунослик коллежини мисол қилиб келтирар экан:

- Кеча оғайним келган эди. Ўғли бу йил битириб юридическийга кираркан. Гаплашибди. Хуллас 800 дан бошлабди¸ 1200 да тўхтабди. Уже пулини берибди. 100 фоиз дебди энди¸ Худо билади. Ҳозир ишонч йўқ одамларга¸ дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Айни пайтда вилоятлардаги олийгоҳларнинг нархлари ҳар хил баҳоланади. Масалан, Намангандаги олийгоҳлардан бирига ўқишга ҳужжат топширган абитуриентнинг амакиси Аброр Шарипов шундай дейди:

- Ҳар замонда оғиз очиб қўяяпти. Кам учрашганим учун батафсил сўраганим йўқ. 2500 долларга имтиҳонда тушадиган шпаргалка дейдику¸ шунақа нарсаларни ўқитувчилар олиб келиб бериб¸ ҳозир кириш умидида у ҳам шунақа томонига гаплашган¸ дейди Намангандаги олийгоҳлардан бирига ўқишга ҳужжат топширган абитуриентнинг амакиси Аброр Шарипов.


Ўзбекистондаги таълим соҳаси - чириган дарахт?

Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги коррупция муаммоси ҳукуматни ҳам гўёки ташвишга солаётган кўринади. Гарчи шу йилнинг 26 февралида президент Ислом Каримов фармони билан Ўзбекистон Халқ таълими вазири Ғайрат Шоумаров ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Азимжон Парпиев бир кунда лавозимидан бўшатилган бўлса-да, кузатувчилар бу соҳада жиддий ўзгариш бўлишига ишонмайдилар.

Наманганлик биология фанлари номзоди, доцент Алижон Обидовнинг айтишича, олий таълим системаси порахўрлик¸ коррупция улкан дарахтдай шохлаб ва ғовлаб кетган. Бу дарахтнинг бир-икки шохини кесган билан уни йўқотиб бўлмайди. Ва энг даҳшатлиси шундаки, дейди бу ўқитувчи, миллат саводсиз бўлиб боряпти, ўқимишли ва билимли болаларга эркин илм олиш имконияти чекланиб қолди ва охир- оқибат Ўзбекистон расмийлари ҳар куни бонг уриб келаётган ёруғ келажак қоронғулашиб боряпти:

- Меҳнаткаш¸ ҳалол¸ ўқийдиган одамлар кўп¸ лекин уларга имконият йўқ. Улар ўзининг кучи билан ўқийдиган бўлса¸ паст баҳо олади. Пулини тўлайдиганлар¸ таниш-билиши борлар юқори баҳони олиб кетади. Адолатсизлик болаларда ëмон из қолдиради. Келажакда улар шу адолатсизликни бир неча баробар кучайтирган ҳолатда қўллайди. Ўзбекистонда дипломли одамлар сони ўта юқори¸ саводхонлик паст даражада. Халқнинг боласи яхши тарбияланмаяпти. Халқни таназзулга¸ давлатни таназзулга¸ кучсизлантиришга олиб келади.

Биологияда шундай гап бор: Дарахтнинг битта катта шохини қирққанингиз билан ëнидан бачкилаб чиқади. Илдизи билан олиш керак уни. Дарахтнинг илдизи ерда бўлади. Бунинг илдизи деяëтганим маорифни давлат даражасида қўйиб¸ муҳокама қилиб ислоҳ қилиш керак. Бунинг учун битта министрни ўзгартириш¸ битта кураторни ўзгартириш шамолни вақтинчалик тўхтатиб турадию¸ яна орқасидан яна бўрон бўлаверади. Шунинг учун маорифни Сенат даражасидами¸ Қонунчилик палатасидами кўриб¸ тасдиқланиб¸ қонунни амалда бажармаган қайси раҳбар бўлса¸ жазолансин дейдиган қўшимча бир нарсалар киритмаса¸ буни яқин ўртада тугатиб бўлмайди¸ дейди биология фанлари номзоди, доцент Алижон Обидов.

XS
SM
MD
LG