Линклар

logo-print

Эркин микрофон - Ҳақсизликдан толган ўзбеклар

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Қирғизистон жанубидаги қирғиндан сўнг кўтарилган эҳтирослар тўлқини бир оз пасая бошлаши билан¸ ўзбекистонликлар яна эски мавзулар - ўз ҳаëтларидаги адолатсизлик ва йўқчиликдан гапиришга тушдилар.

“Ўзбекистонда бензин қаҳат бўлди”

дейди Сирдарё вилоятидан қўнғироқ қилган Бахтиёржон:

- Сирдарë¸ Жиззах вилоятларидан озгина шикоятимиз борда. Оддий фуқароман. Бензин масаласида. Сирдарë¸ Жиззах вилоятларида умуман бензин бермаяпти. Кечаю кундуз бирорта шаҳобчадан топа олмайсиз. Фақат Тошкент шаҳрига бориб қуйиб келаяпмиз. Шу билан бир ҳафта¸ 10 кун қимирлаб турибмиз. Бу атрофда йўқ. Бахтимизга олиб сотувчилар бор. 2000 дан сотишаяпти. Ўшалар ҳам Тошкентдан олиб келишаяпти. 10 кундан бери шу аҳвол.

Озодлик: Сабабини айтишаяптими?

- Йўқ. Ҳамма ҳар хил гап айтаяпти. Кимдир машиналарнинг ҳаммасини газга ўтказиш мақсадида дейди. Яна бензинни ташқарига чиқариш деган гаплар ҳам бор¸ дейди сирдаëрлик Бахтиëржон.


“Ўзи хон¸ кўланкаси майдон”

дея таъриф беради Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги Бардамкўл манзил колониясидан маҳкумларни назорат қилиб туриш учун Бўстонлиқ туманидаги ғишт заводига юборилган милиция ходимига, шу заводда ишлаётган маҳкумлардан бири. Унга кўра, Абдували исмли милиция ходими ғишт заводида ишлаётган маҳкумларни хўрлаяпти:

- Жазони ўташ учун манзилли колонияларга жўнатилган эдим. Ҳозирда жазойимни ўтаяпманда. Биз бу ерда 22 кишимиз. Бу ерга шартнома асосида ишга келганмиз. Бу жазони ўташ нимасида бизга жуда катта қийинчилик бўлиб кетаяпти. Ҳозир бизни шартнома асосида ғишт заводига жўнатишган. Бу ерга кунига 12 соатдан ишлаймиз. Бизни бошқариб турган бир ходимимиз биздан пул талаб қилиб шунақа ишлар қилаяптида.

Озодлик: Фамилияси¸ унвони борми?

- Унвонини ҳам¸ фамилиясини ҳам билмаймиз. Бизга ўзининг исми билан таништирган. Исмини бизга Абдували деган. Биз ғишт заводида ишлаëтган бўлсак¸ очиқ жойда ишлаганимиз туфайли ëмғир пайтида ғишт чиқаришнинг иложи йўқда. Ëмғир ëғиб қоладиган бўлса¸ ëмғир ëққандан кейин ҳам ер қуримасидан туриб ҳам ишга чиқишга мажбур қилади. Одам касалман деса¸ докторга бориб келиш учун шарт-шароит бермайди¸ дейди Бўстонлиқ туманидаги ғишт заводида ишлаётган маҳкумлардан бири.


“Инсон қадри қолмади бу жамиятда”

дейди Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидан йиғлаб қўнғироқ қилган инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Саодат Отахонова:

- (Саодат опа гапирмасдан озгина вақт йиғлаб турди)

Озодлик: Нима бўлди опа?

- (йиғлаб) Биласизми¸ ëмон қийналиб кетдим.

Озодлик: Опа¸ озгина ўзингизни босиб олинг.

- (йиғидан тўхтамай) Қанақа қилиб босишим керак? Неча йилдан бери қандай босишим керак?

Озодлик: Нима бўлди? Сал тушунтириброқ айтинг.

- (йиғлаб) Ниҳоятда чарчадим. Орган ходимлари менга қарши чиқишидан чарчадим. Улар билан курашавериб чарчадим мен. 2010 йилнинг апрел ойида¸ акам арендага Нексия олиб минарди¸ акам қўлга тушган. Ишга чиқишига бир кун бўлмасдан “рейд ўтказаяпмиз” деб қўлга тушди. 500 тами¸ 600 тами машинани қўлга туширишган. Ахир ҳеч қаерда иш бўлмаса¸ қанақа қилиб тирикчилик қилиш керак? Шу йўл билан тирикчилик қилаëтса¸ бунга қўйишмаса.

Суднинг ëнига бордим. Тушунтирдим ҳолатни. “Давлатга 188 минг 400 сўм штраф тўлайсзилар” деди. Бўпти деб бировдан 20 минг қарз олиб банкка бориб 70 минг тўладим. Уйимга бугун ижрочилар бориб “188 минг 400 сўми тўламабсан” деб уруш-жанжал қилибди. Менга огоҳлантириш қилиб ҳеч қандай қоғоз бергани йўқ. Уйимга тўғри бостириб боришаяпти. Оғзига келган гапни гапиришиб¸ ҳозир ижрочилар ëнига кириб “118 минг қолган эди. Майли ўша пулни мен тўлай” десам¸ умуман ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Умуман у ерга мени яқинлаштиришмади. Қаерга тўлашимни ҳам билмайман. Тушунаяпсизми? Итни ҳам бунақа хўрлашмайди бу ерда. Менинг айбим ҳуқуқ ҳимоячиси бўлганлигимми? “Майли¸ мен ўша пулни тўлай. Қаерга тўлашим ҳақида қоғоз беринглар” десам¸ “йўқ” деб беришмаяпти. Ë бошқа нарса қилишмаяпти. Мақсади нима уларнинг мен билмаяпман¸ дея ўз ҳасратларини .............. Саодат Отахонова.


“Раҳмат, Юлдуз опа!”

Россиядаги қирғизистонлик қочқинлардан бири Нигорахон, Қирғизистондаги ўзбекларни оғир пайтда қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага миннтадорчилик билдиради:

- Мен Юлдуз опага миннатдорчилик билдирмоқчиман. Юлдуз опа биз қирғизистонлик ватангадоларни шунчалик ўйлаб¸ бизга жон куйдириб гапирган гаплари учун жуда ҳам хурсанд бўлдик. Юлдуз опага катта раҳмат айтаман. Илойим ишларига омад. Умрлари узун бўлсин¸ дейди Россиядаги қирғизистонлик қочқинлардан бири Нигорахон.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG