Линклар

logo-print

Россияда муҳожирлар учун махсус алифбо нашр этилди


“Муҳожирлар учун русча алифбо” муқоваси.

“Муҳожирлар учун русча алифбо” муқоваси.

Санкт-Петербургда Россияда яшаëтган миллионлаб муҳожирлар ва улар фарзандларига мўлжалланган махсус ўқув қўлланмаси чоп этилди. Ҳозирча кичик тиражда чоп этилган бу дарсликдан Россиядаги меҳнат муҳожирларининг энг катта қатламига айланган ўзбекистонликларнинг деярли хабари йўқ.


Александр Герцен номидаги Санкт-Петербург Педагогика университети профессор Ирина Лысакова бошчилигидаги илмий ходимлар гуруҳи томонидан “Русский букварь для мигрантов”, яъни “Муҳожирлар учун русча алифбо” ўқув қўлланмаси ишлаб чиқилди.

Бу Россия тарихидаги муҳожирлар учун махсус ҳозирланган дастлабки қўлланмадир, дейди Озодлик билан суҳбатда филология фанлари доктори, профессор Ирина Лысакова:

- Биз икки йил олдин рус тилида сўзлашишни билмайдиган лўли болалар учун “Азбука” қўлланмасини ишлаб чиққан эдик. Бу дастурни ҳозирлаган Петербургдаги “Мемориал” жамияти бўлими дастлабки ёрдам пулини Европа иттифоқидан олгач¸ биз бу соҳада мутахассис бўлганимиз боис¸ лўлилар учун алифбо китобини ишлаб чиқиш таклифи билан бизнинг кафедрага мурожаат қилди.

Бу биринчи дарслигимиз жуда кам сонда¸ оқ-қора рангда чоп этилди. Лекин шундан кейин оммавий ахборот воситаларида кенг довруғи кетган китобчамизни чоп этиш таклифи билан Москванинг “Кноррус” нашриёти мурожаат этди. Биз муаллифлар, бир нарсага амин бўлдик: бугунги кунда Россияда муҳожирлар фарзандларига бу алифбо жуда зарур ва уни нафақат лўлилар, балки Россияга кўчиб келаётганларнинг бари учун мослаш керак. Бу ерда яна бир муаммо вужудга келди: биз бу болаларнинг ота-оналарини ҳам ўқитишга этиборимизни қаратишимиз зарур. Бу эса бизнинг кейинги лойиҳамиз, дейди Озодлик билан суҳбатда мазкур лойиҳа раҳбари Лысакова.

Муҳожирлар учун махсус алифбога машқлар ëзилган диск ҳам илова қилинган.

“Муҳожирлар учун русча алифбо” ўқув қўлланмаси устидаги дастлабки ишни оддий машқлар жамламасини тузишдан бошлаган педагогика университети профессори Лысакова жорий йилнинг май ойида китобни 500 нусхада чоп этишга муваффақ бўлинганини айта туриб¸ Россиядаги муҳожир боласи учун махсус қўлланма тузиш заруратини изоҳлайди:

- Петербургнинг бозор атрофларидаги мактабларга ўз фарзандларини топширган меҳнат муҳожирларининг кўпинча ўз болалари таълим-тарбиясига эътибор қаратишга вақтлари ҳам бўлмайди. 1, 2, 3-синф болакайларининг аксарияти ўзга маданиятдан, ўзга тилдан ажратилиб рус мактабларига ўз ёғида қовурилишга ташланади. Асос билимларга эга бўлмаган болачаларнинг аксарияти ўқишда қийналади, иштиёқи сўнади, натижада "иккичи"ларга айланиб қолади, дейди Ирина Лысакова.


Россияда яшаëтган меҳнат муҳожирлари сони миллионларни ташкил қилгани ҳолда¸ улар болаларига мўлжалланган махсус алифбонинг атиги 500 нусхада чоп этилгани бу дарсликнинг оммавийлашувига кўп ҳам имкон бермаëтир. Айни пайтда профессор Лысакова¸ иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан оғир аҳволда кун кўраëтган аксар муҳожирларнинг ўз болаларига бу қўлланмани олиб беришига кўп ҳам кўзи етмаслигини афсус билан қайд эта туриб¸ ҳозирча дарсликнинг асосий харидорлари фақат муҳожирлар болалари билан бевосита ишлаëтган мактаб маъмуриятларигина эканини қўшимча қилади.

Санкт-петербурглик педогог айтган бу фикрларда қанчалик жон борлиги¸ яъни Россиядаги меҳнат муҳожирининг ўз боласи таълим-тарбияси учун вақт ва маблағ сарфлашга қанчалик имкони борлигини ўрганиш учун ўзбекистонлик айрим муҳожир ота-оналарга мурожаат қилдик.

Суҳбатдошларимиздан бири - Челябинскда истиқомат қилаётган Маъмуржон ака фарзандларининг рус мактабларидаги таълим тизимига мослашиш жараёнида бевосита ўзи иштирок этгани ва бугунги кунда бу ҳаракатлари зое кетмаганини гапиради:

- Биринчи келганда бу нотаниш юрт, нотаниш синф. Болалар билан мулоқотда бўлишида қийналди. Улар қандайдир ётсиради, чунки четдан келганлиги билинадию.. Рус тилини сал қийинчилик билан ўрганди. “Дай хлеб, дай сол”ди биларди, холос”. Ҳозир Худога шукур¸ ўзи кирди - коллежда ўқияпти, иккинчи курсни тамомлади. Аввал келганида бир йил орқа синфга берасиз¸ деди. Майли, қийналсаям ўтиб кетади дедим бир йил.. Репетиторство олдим. Бошланғич синфдан рус тилидан, математикадан, географиядан, ботаникадан, шу қийналган фанидан. Худо ҳоҳласа, қийналиб-қийналиб ўзига келиб қолди яна, дейди ўз фарзандининг рус мактабига мослашиш жараëнида кечирган машаққатлари билан ўртоқлашган Маъмуржон ака.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Москвада яшаëтган Аминжон ака эса дастлаб фарзандларининг ўқишига етарли эътибор қарата олмаганидан қийналганини сўзлайди:

- Гапнинг очиғини айтсам, Москвада яшаш осон эмас-да¸ 5 болам бор менинг. Постоянно иш билан загруженман: ишга бораман, қайтаман, овқатни ейманда¸ ухлайман. Эртаси куни яна иш. Шунинг учун фарзандларимнинг ўқишидаги қийинчиликлари бўлган бўлсаям¸ мен сезмаганман, эътибор қилишга вақтим ҳам бўлмаган. Бошида биринчи синфга боришдан олдин подготовителний классга борди. Йил охирида улар боланинг лаёқатига қараб улар обший классга биттасини ўткизишди. Иккинчиси яна бир йил синфида қолади, дейишди, тайёрлашди, дейди Аминжон ака.

Москвада меҳнат қилаётган Аминжон ака, Россиядаги муҳожирлар болалари учун махсус дарсликлар чиқарилишини қўш қўллаб қувватлашини айтади:

- Агар ўқув дастурини болаларга осонроқ қилиб берган бўлса, мен жуда хурсанд бўлиб олар эдим, чунки улар ўзбекчадан бирданига русчага ўтиб кетган-да.. Ёши каттароқ ўғлимга қийин бўлмасаям¸ қизчамга қийин бўлгани аниқ. Мана ҳозир Москванинг ҳар бир округида келгиндиларнинг фарзандлари учун алоҳида класс ва алоҳида дастурлар чиқарилибди. Шу нарсага мен анча хурсанд бўлдим, чунки бизнинг болалар бирданига келиб рус тилини ўзлаштира олмайди. Лекин энг катта қийинчилик маданий томондаги фарқ бўляпти. Бу ернинг муомаласи, кийинишлари, бир-бири билан муомалалари¸ гапнинг тўғриси¸ менга шахсан ёқмайди. Лекин муҳитнинг таъсири бўлмасдан иложи йўқ, дейди Россия пойтахтида фарзандларини ўқитиш ва тарбиялаш муаммоларига дуч келаëган меҳнат муҳожири Аминжон ака.

Россия Миграция хизмати тарқатган расмий маълумотга кўра, 2009 йилда Россияга 15 миллионга яқин меҳнат муҳожири кириб келган. Ҳозирча булардан қанчасининг Россияда фарзандлари билан яшаëтгани номаълумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG