Линклар

Доку Умаров ўрнига Асламбек Вадалов амир бўлди


Шимолий Кавказ минтақасидаги жанггариларнинг норасмий сўзчисига айланган веб сайтлардан бири чечен жанггарилари етакчиси Доку Умаровнинг ўз ўрнини Асламбек Вадаловга бўшатиб берганини хабар қилди.

Kavkazcenter.com сайтининг ёзишича, Умаров ўз истеъфоси ҳақида қарор соғлиги сабабли қабул қилингани, бироқ у “жиҳодни давом эттириб, янги етакчига кўмаклашиш” ниятида эканини айтган.

Умаровнинг бу баёноти акс этган видеотасвир якшанба куни интернетда пайдо бўлди.

- Мен бугун ўз ўрнимни тарк этаман ва ҳақиқатда ҳам ўйлайманки, бугунга келиб ёш биродаримиз Асламбек менга нисбатан ғайратли бўлади ва нисбатан яхши натижаларга эришади. Аммо, бу мен жиҳоддан чекинаман, дегани эмас. Мен кекса мужоҳид тарзида бор куч-кудратимни Оллоҳ қодир қилганича шу йўлда сарфлашда давом этаман, дейди “Кавказ амири”, дея танилган Доку Умаров интернетга жойлаштирилган видеомурожаатда.

Доку Умаров Россияда амалга оширилган йирик террор хуружлари, жумладан, "Нева экспресси" поезди ҳамда Москва метросидаги портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Доку Умаров АҚШнинг халқаро террорчилар рўйхатига ҳам киритилган.

Унинг ўрнини эгаллаган Асламбек Вадалов эса Чеченистонда бўлиб ўтган икки уруш қатнашчиси ва Ҳаттоб етакчилигидаги жанггарилар гуруҳи аъзоси бўлган.
XS
SM
MD
LG