Линклар

Ўтунбаева Ўшда куйдирилган ўзбек маҳаллаларига борди

  • Сарвар Усмон

Роза Ўтунбаева 30 июл куни Боткенга ҳам борди.

Роза Ўтунбаева 30 июл куни Боткенга ҳам борди.

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева 30 июл куни Ўшга қилган сафари давомида босқинчилар ҳужумидан катта зарар кўрган, Увом бўйи гузаридан бошланадиган Шавкат Раҳмон ва Помир кўчалари аҳолиси вакиллари билан учрашди.



Увом бўйи гузарида ўтказилган учрашувда иштирок этишга тилга олинган кўчалар аҳлидан 20га яқин кишига рухсат берилди.

Учрашувда иштирок этган увомликлардан бири, Лев Толстой номидаги мактаб директори ўринбосари Олтиной Тилаволдиеванинг айтишича, президент Ўтунбаева маҳалла вакилларига ҳукуматнинг ёндирилган уйларни қайта тиклаш режаси тўғрисида айтиб берган.

- Уйларимизнинг янги проектларини чизиб кепти. Ундан кейин бизга “Бу ëғи ўзингларнинг хоҳишингларга ҳавола. Қайсини танласанглар ўша” деб тендерга қўйиб кетди. “Хоҳласангизлар олдида огородлари бор коттежлар бўлади” деди. Уч-тўрт хил вариантларни олиб келиб¸ проектларини катта қилиб ëйиб¸ чиқаришиб полиграфияда¸ чизиб қўйиб кетишди. Фақат ўзингларнинг хоҳишингларга қараб¸ деяпти.

Озодлик: Уни қуриш учун маблағни ким сарфлайди?

- Давлат томонидан пул ажратилди¸ деди. 27 да конференция бўптию. “Ана шу масалада ҳал бўлди бу масала. Сизларнинг уйларингни қуриш учун давлат томонидан пуллар ажратилди. Донорлар ҳам таклиф қилинаяпти. Донорлар ҳам ëрдам берадиган бўлаяпти. Биз ишни бошлаймиз ва уларнинг ëрдами билан бир-икки ойнинг ичида сизларни уйларингларга киргизамиз” деди¸ дейди Ўшнинг Увом бўйи маҳалласидан Олтиной Тилаволдиева.

Чиндан ҳам 27 июл куни Бишкекда Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш масаласига бағишланган донор давлатларнинг халқаро анжумани бўлиб ўтган, унда Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева мамлакат жанубини қайта тиклаш учун 1 миллиард 200 миллион доллар халқаро ëрдам сўраган эди.

Сўровга жавобан донор давлатлар Қирғизистонга 1 миллиард 100 миллион доллар ëрдам беришга рози бўлган¸ бироқ бундай ëрдам учун муайян шартлар қўйган эди.

Халқаро ҳамжамиятнинг ëрдам эвазига қўйган шартлари ҳақида BBC жаҳон хизмати БМТ расмийсининг президент Ўтунбаевага йўллаган мактуби асосида хабар тарқатди.

Анжуман арафасида БМТ масъул вакилининг президент Ўтунбаевага йўллаган мактубида¸ Ўш ва Жалолободни қайта тиклашнинг июн ойидаги миллий низодан энг кўп зарар кўрган ўзбеклар зиëнига бўлмаслигини кафолатлаш сўралганди. Унда, жумладан мана бундай дейилган:

"Зўравонликлар оқибатида жабр кўрганлар¸ асосан Қирғизистондаги ўзбеклар бўлди. Қайта қуриш ва қайта тиклаш режалари уларнинг хусусий мулкига ҳам таъсир кўрсатадиган бўлса¸ бу ўзини шундоқ ҳам ҳимоясиз сезаëтган ўзбеклардаги ҳимоясизлик ҳиссини янада кучайтириб юборади. Улар хусусий мулкининг товон пули ëхуд кўп қаватли уйлардаги квартираларга алмаштирилиши ҳозиргидай кескин муҳитда ўзбекларнинг ўзларининг давлат томонидан таъқиб қилинаëтганлари хусусидаги ишончига фақат ишонч қўшади. Зўравонликлар давомида уларнинг мол-мулк ва ўз шахсиятига оид ҳужжатларининг йўқ қилиб юборилгани кимнинг ким экани¸ қайси мулк эгаси ëки меросхўри эканини аниқлаш ва шу билан боғлиқ кейинги жараëнларни жиддий мураккаблаштиради"¸ дейилган Қирғизистон президенти номига БМТ расмийсидан юборилган мактубда.

Шунга ўхшаш фикрни 27 июл кунги анжумандан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Жаҳон банки вакили Теодор Алерс ҳам билдирган эди.

Лекин шунга қарамай, президент Ўтунбаева 30 июл куни Увом бўйи аҳолиси вакиллари билан учрашар экан, Олтиной Тилаволдиеванинг айтишича, Помир кўчаси четларида икки қаватли уйлар қурилажаги тўғрисида айтган.

- Йўлнинг бетидаги уйлар икки этажли бўлади¸ деди. Ичкаридаги уйлар ўз хоҳишингларга қараб бўлади деди¸ дейди Олтиной Тилаволдиева.

Шуни айтиш керакки, Помир йўли Увом дарёси соҳилидаги Увомбўйи гузаридан бошланади. Йўлнинг бир тарафи Ўшга, бошқа томони Қорасув туманига қарайди. Ёндирилган уйлар, асосан, Қорасув туманига қарашли.

Ўш шаҳар мэри Мелисбек Мирзакматовнинг июн воқеаларигача тузган режасига кўра, йўлнинг ҳар томони 10 метрдан 20 метрга кенгайтирилиши керак.

Демак, йўл бўйидаги уйларни бузиш Мирзакматов томонидан аввалдан режалаштирилган эди.

Озодлик мухбири куни кеча Ўшда бўлганида увомбўйиликлар шаҳар ҳокимининг ана ўша режасидан шикоят қилгандилар.

Донор мамлакатларнинг талабларига қарамай, президент Ўтунбаева, увомбўйиликлар билан учрашувда Ўш шаҳар мэри режасини қўллаб-қувватлаган бўлиб чиқмоқда ва увомбўйиликлар Озодлик билан суҳбатда бу режадан хавфсираётганини яна бир бор таъкидладилар.

Президент Ўтунбаева 30 июл куни Ўшда ўтказган учрашувларидан бирида мана бундай деди:

- Биз бу инқироздан чиқиб кетишимиз керак. Бир-биримиздан ўч олишга ўтсак, Қирғизистон Чеченистонга айланиб кетиши мумкин. Партизанлар урушига айланиб кетиш хавфи мавжуд, деди Роза Ўтунбаева.

Бас шундай экан, президент Ўтунбаеванинг Ўш шаҳар мэри режасини қувватлаши тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Увомбўйиликларнинг фарзандлари шу маҳалладаги Лев Толстой номидаги мактабда ўқийдилар. Мактаб ҳам маҳалладаги уйларга қўшиб босқинчилар томонидан ёқиб юборилган.

Мактаб микрорайонидаги уйлардан 160таси 11, 12, 13 июн кунлари аввал талон-тарож қилиниб, кейин ёқиб юборилган, натижада 1109 киши шу кунда бошпанасиз.

Ўша кунлари таркибига Увом бўйи маҳалласи ҳам кирадиган Шарқ қишлоқ ҳукумати ҳудудида 42 киши ўлдирилган, 6 киши бедарак йўқолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG