Линклар

Ўзбекистонлик абитуриентлар синовдан ўтди


Бу йил Ўзбекистон олийгоҳларига кириш учун қарийб 385,6 минг абитуриент ҳужжат топширгани, улардан 56,6 минги август ойи охиригача талабаликка қабул қилиниши айтилмоқда.

Бу йил Ўзбекистон олийгоҳларига кириш учун қарийб 385,6 минг абитуриент ҳужжат топширгани, улардан 56,6 минги август ойи охиригача талабаликка қабул қилиниши айтилмоқда.

Ўзбек расмийлари мамлакатда тест синовларининг адолатли ва ҳалол ўтказилиши учун барча чоралар кўрилаётгани ҳақида йил сайин турли баёнотлар бериб келаётганига қарамай, 1 август куни ўтказилган тест синовларида бевосита иштирок этганлар бир қанча қонунбузарликларга йўл қўйилганини эътироф этмоқдалар.

1 август куни соат 9:00 да бошланган тест синовлари мамлакат бўйлаб жойлашган 400 та бинонинг салкам 11 мингта аудиториясида бўлиб ўтди. Шу куни биз имтиҳон топширган абитуриентлар ва уларнинг яқинлари билан, шунингдек, Ўзбекистонда мазкур тадбир учун масъул бўлган идоралар билан мулоқот қилишга уриндик.

Андижонлик муаллим, физика-математика фанлари номзоди Жамолиддин Абдураҳмонов фикрича, 1995 йилдан буён миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва таълим тизимининг кўплаб ходимлари назорат остида ўтказилиши айтилаётган кириш имтиҳонлари нотўғри йўлга қўйилган.

- Математикадан, масалан, 36 та савол тушади. Ана шу 36 та саволни ечиб чиқиш учун ажратилган вақт жисмонан етмайди. Шу нарсани ҳисобга олмаяпти тест маркази. Натижада болалар ҳар хил шпаргалкаларга ишониб қолаяпти. Гапнинг очиғи, ўзи аслида тест маркази бу ерда бизнес қилаяпти. Бу система Тошкентда бутун Ўзбекистон бўйича йиғилаётган пораларни марказлаштириш мақсадида ташкил қилинганга ўхшаб кўринади баъзан менга, дейди андижонлик Жамолдин Абдураҳмонов.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарорига 1-ИЛОВА дея номланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомига асосан абитуриентларнинг тест синовларини топшириш мажбуриятлари белгилаб берилган.

Низом талабига мувофиқ, абитуриентга тест синовига уяли телефонлар ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириш ва фойдаланиши қатъиян ман этилади.

Тест синовларига абитуриент микрокалкулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кирган бўлса, тест жараёни давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса, абитуриентларга ёрдам берса, у тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва далолатнома тузилиб, у тест синовидан четлаштирилади.

Биз Ўзбекистон давлат тест марказидан бу галги тест синовида ана шундай қонунбузарлик холатлари бўлган-бўлмагани ҳақида маълумот олмоқчи бўлдик. Бироқ 1 август куни кечгача мазкур марказ вакиллари билан уланишнинг имкони бўлмади.

Айни пайтда Ўзбекистондаги уяли алоқа операторлари тест синови ўтказиладиган куни уяли телефонларда эрталаб соат 9 дан 13 га қадар СМС ва интернет хизмати кўрсатилмаслиги ҳақида ўз мижозларига маълум қилганди. Шунга қарамай, 1 август куни кириш имтиҳонларини топширган абитуриентларнинг эътироф этишларича, улар имтиҳон пайтида уяли телефонлардан бемалол фойдалана олганлар. Буни Озодлик билан суҳбатлашган андижонлик муаллим Жамолиддин Абдураҳмонов ҳам тасдиқлаб, ўзи ҳам кириш имтиҳонини топшираётган қариндошига телефон орқали жавобларни топишда ёрдам берганини тан олади:

- Ҳалиги телефонда ишлаб бераяпти одамлар. Бир-иккита масалани ишлаб бердим, гапнинг очиғи. Энди бу ноқонуний ҳаракат аслида. Телефон ўчмаган, ҳалиги СМСлар ўчган, холос. Телефонда бола диктовка қилиб беради. Бизга 7 тачасини айтишга улгурди, холос. Кейин назоратчи, абитуриент халақит берса, телефонни ўчириб қўяди, деди 1 август куни тест топшириқларини ечишда ўз қариндошига телефон орқали ёрдам берган ўқитувчи Жамолиддин ака.

Шу куни минглаб ўзбекистонликлар қатори имтиҳон топширган абитуриентлардан бири ҳам тест топшириқларини бажариш чоғида уяли телефонлар ва шпаргалкадан бемалол фойдаланишга имкон бўлганини айтади:

- Имтиҳон бизда 9 да бошланди. Хонага 29 та бола кирдик. Биринчи мелисалар қўлида рентген бор экан, шу билан текширди. Хонанинг ўзида назоратчилар бўлди. Улар бошида [телефонларни, шпаргалкаларни] қўлдан олиб қўйди, кейин муомаласини қилган эдик, қўлга олиб келиб берди, қўйиб берди охиригача. Шпаргалка ишлатди, телефон ишлатди. Шу, асосан, бошқа нарса ишлатгани йўқ, деди 1 август куни Тошкент Ахборот технологиялари университетига кириш имтиҳонини топширган абитуриентлардан бири.

Хабарларга кўра, бугун ўтказилган тест жараёнини республика бўйлаб 35 мингдан ортиқ кузатувчилар, жумладан, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари, ҳокимият вакиллари, Олий ва ўрта таълим вазирлиги мутасаддилари назорат қилдилар.

Маълум бўлишича, бу йил Ўзбекистон бўйлаб жойлашган 60 та олий ўқув юрти ҳамда хорижий универститетларининг 10 та филиалида ўқиш учун жами 385 645 абитуриент ҳужжат топширган. Ўзбекистон Давлат тест маркази маъулмотларига кўра, бу мустақиллик йиллари давомидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, жорий йил ўқишга кириш истагида бўлган салкам 400 минг абитуриентдан 56.6 мингтаси шу ой охиригача талабага айланади. Тест синови натижаларининг келаси уч-тўрт ҳафта ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG