Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:25

Қирғизистонга ЕХҲТ полициячилари киритилиши ҳамон баҳс уйғотмоқда


Ўтган ҳафтада Ўш ва Бишкек шаҳарлари марказий майдонларида ЕХҲТ полициячиларининг Қирғизистонга киритилишига қарши намойишлар бўлиб ўтди ва айрим маҳаллий расмийлар, хусусан, Ўш мэри Мелис Мирзақматов бу намойишларни қўллашини билдирдилар.
Ўтган ҳафтада Ўш ва Бишкек шаҳарлари марказий майдонларида ЕХҲТ полициячиларининг Қирғизистонга киритилишига қарши намойишлар бўлиб ўтди ва айрим маҳаллий расмийлар, хусусан, Ўш мэри Мелис Мирзақматов бу намойишларни қўллашини билдирдилар.

Қирғизистонлик мулозимларнинг кўпи мамлакат жанубига ташқаридан полициячилар киритилишига қаршилик қилиб турган бир пайтда минтақадаги экспертларнинг аксарияти ЕХҲТ полициячилари киритилишини фақат олқишлаш зарурлигини таъқидламоқдалар.

ЕХҲТ га аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг июл ойида Олмаотада бўлиб ўтган учрашуви чоғида Қирғизистонга полициячилар миссияси юборилиши ҳақидаги ташаббус қўллаб-қувватланди. Бу ҳақда учрашув якунлари бўйича Қозоғистон ташки ишлар вазири ва ЕХҲТнинг амалдаги раиси Қанат Саудабаев маълум қилганди.

- Бу гуманитар бўҳронни бартараф этиш ва жойларда сиёсий мулоқотни давом эттириш учун шароит яратиши керак. 1 сентябрга қадар гуруҳ Қирғизистон жанубига юборилади. Полициячилар миссияси таркибида ЕХҲТга аъзо давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бўлади, улар ўз мамлакатлари полиция формаларида бўлиб, енгларига қирғиз тилида “ЕХҲТнинг полиция маслаҳатчиси” дея ёзиб қўйилган бўлади, дейди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги қошидаги халқаро ахборот комитети раиси Роман Василенко Қирғизистонга киритилажак полиция миссияси бўйича тафсилотларни баён қиларкан.

Қирғизистоннинг ўзида мамлакатга ЕХҲТ полициячилари миссияси кириши эҳтимоли турлича қабул қилинди. Бу қадам экспертлар ўртасида ҳам турфа хил баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Озодликнинг қозоқ шўъбаси уюштирган давра суҳбатида иштирок этган Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТнинг мамлакат жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш йўлидаги эзгу ниятларини яхши тушунишини қайд этаркан, айни пайтда Қирғизистонга полициячилар миссиясини киритишда баъзи бир салбий жиҳатлар инобатга олинмаётганини айтди.

- Биз Қирғизистон фуқаролари ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал қила оламиз ва шундай қилаяпмиз ҳам. Ҳозир вазият барқарорлашиб қолди. Ташқаридан келган полициячилар бизга керак эмас. Бундан ташқари, улар бизнинг тилимиз, маҳаллий анъана ва урф-одатларимизни билишмайди. Масалан, эртага уларга қарата ўқ отишлари, улар қочишлари мумкин. Мен ЕХҲТ, халқаро ташкилотларни жуда ҳурмат қиламан, улар мамлакатда инсон ҳуқуқлари, шахс эркинлигини ривожлантириш учун жуда кўп иш қилдилар. Аммо мамлакатга 52 кишидан иборат қўшин киритишнинг ҳеч қандай ҳожати йўқ, деб ўйлайман, деди Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун.

Айни давра суҳбатининг бошқа бир иштирокчиси - ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов қирғиз омбудсмени фикрларига қўшилмаслигини билдирди.

- Муҳтарам омбудсмен Қирғизистон ўз кучи билан муаммони ҳал қила олиши мумкинлигини таъкидламоқда. Ундай бўлса, нима учун Қирғизистоннинг амалдаги раҳбарияти зиддиятнинг биринчи кунларидаёқ вазиятни ўз кучи билан жиловлай олишга қодир эмаслигини билдирди ва халқаро ҳамжамиятдан, хусусан, Россиядан ёрдам сўраб мурожаат қилди? “Ўзимиз эплаймиз” деган гап аслида бунинг аксидан дарак бериши мумкин, яъни Қирғизистон буни эплай олмаслиги мумкин. Халқаро нигоҳ билан вазиятни бошқачароқ баҳолаш мумкин, бу субъектив нигоҳ бўлмайди. Ҳозир Қирғизистон жанубида бўлган қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам жуда қизишиб турганлари аниқ, улар буни қабул қилиши қийин бўлиши, икки ўртада ўзаро айбловлар бўлиши табиий. Омбудсмен ҳаммасини ўзбеклар бошлаганини таъкидламоқда, бироқ бунга тескари бўлган нуқтаи назар ҳам мавжуд. Халқаро миссия ҳаққонийроқ маълумот йиғишга, умумий хулосаларга келишга ёрдам беради, дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Айни пайтда қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Қирғизистон аъзо бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакат жанубида юзага келган қонли тўқнашувни бартараф эта олмаганини урғуларкан, бу вазифани ЕХҲТ ўз зиммасига олишга рози бўлганини фақат олқишлаш кераклигини айтади.

- Ўйлашимча, кимдир Қирғизистон жанубидаги вазиятни барқарорлаштиришни ўз зиммасига олиши керак ва айни пайтда ЕХҲТ буни ўз зиммасига олаётгани жуда яхши. Улар бунинг уддасидан чиқа олиши аниқ эмас, аммо бу йўналишда биринчи қадам қўйиб бўлинди. Бунда ЕХҲТга бошқа халқаро ташкилотлар кўмак кўрсатади, деб умид қиламиз. Биринчи навбатда, бу Қирғизистон аъзо бўлган ташкилотлардир. Бу мамлакатдаги тарангликни олдини олишга қаратилган уринишдир. Албатта, бу 20 йил давомида ҳеч ким, жумладан, на Ақаев, на Бакиев тузатолмаган бу ярани битта миссия тезгина даволай олади, дегани эмас. Амалдаги ҳокимият ҳам бу муаммони ҳал қилишига умид кам. Мазкур миллатлараро можаронинг илдизи, ўзаро эътирозлар совет даврига бориб тақалади. ЕХҲТнинг полициячилар маслаҳатчи гуруҳини Қирғизистонга киритиш ҳақидаги ечимини дипломатик юриш сифатида қабул қилиш керак, дейди Дўсим Сатпаев.

Мавзу юзасидан маълумот: Агар Қирғизистон жанубидаги вазият талаб қилса, ЕХҲТга аъзо мамлакатлардан бўлган полиция зобитлари таркиби яна 50 киши кўпайиши ва уларнинг фаолият юритиш муддати узайтирилиши мумкин. Шунингдек, Қирғизистонга юборилаётган полициячилар маҳаллий милиция вакиллари ҳамда аҳолининг турли гуруҳлари кўмагида фаолият олиб боришлари айтилмоқда.

Қирғизистон президенти Рўза Отунбаевга кўра, полициячилар миссияси маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига ўз маслаҳатларини бериб, маҳаллий милиция ходимларини тайёрлаш ишларида кўмак кўрсатадилар.
XS
SM
MD
LG