Линклар

Яна бир Ўзбекистон фуқароси Россия суди устидан ғолиб чиқди


Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россиядан бошпана топган кўплаб ўзбекистонликлар ҳақларининг тикланишига ëрдам бермоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россиядан бошпана топган кўплаб ўзбекистонликлар ҳақларининг тикланишига ëрдам бермоқда.

Жорий йилнинг 29 июлида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Ўзбекистон ҳукумати томонидан Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб халқаро қидирувга берилган ва Россияда қўлга олинган Абдумуталиб Каримовни аризасини қондирди.


Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди чиқарган қарорда айтилишича¸ Россия ҳукумати ўзбекистонлик Абдумуталиб Каримовга нисбатан Инсон ҳақлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш бўйича Европа конвенциясининг 3, 13-моддалари ва 5-модданинг бир қатор бандларини бузган. Россия хавфсизлик ва адлия тизимларининг БМТ Қочқинлар идорасига қочқинлик мақоми беришни сўраб мурожаат қилган Каримовни тегишли суд қарорисиз бир йил қамоқда ушлаши ва биринчи уч кун давомида ҳуқуқий ҳимоя билан таъминламагани ва Ўзбекистонга экстрадиция қилмоқчи бўлганига ана шундай баҳо берилди.

Абдуматалиб Каримов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан нафақат Андижон воқеалари, балки террор ташкилотлари, жумладан “Ҳизбут-Таҳрир”га алоқадорлик, террорчилик хуружларини амалга ошириш, конституциявий тузумга тажовуз, оммавий тартибсизликларни уюштириш каби бир қатор оғир жиноятларда айбланиб халқаро қидирувга берилган.

2008 йилнинг сентябрида Россия Бош прокуратураси 2005 йилда Россиянинг Йошкар-Ола шаҳрига бориб ўрнашган Абдумуталиб Каримовнинг қочқинлик мақоми ҳақидаги сўрови ҳал бўлишини кутмасдан, уни Ўзбекистонга топшириш ҳақида қарор чиқарди. Россия Олий суди бу қарорни тасдиқлаб уни қонуний кучга киритди. Страсбургга етиб борган Каримовнинг арзи суд томонидан кўриб чиқилди ва Суднинг 39-регламенти бўйича уни экстрадиция қилиш тўхтатилди.

Озодлик билан суҳбатда Абдумуталиб Каримов Европа суди ҳукмининг ўзи учун кутилмаган бўлганини айтади:

- Мен анчадан бери бу қарорни кутиб турган эдим. Кутилмаганда хабар келиб қолди. Мен фарзадларим, оилам билан шу ердаман. Бу қарордан жуда кўп нарса кутaяпмиз. Кичкинаси ҳужжатлари ҳам етарли бўлмаганлиги учун ўқишга бора олмаётган эди. Худо хоҳласа¸ албатта¸ энди яхши бўлиб кетади. Бу қарордан кутилаётган оқибат анча. Мени Страсбургда ютиб чиқишимга сўзсиз "Ивановолик ўзбеклар"нинг ёрдами анча бўлди, мана Елена Рябининага ҳам катта раҳмат¸ дейди асли андижонлик Абдумуталиб Каримов.

Абдумуталиб Каримов¸ Страсбург суди қарори билан Россия адлия тизими чиқарган ҳукм ижросидан қутулиб¸ боз устига товон пули олаëтган биринчи ўзбекистонлик қочқин эмас. Бунга қадар Европа суди Ўзбекистонда диний эътиқоди учун қидирувга берилган Муҳаммадсолиҳ Абутов¸ қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ Россияда Ўзбекистон сўровига мувофиқ бир неча йил қамоқда ушланган "Иваново ўзбеклари" деб ном олган гуруҳнинг 13 аъзосини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақидаги Россия суди ҳукмларини бекор қилган¸ бундан ташқари ҳақлари бузилган ўзбекистонликларга товон пули тўлаш ҳақида қарор қабул қилган эди. Европа Кенгашининг аъзоси сифатида Россия Страсбург суди қарорларига бўйсунишга мажбур.

Европа судида Абдумуталиб Каримовни манфаатларини адвокат Роман Зильберман билан бирга ҳимоялаган ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина Страсбург суди Россия хавфсизлик ва адлия тизимларида йўл қўйилаëтган ҳуқуқбузарликларни тузатишнинг сўнгги чорасига айланганини айтади :

- Сўнгги пайтларда Россияда бадарға этиш масаласида асосий бўлмасада, лекин муҳимлардан бири ҳисобланган бир вазият кўзга ташланмоқда: экстрадицияни кутаётганларнинг ҳеч бўлмаса ҳибсда сақлаш муддатлари узайтирилмоқда, яъни уларни бирданига бериб юбориш тўхтатилди. Бу бизнинг Россиядаги ютуғимиз. Лекин бунинг учун биз Страсбург судини арзлар билан тўлдириб ташладик. Яъни Россияда вазият тўлиқ яхшиланди¸ десак нотўғри бўлади. Мен биладиган Ўзбекистон масаласига оид ишлар юзасидан Страсбург суди бирор марта ҳам рад жавобини бермаган! дейди асосан Марказий осиëлик қочқинлар ҳақларини ҳимоя қилиб келаëтган Елена Рябинина.

Бу ҳуқуқ фаолига кўра, Россия ҳукумати учун ўз хавфсизлик ва адлия тизимларининг ҳуқуқбузарликлари қимматга тушмоқда ва охирги бир неча йил ичида Россия Страсбург қарори билан ўз ҳудудида ҳақлари бузилганларга ярим миллион евро миқдорида товон тўлаган:

- Ўтган йилнинг ноябр ойидан буён мен Ўзбекистон ва Тожикистонга бадарға қилиш билан боғлиқ 6-7 янги ишларни олиб бормоқдаман. Тасаввур қилинг, бу менинг бир ўзим қилаётган иш. Уни Россияга, Украина, Қозоғистонга кўпайтиринг... Охири кўринмайди! Шунга қарамасдан, Абдумуталиб Каримонинг ғалабаси кейинги кўриб чиқиладиган ўзбекистонликларнинг ишларида жуда катта ёрдам беришига ишонаман, дейди йиллардан бери Марказий Осиёлик қочқинлар ҳақларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаëтган россиялик ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Абдумуталиб Каримов иши юзасидан чиқарган қарори¸ Россия ва бошқа яқин хорижда Ўзбекистондаги таъқибдан қочиб юрган ўзбекистонликлар учун некбин хабар¸ дейди “Иваново ўзбеклари”дан бири Искандар Усмонов:

- Андижон воқеаларидан кейин жуда кўп инсонлар турмаларга тушди, қолганлар ўз юртини ташлаб муҳожирликка чиқиб кетишга мажбур бўлди. Муҳожирликда ҳам ўзбек ҳукумати томонидан қидирувга берилиб мана қанчаси ҳозир Россияда, Қозоғистонда, Украинада қўлга тушмоқда. Ҳақиқат эгилади, букилади,лекин синмайди. Бу инсонлар бирин-кетин озод қилиняпти. Бундай озод этишлар бир кун эмас, бир кун Россия ҳукуматини қулоғига етиб боради ва бу ерда жиддий ислоҳотлар ўрнатилишига аминман,
деди ўзи ҳам Россияда айни таъқибларни бошидан кечирган Искандар Усмонов.
XS
SM
MD
LG