Линклар

logo-print

Ўш дафтари: "Давлатим - душманим"

  • Сарвар Усмон

Ўшдаги ўзига тўқ ўзбеклар бугун қирғиз милицияси нишонига айланмоқда.

Ўшдаги ўзига тўқ ўзбеклар бугун қирғиз милицияси нишонига айланмоқда.

22 июл. Шу кунларда кўпчилик ўзбекнинг кўнглидан мана шу гап ўтаётганига гувоҳ бўлдим: кўпчиликнинг кўпчилиги бу гапни дилидан тилига чиқарди-да.



Кимдир кенг маъно бераяпти бу таъкидга. Кимдир – тор маъно.

Ҳикматилло ҳожининг дарвозаси.
Ўшлик Ҳикматилло ҳожи кенг маъно берадими, тор маъноми – буни бугун эрталаб, уйида тинтув бошланганида билмас эдим.

Кунимиз ўша тинтувдан бошланди.

"Ҳов, анаву бозордаги кўприкни солган Ҳикматиллода", дейишингиз билан ҳар бир ўшлик дарҳол танийдиган ҳожининг уйидаги тинтув етиб борганимизда бошланиб кетган экан.

Ҳикматиллонинг Калинин кўчаси маҳалласидаги уйи олдида тумонат одам – асосан аёллар. Қулоқни қоматга келтирадиган қий-чув. Дарвоза олдида елкасида погони бор камуфляж кийган 5-6 қуролли.

Погонида иккита юлдузи бори ҳужжатларимизни текширди. Ичкарилашга изн берди. Кирдик. Яна қий-чув.

Икки-уч онахон йиғлаяпти.

Яна бири қарғаяпти.

Чақалоғини кўтариб олган келинчак бизни тинтув бўлаётган хонага тортаяпти.

Тинтув

Ўрта яшар бир неча жувон тинтувчилар билан баҳслашаяпти...

Бирдан мовий камзул кийган бир неча киши пайдо бўлди ҳовлида. Баъзилари хорижлик. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги вакиллари эканликларини билдик камзулларидаги ёзувдан.

Бирдан ҳовли портлаб кетгандай бўлди: биз ҳали кириб боришга улгурмаган тинтув ўтаётган хонадан хотин-халаж аралаш тинтувчилар чиқди.

"Подставка қилмоқчи бўлишди", деб қичқирарди жаҳлу аламдан бўғриқиб кетган жувон. "Ҳожининг хотинимикан?" деб ўйладим.

Ҳовлидаги онахоннинг қарғишлари оламни тутди.

Тинтувчи ўзини оқламоқчи бўларди.

Диққатимиз кейинги сонияда ҳовли тўридан яна дарвозахонага кўчди. Қарасак, ўша томондан тинтувчилар бошлиғи келаяпти. Пешвоз юрдим. Бошлиқ БМТ вакилларига тинтув тугаганини айтаётган эди. Қўлимда видеокамера ишлаб турибди. Натижани сўрадим. "В этом доме ничего противозаконного не найдено", деди бошлиқ. Камерага ёзиб олдим.

Тинтувчиларнинг Ҳикматилло ҳожи хонадонига кириши қанча вақт олганини билмайман, лекин қайтиб кетишлари жуда тез кечди.

Улар кетдию лекин маҳалла анчагача тинчимади. Ҳожининг Санжар ўғли икки ўртоғи билан кечадан бери мелисахонада эканлигини айтишди. Озод қилиш учун ҳар бири эвазига 5 минг доллардан талаб қилишаётганларини айтишди.

Бу информацияни текшириб кўриш иложсиз эди.

Текшириб кўриш иложсиз, лекин Ўшнинг ҳар бир кўчасида шу кунда мана шундай гап: қўлида борларнинг, давлати борларнинг ўзи ёки болаллари изловда, улар қўлга олиниб эвазига пул талаб қилинаяпти.

Республика Ўзбек миллий-маданий маркази президенти, мамлакат парламенти экс-депутати Жалолиддин Салоҳиддиновнинг қаердалиги номаълум. Унинг офисида тинтув ўтказилгани, қурол топилгани хабар қилинган. Ўшлик ўзбеклар бу хабарга ишонмасликларини айтишди.

Мамлакат парламенти экс-депутати Иномжон Абдурасуловнинг қаердалиги номаълум. Унинг қариндош-уруғлариникида тинтув ўтказилгани, қурол топилгани хабар қилинган. Ўшлик ўзбеклар бу хабарга ишонмасликларини айтишди.

Ўш вилоят ўзбеклари жамияти президенти, мамлакат парламенти экс-депутати Даврон Собировнинг қаердалиги номаълум. Ҳовлиси узра ҳарбий вертолёт учганидан, қанотлари уйининг томига тегай-тегай, деб бир неча дақиқа турганидан сўнг қўшнилари "кетинг энди Давронбек" дейишибди. Унинг қўшнилари менинг ҳам қўшниларим. Улардан ўзим эшитдим.

Култепага айланган ўзбек ҳовлилари.
2005 йилги март инқилобидан кейин Ўш вилоятига бир муддат ҳокимлик қилган Анвар Ортиқовнинг ота уйи, ҳозирда жиянларига – марҳум акаси, техника фанлари доктори Мухтор Ортиқовнинг ўғилларига қолган уйнинг ёндирилганини кўрдим.

Парламент экс-депутати Алишер Собировнинг "Евроосиё" чойхона-ресторан комплексидан қолган култепаларни кўрдим.

Ўшликлар кейинги йилларда таниб қолган шаҳар кенгаши депутати Дилшод Мўминовнинг ҳибсда сақланаётганига бир неча кун бўлди...

Дилшод Мўминов ҳам бадавлат ўшликлардан.

Тилга олганларим тинч яшаш ва ҳаракатланиш ҳуқуқидан мосуво қилинган, шаҳар, вилоят ва бутун мамлакат миқёсида танилган ўзбеклардан баъзилари¸ холос.

Довруғи маҳалласидан нарига чиқишга улгурмаганлар ҳам таъқиб қилинаётганини кўрдим.

Хитойчи бойлардан бири, жўрам С. ўшалардан бири.

С. ўшлик бадавлат ўзбеклардан. Эди.

Бугун уни изладим. Тополмадим. Тунов куни опкетишибди. Эртаси куни қўйворишибди. Ўшандан бери йўқ. Ташқарига чиқиб кетди, дейишди билганлар.

С.нинг Фурқат қишлоғида иккита – бири чоғроқ, иккинчиси катта чойхонаси борийди. Катта йўл бўйида.

Катта йўл бўйида таги магазин икки қаватли уйи борийди. Чойхоналари ҳам, уйи ҳам аввал таланиб, кейин ёндирилди.

Икки йил олдин, таътилга борганимда бўлганман жўрамнинг уйида, эндигина кўчиб кирган экан.

Уйни, ундаги жиҳозларни кўриб ҳавас қилганман.

Чет элда неча ўн йил ишласам менинг ҳам уйим шундай бўлишини хомчўт қилганман ўзимча.

Тўполонлардан кейин, айтишларича, С. қўл қовуштириб ўтирмади. Ўқ еган ўғли бироз ўзига келгач, ҳамқишлоқларининг куйиб кетган ҳужжатларини қайта тиклашга ёрдам беришга киришди. Лекин, унинг айби борийди – бадавлат ўзбек эди – олиб кетишди.

Кейин қўйиб юборишди. Тафсилотларини билмаслигимни айтдим.

Лекин Ўшдан кетиб қолмаганида С. билан бугун учрашган бўлардим.

"Э-э-э, оғайни, давлатим душманим экан", деган бўларди у.

Фақат, кенг маънода айтаяптими, бу гапни, тор маънодами – тушунмаган, бўлардим.

Тушунмаганимни сўраган бўлардим.

Сўролмадим. С. бугун Ўшда эмас.
XS
SM
MD
LG