Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:38

Тожик-қирғиз чегарасида можаро чиқди


Тожик-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудларда сўнгги пайтларда икки мамлакат фуқаролари ўртасида можаролар кўп кузатилмоқда.
Тожик-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудларда сўнгги пайтларда икки мамлакат фуқаролари ўртасида можаролар кўп кузатилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 27 июл куни Сўғд вилоятининг Исфара туманига қарашли Сурх қишлоғи аҳли Боткен туманидаги Кўктош қишлоғига яқин жойлашган 500 сотих ўрикзорни эгаллаб олган. Тожикистон томони Қирғизистон чегара вакилларининг бу иддаоларини рад этмокда.

Исфара шаҳар ҳукумати қошидаги ер тақсимлаш қўмитаси раиси Сирожиддин Каромиддиновнинг айтишича, мазкур масала бўйича Сўғд вилоятининг Боткендаги вакили Ғиёсиддин Ҳасанов ҳам Боткен туман ҳокими билан мулоқот қилган ва айни пайтда масала ҳал бўлган.

- Интернет сайтлари ва айрим халқаро ОАВларининг гўё икки томон чегарани ўзбошимчалик билан тақсимлаб олди, деган хабарлари ёлғон. Аслида қирғиз биродарларимиз бу ерларни аллақачон ўзаро тақсимлаб олишган экан. Бунга Мингбулоқ қишлоқ жамоаси раиси бошчилик қилган. Табиийки, исфараликлар бунга норозилик билдиришган, дейди Сирожиддин Каромиддинов.

Шундан кейин кўктошликлар Боткен чегарачилари ёрдамида тожикистонликларни бу ерлардан қувиб чиқаришган. Бироқ можаро шу билан тугамаган.

- Аслида йигирмадан ортиқ исфаралик чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Қирғизистон ерларидаги ўрикзорда ўрик теришган. Кўктош қишлоғи аҳолиси бундан хабар топиб, уларни инсофга чақирганлар. Лекин исфараликлар бу жойлар Тожикистонга қарашли эканлигини айтиб, ўз юмушларини давом эттирганлар. Шундан кейин кўктошликлар Боткен чегарачиларини ёрдамга чақиришган, дейди боткенлик бу одам.

Унинг айтишича, исфараликлар орадан бир муддат ўтгач, тожик чегарачилари ҳамроҳлигида келишган. Икки давлат чегарачилари бир неча соат давомида мулоқот қилишган. Лекин натижа бўлмагач, чегарага икки туман ҳокимиятлари вакиллари келгандан кейингина одамлар тарқалишган.

Эртасига исфараликлар ва кўктошликлар яна чегарада баҳс қилганлар. Бундан хабар топган икки туман раҳбарлари чегарага етиб келишган ва можарони ҳал килиш юзасидан музокара қилишган. Аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилган. Бироқ тожиклар ҳам, қирғизлар ҳам масала ҳал бўлмагунга қадар жойларидан жилмасликларини айтишган.

- Айни пайтда муаммо ҳал бўлди. Икки туман расмий вакилларининг аҳоли билан мулоқоти самара берди. 500 сотих ердаги ўрикзорлар исфараликларга қарашли эканини қўшни Боткен расмий вакиллари ҳам тан олишди. Шунинг учун мазкур ерлар тожикистонликлар ихтиёрида қолди. Чегара ўзбошимчалик билан демаркация қилинмаган. Бундай амалиётлар фақат икки республика ҳукуматлари қарори асосида амалга оширилади, деди Исфара шаҳар раиси вазифасини ижро этувчи Субҳониддин Ашуров.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Тожикистоннинг Исфара ва Қирғизистоннинг Боткен туманлари ўртасидаги чегарада можаролар тез-тез чикиб турибди. Сўнгги йилнинг ўзидаёқ икки республика аҳолиси ва куч ишлатар тузилма вакиллари ўртасида олти марта можаро юзага келди.

- Айтайлик, исфараликнинг сув келадиган қувурини боткенликлар кесиб ташлашди, боткенликнинг ерини эса исфаралик тортиб олди. Натижада можаро. Република ҳукумат вакиллари келади, кўради, эшитади ва “масалани ҳал қилинглар” дея маҳаллий ҳукумат аъзоларига топшириқ берадию кетади. Назаримда, хукуматдорларнинг катта хатоси шундаки, улар икки халкнинг фикрига қулоқ солмаяпти. Ахир бу ерда аҳоли яшайди-ку, раҳбарлар эмас. Шундай экан, муаммони биргаликда ҳал қилмоқ лозим, дейди таҳлилчи Неъмат Мирсаидов.

Таҳлилчининг сўзларига кўра, республикалар раҳбарлари чегарани демаркация қилиш масаласини пайсалга солмай, музокараларни тезлаштириш керак. Акс ҳолда, бундай можаролар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG