Линклар

Покистон ва Афғонистонда тошқин қутурмоқда


Покистон ва Афғонистонда юз берган сув тошқинлар 1000 дан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Покистон ва Афғонистонда юз берган сув тошқинлар 1000 дан зиёд кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Покистон ва Афғонистонда рўй берган сув тошқинлари оқибатида 1000 дан ортиқ киши нобуд бўлди. БМТнинг билдиришича, табиий офатдан бир миллиондан зиёдроқ одам зарар кўрган.

Сўнгги ҳафта давомида Покистон ва Афғонистонда ёққан кучли ёмғир ҳар иккала давлат тарихида мисли кўрилмаган сув тошқинларига сабаб бўлди.

Шу кунгача мингдан ортиқ киши тошқин қурбонига айланди ва айни пайтда Покистоннинг кўпгина қишлоқларидаги вазият оғирлигича қолмоқда.

- Гари Вазирхон қишлоғимизда 50 та хонадон сув тагида қолди, бизда ҳозир ҳеч қандай бошпана йўқ. Атрофдаги қишлоқларда эса минглаб хонадон вайрон бўлди. Одамлар бор-будидан айрилди. Егуликка ҳеч нарсамиз йўқ, ичимлик суви ҳам йўқ. Кўплаб одам нобуд бўлди, кўплаб одамлар эса бедарак йўқолди. Қутқарувчилар вақтида келгани туфайли биз омон қолдик, деди ўзини Фаёз деб таништирган покистонлик.

Унинг сўзларига кўра, сув тошқини рўй берган пайтда кўплаб одамлар дарахтларда жон сақлаган, бироқ ўз вақтида ёрдам кўрсатилмагани туфайли уларнинг кўпи сувда оқиб, нобуд бўлган.

Қутқарув ишларига кўмаклашаётган Покистон армияси эса шу кунгача табиий офат рўй берган ҳудудларда 19 минг кишини хавфсиз жойга эвакуация қилганини билдирди.

Покистон армияси матбуот вакили генерал Атҳар Аббос табиий офатдан етказилган зарар кўлами кенг экани ва қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигини маълум қилди.

- Сув тошқинлари рўй берган ҳудудда 19 мингдан зиёд киши қутқарилди. Бу улкан рақам. Бироқ айтганимдек, вайронагарчилик кўлами ниҳоятда катта ва айрим минтақалардаги ўлим ҳолатлари ҳамда вайронагарчиликлар ҳақида шу пайтгача маълумот берилмаган бўлиши ҳам мумкин, деди Покистон армияси матбуот вакили.

Хабарларга кўра, сув тошқинларидан энг жиддий зарар кўрган Ҳайбар Паҳтунква вилоятида 40 дан ортиқ кўприк ва минглаб хонадон вайрон бўлган, бир неча минг гектар экин ерлари эса яроқсиз ҳолатга келтирилган.

Минтақадаги қочқинлар лагерида истиқомат қилувчи Абдулқодир эса шу кунгача уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаганини айтади.

- Мен қочқинларнинг Занда лагерида яшайман, бу ерда 16 минг киши бор. Сув тошқинларида 2 мингдан ортиқ хонадон вайрон бўлди. Бизнинг аҳволимиз ниҳоятда оғир. Биз ёрдам сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат қиламиз. Сўнгги 2-3 кун давомида ҳукуматдан бирор расмий келиб, бизнинг аҳволимиздан хабар олгани йўқ, деди Абдулқодир.

Лагерда истиқомат қилувчи бир аёл ҳам бир кунда бор мулкидан айрилганини айтади.

- Аҳволимиз жудаям оғир. Бу ерда ҳамма тушкунликка тушган. Икки жиянимнинг сепи ва қизларимнинг тақинчоқларию, бор мол-мулки сувда оқиб кетди. Бизда ҳеч нарса қолмади, ҳатто сув ичгани бирор идишимиз ҳам йўқ. Ҳукуматдан эса бизга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаяпти, дейди Занда лагерида яшаётган аёллардан бири.

Сув тошқинлари Афғонистонда ҳам рўй берди. Сўнгги маълумотларга кўра, бу ерда табиий офат қурбонлари сони 65 кишига етган, минглаб одам хавфсиз жойга кўчирилган.

Айни пайтда ЕИ ва АҚШ Покистон ва Афғонистон ҳукуматларига табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кўмаклашишга ваъда бердилар.

Хабарларга кўра, биргина ЕИ Покистон ҳукуматига ёрдам тариқасида 39 миллион евро ажратишини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG