Линклар

Ўзбек-қозоқ чегарасида 47 та уй бузиб ташланиш арафасида


Май посëлкаси аҳлининг айтишича¸ бузилиши белгиланган 47 ҳовли ўрнида ўзбек-қозоқ чегарасини ажратадиган йўл қурилади.

Май посëлкаси аҳлининг айтишича¸ бузилиши белгиланган 47 ҳовли ўрнида ўзбек-қозоқ чегарасини ажратадиган йўл қурилади.

Пойтахт Тошкентдан 15 километрча шимол-шарқида жойлашган Май посëлкасидаги ҳовлиларни бузиш тўхтамаëтир. Ўзбек-қозоқ чегарасини демаркация қилиш жараëнида бузилаëтган бу уйлар учун на товон пули ва на эвазга уй бериш ҳақида гапирилмаëтгани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.


Ўзбек-қозоқ чегарасининг ярми Қозоғистон¸ ярми Ўзбекистон ҳудудида қолган Май посëлкасининг ўзбек қисмидаги ҳовлиларни ўзаро чегарани аниқлаш мақсадида бузиш 2004 йили бошланиб 2008 йилга қадар давом этган эди.

Орадаги танаффус чоғида ўз ҳовлилари бузилмаслигига умид қилиб турган яна 47 оила 22 июл куни Қибрай туман ҳокими Неъмат Муҳаммедовнинг шахсан ўзидан уйларининг тез орада бутунлай бузиб ташланиши ҳақидаги хабарни эшитган.

Улар орасида Май посёлкасининг уйи бузилиш арафасида турган яшовчиларидан бири Бердимурод Сарсенбаев ҳам бор:

- Қачон бузишини¸ қанча пул беришини билмаймиз. Қибрай туман ҳокими келди. 2008 йилда бузилган. Биринчи этапда чегаранинг ичида бўлганларнинг ҳаммасини бузишди. Ҳозир иккинчи этап. 50 метр у ëғини бузмоқчи. 50 метр¸ кейин яна 300 метрмиш. Ҳокимга айтдик бизлар. Мана биринчи этапда уйи бузилганлар ҳалигача квартирама квартира кўчада яшашаяпти. Ҳозирги ҳоким “Бу аввалги ҳокимнинг иши. Бу билан менинг ишим йўқ. Аввалги ҳоким ишдан ҳайдалди¸ бўшатилди” деди. Ҳамма жойга хат ëзганмиз. Жавобини кутаяпмиз. Йиқитишга ҳаққи йўқку¸ ëки борми? Қонунку қонун. Беш йилдан бери азобда яшаяпмиз. На қуришни¸ на экишни¸ на бошқа қуришни билаяпмиз. Берадиган пуллари мизерний. Уйим 12 га 30. 13 миллион 700 минг беришаяпти. Бу 6000 доллар дегани. Бизларнинг шароитда 6000 долларга ҳеч нарса қура олмайсиз. Бир хонали квартира 7000 доллар бўлаяпти. Менинг уйим етти хонали яшайдиган уй, дейди уйи ҳокимият қарорига кўра бузилиш арафасида турган майликлардан бири Бердимурод Сарсенбаев.

Май посёлкасида истиқомат қилувчи 60дан ошган Виталий Моисеев¸ айни қисматнинг ўз бошига иккинчи маротаба тушаëтганини айтади. 2004 йили уйи бузилгач¸ Май посëлкасининг бошқа чеккасидан айнан ҳокимлик берган ерда уй тиклаган Моисеевнинг янги уйи ҳам яна бузиладиган.

- Биз ўша пайт ҳокимиятдан товон пули олганмиз. Шу пулга мен қайтадан ажратилган ерда уй қурдим. Энди яна мени уйим бузилиш қисмига тушибди. Бошида ҳоким имзоси билан ахир ер ажратилган эди. Кимдир товон пулини олиб кетди, мен эса қолиб қайтадан уй қурган эдим. Мана ҳозир яна чегара ва уйлар орасида йўл бўлиши керак¸ деб уйларни бузмоқчи. Аммо чегара билан уйлар орасида йўл бор.Улар атайлаб уйларни кам пул бериш учун арзон баҳолаяпти, деб шикоят қилади яна бир ҳовлиси ўзбек-қирғиз чегарасидаги демаркация чизиғига тушиб бузилиш арафасида турган Виталий Моисеев.

Турли миллат вакиллари яшовчи Май посёлкасидаги ўнлаб ҳовлилар ичидан яқинларгача қўшни давлат - Қозоғистонга бемалол ўтиб-қайтиш мумкин эди. Олти йил олдин Ўзбекистон ва Қозоғистон бундай "ноқонуний" ўтди-қайтдини тўхтатиш мақсадида ўнлаб уйларни йиқитган ва орага чегара чизиғи тортган эди. Қозоғистон томонидаги Май посёлкаси аҳолиси товон пули ва ажратилган ердан мамнун бўлган бўлса, Ўзбекистон томонидаги аҳоли ўшанда ҳам ҳовли-жойидан ажраб¸ ҳеч вақосиз қолганига нисбатан норозилигини билдириб келмоқда.

Тошкент вилояти Қибрай туман ҳокими ўринбосари Раҳмонали Хўжақулов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон - Қозоғистон чегарасини демаркациялаш жараëнини якунлаш учун Май посëлкасидаги 47 ҳовлини бузиш шарт эканини айтади:

- Ўша кўчирилаëтган хонадонларнинг ҳаммаси чегарадан 10-20 метр узоқликда жойлашган. Чегаранинг¸ ўзингиз биласиз¸ демаркация зонаси бор¸ юрадиган зонаси бор. Масофа бўлиши керакку хонадонлар ва чегара симлари ўртасида. Орада эса масофа йўқ. Чунки энг яқини 10 метр. 50 метргача бўлган масофадаги уйларни кўчираяпмиз¸ холос. Ҳаммасини инвентаризациядан ўтказганмиз. Ҳаммасининг масофасини кўриб чиққанмиз. Битта ҳоким ëки ҳоким муовини эмас¸ махсус комиссия бор. Ҳар битта хонадонни бузиб кўчириш осон эмаску. 47 та хонадон киритилган. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан белгиланган тартибда уларга якка тартибда уй-жой қуриши учун ер майдони ажратдик. Масалан¸ битта хонадонда 6 сўтик ер участкаси бўладиган бўлса¸ шу ерда учта оила яшаëтган бўлса¸ учта участка бераяпмиз. Ўша оилага олти сўтик эмас 18 сўтик участка берилаяпти. Чўлдан ëки қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ердан ажратилаëтгани йўқ.

Май посëлкасида бузилиши белгиланган ҳовлилардан ўнтасининг¸ ҳоким ўринбосарининг айтишича¸ шу йил сентябр ойининг охирига қадар бузилиши режаланган¸ қолганларининг аниқ бузилиш муддати ҳали номаълум.

Қибрай туман ҳокими ўринбосари Раҳмонали Хўжақулов¸ уйи бузиладиганларга ажратиладиган компенсация қиммати ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди.

- Давлат бюджетида белгиланган тартибда 47 та уйнинг ҳаммаси нархланган. Тахминан 584 миллион сўм. Биздан қурилиш материаллари квоталанган нархда олиб берилса¸ кўчириш учун техника берилса¸ ëқилғидан ëрдам берилса¸ биласизку ҳашар йўли билан ëрдам беради¸ биз уларни кўчага чиқариб ташлаб қўяëтганимиз йўқку. Ҳали бузишни ҳам бошлаганимиз йўқ. Ҳозир ер ажратдик. Фундаментлар қуйилаяпти. Қурувчи ташкилот ўша уйларни қуриб беради. Шундан кейин олиб чиқилади, дейди Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими ўринбосари Раҳмонали Хўжақулов.

Қибрай расмийлари Май посëлкасидаги уйларни бузиш жараëнининг Вазирлар маҳкамаси қарори асосида адолатли тарзда амалга оширилаëтганини таъкидлаб турган бир пайтда¸ посëлкадаги уйлари бузилишга тушган оилалар бунинг тескарисини таъкидламоқда.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги хусусий уйларнинг бузилиш жараëнининг ҳуқуқий жиҳатларини бевосита ўрганаëтган тошкентлик ҳуқуқ фаоли Владимир Ҳусаинов¸ ҳокимият ва уй эгалари ўртасида бораëтган бу можарода ҳуқуқий меъёрлар бузилаëтганини айтади.

-Ўзбекистонда “Ер” кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг махсус низоми бор.Унда давлат эҳтиёжи учун аҳолидан ерни олиш тартиби кўрсатилган. Унга кўра, маҳаллий аҳоли 6 ой олдин ёзма равишда ҳовлилари бузилишидан огоҳлантирилиши лозим. Май посёлкасида эса фақат оғзаки огоҳлантиришмоқда. Иккинчидан, аҳоли рози бўлиши учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ ажратилади. Мен ўйлайманки, мана шу ажратилган маблағни маҳаллий хукумат вакиллари ўзлаштиришмоқчи бўлишган. Шу боисдан¸ Май посёлкасидаги бузиладиган уйлар учун ўта кулгили даражадаги кичик товон пули белгиланган. Шуни ҳам Қибрай туман ҳокими ярмини аввал бериб, қолганини ярим йилдан кейин беришини айтган. Бу қонунбузарлик ахир, дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Владимир Ҳусаинов.
XS
SM
MD
LG