Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:38

Қозоғистонда мухолифатга босим кучайиб бормоқда


Жорий йилнинг июл ойида Қозоғистонда мухолифатчилар Ермек Наримбоев (суратда) ва Айдўс Содиқовларнинг қамалишини кузатувчилар мамлакатда мухолифатга қарши репрессиянинг янги тўлқини бошланиши сифатида баҳоламоқдалар.
Жорий йилнинг июл ойида Қозоғистонда мухолифатчилар Ермек Наримбоев (суратда) ва Айдўс Содиқовларнинг қамалишини кузатувчилар мамлакатда мухолифатга қарши репрессиянинг янги тўлқини бошланиши сифатида баҳоламоқдалар.

ЕХҲТни Қозоғистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари вазияти тобора ёмонлашиб бораётганига мутлақо бефарқлик билан ёндошаётганини таъкидлаган кузатувчилар Ғарб давлатлари бундан буён мамлакатда содир бўлаётган қонунбузарликларга етарли даражада эътибор қилмаслиги ва расмий Остонага ҳеч қандай босим ўтказмаслиги мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

Ўтган ой Қозоғистонда икки мухолифатчи Ермек Наримбоев ва Айдўс Содиқовлар “полицияга қаршилик кўрсатганлик” ва “судни ҳақоратлаганлик” айбловлари билан бири икки, иккинчиси эса тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Кузатувчилар эса аслида мухолифатнинг бу икки вакилининг қамоққа олинишига уларнинг амалдаги расмийларга кескин қаршилик кўрсатгани, мамлакат бўйлаб норозилик митинглари ўтказгани ва бу тадбирларда “Назарбоев кет!” каби чақириқлар билан чиққани сабаб бўлганини таъкидлашмоқда.

Уларга кўра, сўнгги йиллар мобайнида амалдаги қозоқ ҳукумати ўзгача фикрловчиларга нисбатан турлича босим усулларини қўлламоқда, шу йил октябр ойида Остонада бўлиб ўтиши кутилаётган ЕХҲТ саммити олдидан эса бу каби босимлар янада авжига чиқди.

- Ўйлашимча, Ермек Наримбоев ва Айдўс Содиқовлар расмийлар қамоққа тиқмоқчи бўлган сиёсатчилар рўйхатини очиб бердилар. Улар билан содир бўлган воқеани бир сигнал, Оқўрданинг бошқа жамоат арбобларига йўналтирилган ишораси ўлароқ қабул қилиш мумкин. Бир неча кун аввал айни пайтда Уст-Каменагорск қамоқхонасида сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис қўнғироқ қилди. У ҳам бундай тактика реал ҳаракат қила оладиган ва расмийлари ҳақиқатан ҳам чўчийдиган бошқа сиёсатчиларга нисбатан ҳам қўлланади, деган фикрда, дейди қоғозистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Гришин.

Сўнгги бир йил ичида кўплаб мухолифатчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан қаршилик кўрсатганлик, таҳқирлаганлик, уларни дўппослаганлик айбловлари билан катта жаримага тортилгани, бир неча кун давомида вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланиши кузатилганди.

Кузатувчилар аслида бу расмий Остонанинг ўзгача фикрловчиларга қарши кураш бўйича қўллаётган янги тактикаси эканини, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари эса бу тактиканинг шунчаки ижрочилари эканини таъкидламоқдалар.

- Менимча, мухолифатчи ва ўзгача фикрловчиларга нисбатан радикал чоралар кўриш қўшни Қирғизистонда содир бўлган воқеалардан сўнг қайта бошланди. Оқўрда ҳозир жуда чўчиб қолган, шу боис эҳтимолий оқибатлардан ҳадиксираб, турли қаттиқ чоралар кўрилмоқда. Бошқа тарафдан расмийларнинг бундай хатти-ҳаракатлари қозоқ сиёсий элитаси ичидаги инқирозни акс эттиради. Ижтимоий норозиликни босиб туриш учун улар репрессия қўллашдан бошқа чоралар кўраётганлари йўқ. Ҳозир ҳар жабҳа бўйлаб ҳужум бошланди, дейиш мумкин. Масалан, Олмаота ҳокимининг ўринбосари Серик Сейдуманов ўз интервюларининг бирида эмигрантларни хавфли ижтимоий унсур, деб атади. Умуман олганда, Қозоғистон бўйлаб ўзгача фикрловчиларга қарши кураш бўйича бутун бошли кампания олиб борилмоқда, бу эса жамоат ташкилотлари раҳбарлари, мухолифатчиларни таъқиб қилишда ўз аксини топмоқда, дейди “Қозоғистон социалистик қаршилиги” ҳаракатининг раҳбари Айнур Қурманов.

Қозоғистон раҳбарияти ЕХҲТга аъзо давлатлар раҳбарларини ташкилот саммитини жорий йил кузида Остонада ўтказишга кўндира олдилар. Айрим экспертлар саммит арафасида қозоқ мухолифати, сўз эркинлигига нисбатан босим бироз камайишига, қозоқ расмийлари эса ЕХҲТ раислигини қўлга киритиш учун мамлакатда демократия тамойилларини тўлақонли таъминлаши ҳақида Мадридда берган ваъдаларини хўжакўрсинга бўлса ҳам бажаришига умид боғламоқдалар.

Аммо мухолифатчи Жасарал Қуанишалин бунинг амалга ошишига кўзи етмаслигини айтади.

- Қозоғистон бизнинг ватанимиз, аммо бошимизга чиқиб олган ва йигирма йилдан буён кўнглига келган ишни қилаётган иқтидордаги расмийлар “шарофати” билан биз буни баралла айтолмаяпмиз. Шундай экан, ҳеч қандай саммит ва бошқа ҳар қандай тадбир, унинг ички ёки халқаро тадбир бўлишидан қатъий назар, номи Қозоғистон бўлган полиция давлатининг репрессив сиёсатига таъсир ўтказишга қодир эмас, дейди Жасарал Қуванишалин.

Қозоғистонлик кузатувчилар сўнгги йиллар давомида мамлакатда сиёсий мотивлар билан айбланган бирор киши, жумладан, сиёсатчи, журналист ёки ҳуқуқ ҳимоячисининг суд томонидан оқлангани кузатилмаганига ҳам алоҳида урғу бермоқдалар.

- Жаҳон амалиётида мухолифатчиларга нисбатан оқлов ҳукми чиқариш амалиёти ўн фоизни ташкил қилса, Қозоғистонда бу кўрсаткич бир фоизни ташкил этади. Бундан “мамлакатимизда яшовчиларнинг бари жиноятчию, фақат полиция, молия полицияси ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимларигина ҳалол одамлар”, деган хулоса чиқади. Масалан, Қозоғистон собиқ бош вазирини судлашганини эслайлик. У вазир бўлган чоғида унга нисбатан ҳеч қандай эътироз бўлмаган, аммо у президентлик сайловларида иштирок эта бошлагач, унга нисбатан жиноий иш қўзғашди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Менга нисбатан кўплаб жиноий ишлар очилган, қамоқ муддатлари белгиланган. Бундан асосий мақсад эса менинг парламент сайловларида иштирок этишимга йўл қўймаслик эди, пировардида улар бунинг уддасидан чиқа олдилар, дейди “Азат” социал-демократик партияси раиси Бўлат Абилов.
XS
SM
MD
LG