Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:09

Андижон қамоқхонасининг ёпилиши айтилмоқда


Андижондан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги шаҳардаги қамоқхонани шу йилнинг охиригача ёпиб ташлайди. Мазкур қамоқхона 2005 йил 13 май куни рўй берган Андижон воқеалари чоғида хорижий оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлганди.

2005 йил 13 май воқеаларида Андижон қамоқхонасидан, расмийларга кўра, қуролланган шахслар томонидан 700 дан ортиқ маҳбуслар озод этилган эди. Улар орасида "Акромийлар" оқимига мансублиги айтилган 23 нафар андижонлик ҳам бор эди.

Айни пайтда мазкур қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган мингдан ортиқ маҳбус Ўзбекистоннинг турли қамоқхоналарига жўнатилмоқда.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнабиддиновга кўра, Андижон шаҳрининг Ўш кўчасида жойлашган қамоқхона босқичма-босқич кўчирилмоқда.

- Андижон қамоқхонаси иккига бўлинган эди: бири тергов ҳибсхонаси эди, бир қисмида қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар жазо муддатини ўтар эди. Шу жазо муддатини ўташ бекор қилиниб, ҳозир кўчирилаяпти. Мана шу йилнинг охиригача бошқа муассасаларга ҳаммаси кўчиб кетади, деган гап бор. Совет давридан бери қамоқхона бўлган. “Критий” турма дейилган. Ўзи бир ярим мингта маҳбусга мўлжалланган. Ҳамма маҳбусларнинг сони ўзи бир ярим мингта. Лекин аншлагда икки ярим мингта ҳам сиғиб кетаверади, деди ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнабиддинов.

Андижон қамоқхонасидагилар қаерга кўчирилаяпти?

Тошкентлик Дилором Исҳоқова Андижон қамоқхонасини кўчириш учун Ўзбекистонда анчадан буён тайёргарлик олиб борилганлигини айтади.

- Навоий вилоятида янги бино қурилаётган эди, ёпиқ қамоқхона. Анча бўлган эди қурилиш бошланганига. Шу қурилиш тугатилибди ва Андижондан маҳбуслар ўша ерга кўчирилибди. Маҳбуслар демак, асосан, Навоийга кўчирилган, деди Дилором Исҳоқова.

Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/Т-1-сонли Андижон шаҳридаги қамоқхонада кўпроқ Фарғона водийсида яшовчилар ҳукм қилиниб, жазо муддатини ўтаётганларнинг қариндошлари учун ёпиқ турманинг яқинлиги маъқул бўлган.

- Мана мени ўзимнинг ўғлим ўтирган эди, кетказиб юборишди. Менга ҳам ёмон бўлди. Кичик ўғлим шу ерда эди. Икки йил қамоқ жазоси берилган эди. Энди ҳозир Бухородаги 25-колонияга ўтказиб юборишди. Узоққа боришингиз ҳам қийин, йўлкира ҳам қиммат, деди андижонлик Саиджаҳон Зайнабиддинов.

“Сизнинг нархингиз 1 сўму 80 тийин туради”


Андижон шаҳридаги турмада 2004 йилдан 2005 йил 12 майига қадар ҳибсда сақланган Шамсиддин Атаматов ҳозирда андижонлик қочқинлардан бири.

2004 йил июнидан бошлаб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан биттама-битта ҳибсга олинган андижонлик 23 тадбиркор мазкур қамоқхонада сақланган эди. Уларнинг яқинлари¸ ҳамкасблари бошлаган намойишлар пировардида 13 май воқеаларига сабаб бўлганди.

12 майдан 13 майга ўтар кечаси Андижон турмасига қилинган ҳужумдан сўнг бошқа аристонлар қатори 23 тадбиркор ҳам қамоқдан чиқиб олган эди.

Шулардан бири Шамсиддин Атаматов мазкур турмани қуйидагича тасвирлайди:

- Биринчи марта кираётганида одамга анча ваҳима, қўрқув соладиган тарафи – эшигидан кирганингиздан кейин маҳбусларни ертўладаги йўл билан олиб кириши. Бу жойларда свет ҳам йўқ, баъзи-баъзи жойига светлар қўйилган. Қамоқхонага кирган пайтингизда сизни кутиб олган одам, жазони ўташ муддатини бошлаган бўлсангиз, руҳан синдириб, бўйсиндириш учун сизга айтадики, “суд қарор чиқарди. Бундан кейин сизни нархингиз 1 сўму 80 тийин туради, яъни сиз ўлсангиз, битта бланка тўлдирилади. Шу бланканинг нархи 1 сўму 80 тийин. Шу учун бу ерда ҳақ-ҳуқуқингни кўп талаб қиламан, деб ўйлама” деган маънода гапирилади, дея хотирлайди Андижон қамоқхонасини Шамсиддин Атаматов.

Андижон қамоқхонаси нега кўчирилмоқда?

Энг аввало, бу саволга жавобни Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармасидан изладик. Бироқ бошқарма ходимларидан расмий жавоб олиш имкони бўлмади.

“Бирдамлик” ҳаракати фаолларидан бири тошкентлик Дилором Исҳоқова қамоқхонанинг кўчирилишини Андижон воқеалари билан боғлайди:

- Беш йил олдинги воқеалардан кейин Андижон бизда Ўзбекистон учун нозик масала бўлиб қолган. Айнан ГУИН системаси учун айниқса. Албатта, ундан жуда қаттиқ хавфсирашади. Андижон қамоқхонасида сақланаётганлар асосан 159-, 244-моддалар билан айбланганлар. Ундан ташқари, ўта ҳавфли жиноятчилар. Унинг учун ҳам унинг кўчирилиши қарор қилинган. Водийдаги ҳамма қамоқхоналар, менимча, секин-секин чўл зоналарига, атрофида аҳоли кам яшайдиган жойларга кўчирилса керак, дея фикрини хулосалайди Дилором Исҳоқова.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнабиддинов қамоқхона кўчирилишига Қизил Хоч ҳалқаро ташкилотининг йил бошидан буён бир неча бор бу ерга келиб кетгани таъсир этган бўлиши мумкин, дея тахмин қилади.

Айни пайтда Европада бошпана топган андижонлик қочқин, собиқ маҳбуслардан бири Шамсиддин Атаматов Ўзбекистоннинг эски қамоқхоналаридан бири бўлган Андижон қамоқхонасининг кўчирилишига бу ерда сақланаётган маҳбусларнинг аксарияти диндорлар ва сиёсий маҳбуслар экани сабаб бўлган бўлиши мумкин, дея фикр билдирди.

- Андижон шаҳрида бир марта бу ҳукумат кўрдию - халқ кўчага чиқди, ҳаққини талаб қилди. Шунинг учун ҳам бу жойда диндорларни, сиёсий маҳбусларни ёки ноҳақ қамалганларни кўп ушлаб туриш давлат учун, менимча, унчалик қулай жой бўлмаса керак. Бу жойда барибир бўлаётган ишлар кўчага эшитилади, “одамлар бундай бўлаяпти экан, бундай ўтирибди экан” деган нарсани ҳар қанча бекитса ҳам кўчага эшитилади. Менимча, давлат шу тарафларидан ҳадиксираса керак Андижон шаҳрида бундай муҳим объектнинг бўлишидан, деди 5 йил олдин Андижон турмасининг ҳибсхонасида сақланган Шамсиддин Атаматов.
XS
SM
MD
LG