Линклар

Покистон ва Афғонистонда сув тошқинлари давом этмоқда


Покистон ва Афғонистонда рўй берган сув тошқинлари оқибатида 1000 дан ортиқ киши нобуд бўлди.

БМТнинг билдиришича, сўнгги кунлар мобайнида ёққан кучли ёмғир ортидан рўй берган сув тошқини ва ер кўчкиларидан минтақада бир миллиондан зиёдроқ одам зарар кўрган.

Қутқарув ишларига кўмаклашаётган Покистон армияси шу кунгача 19 минг кишини хавфсиз жойга эвакуация қилганини билдирди.

Покистон армияси матбуот вакили генерал Атҳар Аббос табиий офатдан етказилган зарар кўлами кенг экани ва қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигини маълум қилди.

- Сув тошқинлари рўй берган ҳудудда 19 мингдан зиёд киши қутқарилди. Бу улкан рақам. Бироқ айтганимдек, вайронагарчилик кўлами ниҳоятда катта ва айрим минтақалардаги ўлим ҳолатлари ҳамда вайронагарчиликлар ҳақида шу пайтгача маълумот берилмаган бўлиши ҳам мумкин, деди Покистон армияси матбуот вакили.

Хабарларга кўра, сув тошқинларидан энг жиддий зарар кўрган Ҳайбар Паҳтунква вилоятида 40 дан ортиқ кўприк ва минглаб хонадон вайрон бўлган, бир неча минг гектар экин ерлари эса яроқсиз ҳолатга келтирилган.

Сув тошқинлари Афғонистонда ҳам рўй берди ва сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат қурбонлари сони 65 кишига етган, минглаб одам хавфсиз жойга кўчирилган.
XS
SM
MD
LG