Линклар

Сўғдда “Ҳизбут-Таҳрир” фаоллари қамалди


Сўғдда судланганларнинг адвокатларига кўра, улар ҳизбчи эканидан тонмаганлар, айни пайтда судланганлар ҳокимиятни куч билан ағдаришга уриниш айбловини рад этиб, тинч даъват билан шуғулланганларини айтганлар.

Сўғдда судланганларнинг адвокатларига кўра, улар ҳизбчи эканидан тонмаганлар, айни пайтда судланганлар ҳокимиятни куч билан ағдаришга уриниш айбловини рад этиб, тинч даъват билан шуғулланганларини айтганлар.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида "Ҳизбут-Таҳрир" диний-экстремистик партиясига аъзоликда айбланган 10 киши 3 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Судланганларнинг айримлари аввал ҳам жиноий жавобгарликка тортилгани айтилмоқда.

Маҳкамага тортилганларнинг ҳар бирига Тожикистон Жиноий Кодексининг учтадан олтитагача моддаси асосида айбловлар қўйилди. Бу айбловлар орасида жиноий гуруҳга аъзо бўлиш, мавжуд қонуний ҳукуматни ағдаришга даъват этиш, экстремистик ташкилотга аъзо бўлиш каби моддалар бор.

- Маҳкамага тортилган ҳар бир фуқаро билан суҳбат ўтказилади. Улар нотўғри йўл танлаганликлари ва бу фаолиятлари хато эканлиги ҳақида гапирилади. Афсуски, уларнинг кўпи бундан хулоса чиқармаяпти. Оқибатда, иккинчи марта уларга нисбатан қаттиқроқ жазо кўрилмоқда. Жумладан, судланганлардан Жамшид Дадабоев ва яна икки нафари 15 йилданга озодликдан маҳрум этилди, дейди Хўжанд шаҳар суди ҳаками Исмоил Раҳматов.

Судянинг сўзларига кўра, бу одамлар жазони қаттиқ режимли қамоқхоналарда ўтайдилар. Бундан ташқари, жазони ўтаб бўлганларидан кейин улар беш йил давомида бирор-бир диний ташкилот ёки идорада ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиладилар.

Маълум бўлишича, озодликдан маҳрум этилганларнинг ёши 20 дан 70 ёшгача бўлиб, уларнинг кўпи ўзига қўйилган айбларни рад этганлар. Айни пайтда маҳкамага тортилганларнинг адвокатларидан бири Аъзам Усмонов судланган шахсларнинг бир қисми маҳкама жараёнида ўз айбларига қисман иқрор бўлганини айтади. Адвокатнинг сўзларига кўра, улар “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзо эканини рад этмаганлар, аммо улар зўравонлик йўли билан эмас, балки даъват йўли билан амалдаги ҳокимиятни ўзгартириш ниятида эканлигини айтганлар.

Кузатувчилар кейинги пайтларда Тожикистонда Ҳизбут-Таҳрир аъзоларининг кўпайиб бораётганини асосан икки омил билан изоҳлайдилар. Биринчиси, ижтимоий-иқтисодий турмушнинг оғирлиги, иккинчиси эса мамлакатда анъанавий исломга кенг йўл очиб берилмаётгани. Таҳлилчилар фикрича, ҳақиқий исломни тушуниб етган одам ҳеч қачон турли партия ва оқимларга қўшилмайди, аксинча, ҳақиқий исломни уларни турли оқимлардан ҳимоя қилади.
- Ҳақиқатан “Ҳизбут-Таҳрир” партияси бугун жамиятимизга жиддий таҳдид қилаётган бир йўналишдек кўрилмоқда. Бироқ “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзо бўлганлар ҳам мусулмонлар бўлиб ҳисобланади. Балки улар адашиб бу партияга кириб қолгандир? Лекин бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирмаслик керак. Чунки бу партия аъзоларининг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Бу ёш ниҳолларни тўғри йўлга солишнинг иложи бор. Зеро, жаҳолатга қарши жаҳолат билан курашиб булмайди. Курашишдан аввал таҳлил қилиш керак. Азалдан маълумки, маърифат билан курашишнинг самараси кўпроқ. Шунинг учун улар билан мулоқот олиб бориш, уларни тинглаш керак, дейди таҳлилчи Мақсуд Жўраев.

Расмий маълумотларга кўра, бир ой олдин тожикистонлик яна тўрт диндор узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган. Улар ҳам илгари "Ҳизбут-Таҳрир" фаоллари сифатида қамоқ жазосини ўтаб келган эдилар.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда Ҳизбут-Таҳрир экстремистик партия ўлароқ эътироф этилган бўлиб, унинг фаолияти мамлакатда қонунга мувофиқ таъқиб қилинади.

XS
SM
MD
LG