Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:37

Покистонга табиий офат келди


Тошқинда қолганлар жони ва молини сақлашга уринмоқда.
Тошқинда қолганлар жони ва молини сақлашга уринмоқда.

Покистон шимолида ёққан тинимсиз ёмғин ортида рўй берган сув тошқинлари ва ер кўчкилари оқибатида сўнгги уч кун мобайнида 400дан ортиқ киши нобуд бўлди¸ ўн минглаб одам бошпанасиз қолди.


Сўнгги кунлар мобайнида Покистон шимолида ёққан кучли ёмғир 400дан ортиқ кишининг ёстиғини қуритди.

Ёмғир ортидан рўй берган сув тошқинлари ва ер кўчкилари асосан Покистоннинг Ҳайбар Паҳтунква ва Кашмир вилоятларида кузатилди.

Ҳайбар Паҳтунква вилояти расмийлари минтақада фавқулодда ҳолат эълон қилиб, Покистон ҳукуматини табиий офат оқибатларини бартараф этишга кўмаклашишга чақирдилар.

Вилоятнинг Ахборот масалалари бўйича вазири Миан Ифтиҳор Ҳусайннинг Озодлик радиосига айтишича, табиий офатдан Ҳайбар Паҳтунква вилоятининг барча 24 тумани зарар кўрган.

- Аслида вилоятнинг ҳеч бир тумани хавфсиз эмас. Энг катта сув тошқини вилоятимизда 1931 йилда рўй берган, бироқ ҳозирги сув тошқини кўлами анча катта. Ўшанда сув кўлами секундига 175 минг куб литрга етган, ҳозир эса сув 250 минг куб литрга етмоқда. Минтақада яна кўпроқ сув тошқинларининг бўлиши ҳам кутилмоқда, деди вилоят расмийси.

Ҳусайн сўзларига кўра, энг кўп талофот асосан Сват водийсида кўрилган. Маълумки, жорий йил бошида Покистон қўшинлари Сват водийсига ўрнашиб олган толибон жангариларига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб борган эди.

- Сват водийси инфратузилмаси жангарилар томонидан вайрон қилинган эди, улардан қолган нарса эса эндиликда сув тошқинида вайрон бўлди. Шу кунгача табиий офатдан 60 киши нобуд бўлди, 400 минг киши эса турар жойларини тарк этишга мажбур бўлди. Ҳаво яхшиланган сари биз у ерда қолган одамларни эвакуация қилишга уринмоқдамиз. Ҳозирда сув тошқинлари Сват водийсининг Чарсадда ва Новшира туманларига катта тахдид солмоқда, деди вилоят расмийси.

Покистон Метереология хизмати расмийларига кўра, сўнги 36 соат давомида Ҳайбар Паҳтунква вилоятига 30 сантимерт атрофида ёмғир ёққан, бу сўнги 35 йил ичида энг юқори кўрсаткичдир.

Ўтган ҳафта Покистоннинг Балужистон вилоятида ҳам рўй берган кучли ёмғир оқибатида 50дан ортиқ киши нобуд бўлган эди.

Айни пайтда маҳаллий аҳоли қутқарув ишлари талаб даражасида олиб борилмаётганидан шикоят қилмоқдалар. Сват водийсида истиқомат қилувчи Муҳаммад Раҳмон Озодлик радиосига унинг кўпгина қариндошлари ҳануз табиий офат рўй берган ҳудудда қолаётганини айтади.

-У ерда камида 11та қариндошимнинг хонадони бор. Тунда уларнинг уйларини сув босди ва у ердагилар тераликда жон сақлашга мажбур бўлдилар. Биз улар билан эрта тонгача алоқада бўлдик ва ҳеч ким уларга ёрдамга келмади. Эндиликда уларнинг уйи сув тагида қолди ва биз улар билан телефон орқали боғлана олмаяпмиз, деди Муҳаммад Раҳмон.

Айни пайтда Покистон ҳукумати табиий офат рўй берган ҳудудларга ҳарбий бўлинмалар сафарбар қилинганини билдирди.
XS
SM
MD
LG