Линклар

Россия ёнғинларида 20 киши нобуд бўлди


Россиянинг марказий минтақаларидаги ўрмонларда рўй берган ёнғин оқибатида камида 20 киши нобуд бўлди, 100дан ортиқ шахс турли тан жароҳати олди.

Нобуд бўлганлар орасида Ўт ўчирувчилар хизмати ходимларининг ҳам бўлгани айтилмоқда.

Россия расмийларига кўра, сўнги 24 соат давомида Воронеж ва Нижний Новгород вилоятларида 818та хонадон ёниб кул бўлган.
Рязан ва Нижний Новгород вилоятларидан эса 3 000 дан ортиқ киши хавфсиз жойга эвакуация қилинган.

Нижний Новгород вилоятига сафар қилган мамлакат Бош вазири Владимир Путин ёнғинда ёниб кул бўлган Верхная Верея қишлоғи аҳолиси учун янги уйлар қурилиши ва ҳар бир кишига 6600 доллар миқдорида ёрдам кўрсатилишини билдирди.

- Биз маблағни вилоят ҳисобига ўтказамиз, ҳокимият мутасаддилари эса қишгача уйларни қуриб бера оладиган ширкатни танлаб улар билан шартнома имзолайди, деди Владимир Путин.

Ўрмон ёнғинлари Москва вилоятида ҳам кузатилмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, Москва яқинидаги Мохово қишлоғида 10га яқин уйга ўт кетган ва ўт ўчирувчилардан камида уч нафари тан жароҳати олган.

Айни пайтда¸ Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги табиий офат рўй берган ҳудудларга қўшимча куч ва техника жалб қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
XS
SM
MD
LG