Линклар

Расмий Бишкек Қирғизистон жанубида юзага келган тангликни юмшатиш учун қирғиз ва ўзбек жамоалари ўртасидаги ярашув ҳақида бонг ураётган, кузатувчилар эса ярашув ғоялари авваламбор матбуотда тарғиб этилиши лозим деб турган пайтда, бундай кайфият қирғиз матбуотига кўчгани кузатилмайди.

Ўш ва Жалолобод шаҳарларида июн ойида юз берган қирғинлардан сўнг Қирғизистон матбуоти асосан мазкур воқеаларнинг оқибатлари ва ҳукумат томонидан кўрилаëтган чоралар ҳақида ёзмоқда.

“Алиби” газетасида “Қирғизистон 1,1 миллиард долларга баҳоланди” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолада сешанба куни Бишкекда бўлиб ўтган Халқаро донор давлатлар конференцияси ҳақида гап боради.

Мазкур анжуман якунида халқаро ҳамжамиятнинг Қирғизстонга 1,1 миллиард доллар ёрдам беришга тайёр экани эълон қилинган ва бу катта маблағнинг аксар қисмини Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайтадан тиклаш ва Қирғизистон иқтисодиётини ривожлантириш учун сарфлаш борасида расмий Бишкек ва донорлар келишиб олгани айтилган эди.

Қирғизистонга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 52 полиция маслаҳатчисини жойлаштириш масаласи маҳаллий матбуотда кескин танқидларга учрамоқда.

“Бу масала аҳоли ўртасида қизғин баҳсларга ва айрим жойларда норозилик акцияларига сабаб бўлди", дейилади “Форум” газетасида.

Газетанинг “Геосиёсат қурбонига айланмайлик” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақоласида муаллиф ЕХҲТ Қирғизстонни иккинчи Косовога айлантирмоқчи эканлиги ҳақида иддао қилади. Мақолада айтилишича, полициячилар Қирғизистонга киргандан сўнг ўз сиёсатини юргизиши мумкин ва “этник озчилик” хуқуқини ҳимоя қилиб, ўзбекларга автономия бериш ғоясини илгари суриши мумкин.

“Общественний рейтинг” газетаси ҳам Ғарб мамалакатлари Қирғизистонда Косово сценарийсини қайтаришмоқчи бўлаётгани ҳақида ёзади.

“Қирғизистонда Косово сценарийси муқаррарми?” сарлавҳали мақолада Сербия билан Қирғизистон ўртасида солиштирма олиб борилади. Муаллифнинг ёзишича, аслида Сербияга тегишли бўлган Косовода этник албанларнинг кўпайиши урушга олиб келган ва Ғарб мамлакатлари Косовони Сербиядан ажралишини қўллашган. "Худди шу сценарий Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод шаҳарларида ҳам юз бериши мумкин ва ЕХҲТ поличиячилари бунга сабаб бўлиши мумкин", дейилади мақолада.

“Қирғиз туусу” газетаси бу масала бўйича бошқа фикрга эга. Газетанинг “ЕХҲТнинг полициячиларини сиёсатчилар билан адаштирмаслик керак” сарлавҳаси остида чиққан мақоласида Европадан келаëтган полициячилар БМТнинг тинчликни сақлаш кучларидан фарқли ўлароқ қуролсиз бўлиши айтилади. "ЕХҲТ полициячилари маҳаллий милиция сифатини оширишга хизмат қилиб, уларга ўзбек аҳолиси билан ишлашга ёрдам беради", дейилади мақолада.

Ўш ва Жалолбод шаҳарларида содир бўлган қирғинларданг сўнг Қирғизистон бўйича миллатчилик ғоялари кенг тарқала бошлангани сир эмас. Бундай кайфиятни қирғиз тилидаги матбуотда ҳам ҳис этиш мумкин.

“Аалам” газетида чоп этилган “Пойтахтни Ўшга кўчирмасак, жанубдан айриламиз” сарлавҳали мақолада Қирғизистоннинг жанубида ўзбекларнинг сони кўпайиб кетганлиги ва пойтахтни жанубга кўчириб, қирғизларнинг сонини у ерда кўпайтириш кераклиги ҳақида айтилади. Атантай Акбаров исмли муаллиф фикрича, Ўш ва Жалолободдаги ўзбек болалар боғчалари, илмий даргоҳлар ва оммавий ахборот воситаларини умуман ёпиб ташлаш керак. “Ўзбек томошабинларига давлат телеканалларида бир соатлик эфир ҳам етади. Ахир Ўзбекистондаги қирғизларга ўн минут ҳам берилмайди-ку”, дейилади мақолада.

“Аалам” газетининг бошқа бир мақоласида хам миллатчилик ғоялари яққол сезилиб туради. “Миллатини суйган миллатчи эмас” сарлавҳаси остида чиққан мақолада муаллиф Қирғизстонда истиқомат қилувчи этник ўзбеклар ҳаддидан ошиб кетганлиги ва керагидан ортиқ шарт-шароит талаб қилаётканлиги хақида ёзади. “Ўзбекистонда истоқомат қиладиган 250 минг этник қирғиз чурқ этмай бош эгиб яшаяпти-ку”, ёзади муаллиф.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG