Линклар

logo-print

Сангтўда-2 ГЭСи қурилиши кечикишида Ўзбекистон айбланмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари мамлакатдаги гидроиншоотлар қурилиши кечикишига Ўзбекистон томонидан юк вагонлари ушлаб қолгани сабаб бўлаётганини даъво қилмоқдалар.

Тожик расмийлари мамлакатдаги гидроиншоотлар қурилиши кечикишига Ўзбекистон томонидан юк вагонлари ушлаб қолгани сабаб бўлаётганини даъво қилмоқдалар.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги расмийлари иддаосига кўра, Ўзбекистон томони Сангтўда-2 учун мўлжалланган қурилиш материаллари ва техникалар юкланган вагонларни сабабсиз ушлаб қолаётгани туфайли мазкур гидроиншоот қурилиши 6 ойга кечикмоқда.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазири ўринбосари Акрам Султоновнинг билдиришича, Сангтўда-2 ГЭСнинг биринчи агрегати шу йил охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилган эди.

- Агар юк вагонларимиз Ўзбекистон томонидан ушлаб қолинмаганида, биз Сангтўда-2 ГЭСининг биринчи агрегатини шу йил декабрига қадар экспулатацияга топширишга эришган бўлардик. Аммо, афсуски, ўзбек биродарларимиз мазкур ГЭС қурилиши учун мўлжалланган юк вагонларини ҳозиргача сабабсиз ушлаб турибди, дея маълум қилди Энергетика вазири ўринбосари Акрам Султонов.

Тожик расмийсига кўра, Норак, Сангтўда-1 ва Бойғози ГЭСлари қаторида Сангтўда-2 ГЭСи ҳам жорий йилдан электр ишлаб чиқара бошлаганида эди, куз ва қиш мавсумида аҳолини электр билан таъминлаш масаласи ҳар йилгига нисбатан анча осонроқ кечган бўларди.

Сангтўда-2 ГЭСининг илк пойдевори 2006 йил февралида қўйилганди. Душанбедан 120 километр нарида, яъни Вахш дарёси устида қурилаётган мазкур гидроиншоот тожик-эрон илк қўшма лойиҳаси бўлиб, унинг умумий қиймати 220 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Бу маблағнинг 40 миллион доллари Тожикистонга ва қолган 180 миллион доллари эса Эронга тегишлидир. Айни пайтда Сангтўда-2 ГЭСи қурилиш майдонида тахминан 1200 киши ишлаётган бўлиб, шундан 70 фоизи тожикистонлик фуқаролар экани айтилади.

Иккита агрегатдан иборат 220 мВт қувватга эга Сангтўда-2 ГЭС қуриб ишга туширилса, Тожикистонда электр ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 1 миллиард кВт/соатга ошади.

Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетганидан сўнг Туркманистондан электр энергияси транзит қилиш имконини қўлдан берган Тожикистон ҳукумати эндиликда Сангтўда-2 ГЭСини қуриб, ишга туширишга жон-жаҳди билан киришган.

Ортда қолган ҳафта бошида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мазкур гидроиншоот қурилиши билан яқиндан танишиш мақсадида мамлакат жанубига сафар қилган эди.

Сангтўда-2 ГЭСи майдонида қурувчилар билан учрашган президент Имомали Раҳмон мазкур гидроиншоотнинг ишга туширилиши ортидан мамлакатда ва минтақада қатор муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлажагини таъкидлаганди.

- Гидроиншоотлар қуриш билан электр тақчиллиги масаласини ҳал қилибгина қолмай, балки қурғоқчиликдан қийналаётган қўшни республикалар аҳолисини ҳам тоза ичимлик суви билан таъминлай оламиз, дея билдирган эди Сангтўда-2 ГЭСи майдонида Имомали Раҳмон.

Тожик президенти бу гал “қўшнилар ўз давлатида гидроиншоотлар қурилишига тўсқинлик қилаётгани”дан очиқчасига шикоят қилмади.

Аммо давлат раҳбари ишчи делегацияси таркибида бўлган расмийларга яқин ишончли манбанинг айтишича, президент айнан юк вагонларининг ушланиб қолинаётгани ортидан Сангтўда-2 ГЭСи қурилиш жараёни олти ойга кечиктирилаётганидан ташвиш изҳор қилган.

Манбанинг маълум қилишича, “Сангоб” эрон-тожик қўшма корхонаси директори Беҳзод Ислоҳотчи Сангтўда-2 ГЭСи 2011 йил августига қадар тўла ишга туширилишини билдирган.

Аснода Тожикистондаги сиёсий доиралар ҳам, мустақил таҳлилчилар ҳам минтақа давлатлари орасидан Ўзбекистон Тожикистоннинг гидроэнергетик лойиҳаларининг амалга оширилишига мудом қаршилик қилаётганини даъво қилишдан чарчамаётирлар.

Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази масъули Фируз Саидов ҳам ана шундай фикрда.

- Сангтўда-2 ва Роғун каби йирик гидроиншоотларимиз бизни иқтисодий қарамликдан чиқариб, энергетика мустақиллигини қўлга киритишимизга йўл очиб беришини Ўзбекистон ҳукумати яхши англайди. Шу нуқтаи назардан, у томон бу гидроиншоотлар тезроқ битиб ишга туширилишига турли йўллар билан қаршилик қилмоқда, дейди стратегик тадқиқотлар маркази расмийси Фируз Саидов.

Ўзбекистон томони Тожикистонда қурилиши режалаштирилган йирик гидроиншоотларнинг минтақа учун экологик хавфи мавжудлигини таъкидлаб келади. Айни пайтда қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Жаҳон банки, ХВЖ кабилар аксарият ҳолларда Ўзбекистоннинг даъволарида жон борлигини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG