Линклар

Бразилия ўлимга ҳукм қилинган эронлик аёлга бошпана бермоқчи


Бразилия президенти Луис Инасио Лула ла Силва Эронда эрига хиёнат қилганликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган аёлга сиёсий бошпана беришга тайёр эканини маълум қилди.

Шанба куни Курибита шаҳридаги сиёсий намойиш чоғида чиқиш қилган Лула да Силва Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажодни ўлимга маҳкум қилинган Сокина Муҳаммадий Аштианийнинг мамлакатни тарк этишига рухсат беришга чақирди.

- Эрон халқи ва президентига ҳурматим баланд ва уларни мен дўст, деб биламан. Агар ушбу аёл Эрон учун муаммо туғдираётган бўлса, биз уни Бразилияда қарши олишга тайёрмиз, деди Бразилия президенти.

Сокина Муҳаммадий Аштианий Эрон суди томонидан эрига хиёнат қилганликда айбдор деб топилган ва тошбўрон қилиш йўли билан ўлимга ҳукм қилинган эди. Бироқ аёлнинг ўзи унга қўйилган барча айбловларни инкор қилмоқда.

Айни пайтда АҚШ, ЕИ ва бир қатор халқаро ташкилотлар Эрон ҳукуматини Аштианийга белгиланган ҳукмни бекор қилишга чақирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG