Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:18

Эркин микрофон - "Оғажонларим¸ менинг қизимни чиқариб берингизлар!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Бу гапни Озодликка Сурхондан сим қоқиб¸ порахўрликда айбланиб ноҳақ қамалган қизининг ҳибсда қийноққа солинаëтгани¸ унинг дарагини ололмай ўзи ва кампири йиғлай-йиғлай оғриб қолганидан ҳасрат қилган 75 яшар Тўхтабой ота айтади.

Қамоқдаги қизимни кўрмай ўлиб кетаманми?

дейди Сурхондарëдан қўнғироқ қилган 75 яшар Тўхтабой ота. Отахоннинг айтишича¸ унинг экология идорасида ишлаган қизи Сафарова Рўзигул бир ойдан бери қамоқда қийноққа солинмоқда.

- Мен отасиман. Менинг исмим Сафаров Тўхта. Менинг боламнинг устига текширамиз¸ деб келиб ëппасига қумурсқанинг инидан тўригача кириб кетди булар. Бирор бир фойда йўқ¸ зарар йўқ боламни олиб бориб турмага тиқиб қўйди. Менинг болам Рўзигул турмада ëтибди. Ҳозир отаси¸ онаси¸ укалари¸ ҳаммамиз 18 киши турмадан ҳам баттар бўлиб ëтибмиз. Нима қиларимизни билмадик ҳеч. Бугун бир ою икки кун бўлди турмада ëтганига. Нимани текшириб¸ нимани топди билмаймиз. Боламнинг жигарлари шишиб кетган. Ҳозир жигари оғриб ëтибди¸ дейди. Буни чиқармайди. Буни даволатишга йўл қўймайди. Ўшанинг олиб келган випискасини ҳам булар документга қўшиб олиб кетиб қолган. Бермайди. Қизим экологияда 10 йилдан бери ишлаб келади. Менинг қизимни 30 числода аэропортдан ушлаб олиб бориб тиқиб қўйди. Гапдан гап¸ сўздан сўз йўқ. Менинг қизим ноҳақ қамалди. Қизимни ҳам тоза қийнаган. Қизимнинг бир ўғли¸ бир қизи бор. Ўзи мана бу йил 50 ëшда бўлди.

Озодлик: Қамоқхонага бориб қизингиз билан учрашдингизми?

- Йўқ. Умуман бир ойдан бери кўрсатмайди. Бориб ота-эна айланиб жилаб-жилаб қайтиб келамиз. Умуман кўрсатмайди ҳам¸ киргизмайди ҳам. Бугун ҳам энаси бориб жилаб-жилаб¸ кўзи шишиб мана уйга келиб касал бўлиб ëтибди. “Ўлмай кўрайин бир қизимни” деб кўрсатмай¸ мана уйда касал бўлиб ëтибди. Мана бошида ўтирибмиз ҳамаммиз. Оғажонларим¸ менинг қизимни чиқариб берингизлар¸ айланайин сизлардан. Умрларингиз узоқ бўлсин. Мен ҳам қизимни кўра олмай ўлиб кетмай¸ дейди ўз қизининг ноҳақ қамалганини айтаëтган Тўхтабой ака.

Сафарова Рўзигулга нисбатан Ўзбекистон жазо қонунининг 210-моддаси яъни порахўрлик айби қўйилган. Ҳали суд ҳукм қилмагани боис Рўзигул опанинг айбли ë айбсизлиги ҳақида бирор нарса дея олмаймиз. Аммо маҳбуснинг қийноқларга тутилиши¸ тиббий муолажадан мосуво қилиниши ва яқинлари билан учраштирилмаслиги Ўзбекистоннинг ўз қонунлари¸ қолаверса у тан олган халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақ зиддир.


Хивадаги бензиннинг нархи Америкадан ўзди

“Сал олдин 2000 бўлган бензин Хоразмда 4000 дан ўтди. Захкашнинг нариги томонидаги туркман қишлоғида бензин 500 сўм” дейди хивалик Матëқуб.

- Бензин қўлда 4000 минг сўмга чиқиб кетди. Ҳар бир заправкада камида 30-40 машина очередда туради. Ҳеч ким билмайди¸ информация йўқ. Бензин нима учун йўқлигини ҳеч ким айта олмайди. Бензин йўқлигига ҳамма нарса қимматлаб кетди. Дамас маршрутлари 500 сўмга чиқиб кетди. Таксилар ҳам қимматлаб кетди. Бензин йўқ бўлгандан кейин ҳамма нарсага таъсири бўладику. Қимматчилик ҳамма ерда. Чëрный бензин ўтмайди. Чегарачилар бир-иккита одамларни отиб қўйдику Шовотда. Шундан кейин одамлар қўрқиб қолди. Туркманистонда бензин бизларнинг пулга 500 сўм. 60 литр поëк беради ҳар одамга машинаси бўлса. Бу 60 литрнинг нархи умуман копейка туради дейди. Қўлдаги¸ заправкалардаги бензин 500 сўм. Чегаранинг бу ëғида 4000 сўм. Болалар Қозоғистондан бензин олиб келиб сотади. Қозоғистонда сўмга нисбатан 800 сўм экан. Ҳозир биз ҳисоблаб кўрсак¸ бензин Америкадан ҳам қиммат экан¸ дейди хивалик Матëқуб.


Ўқув даргоҳини ëқиш ваҳшийлик

дейди Жалолободдаги ëқиб юборилган университет домласи.

- Мен Жалолободдаги университетда ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Ëқиб юборишибдию уни. Абдураҳмонов Жамолиддин бўламан. Физика-математика фанлари номзодиман. Конституцияга кўра қирғизларники билан теппа тенг бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўзбеклар қирғиз миллатчиларига қарши тинимсиз ва муросасиз кураш олиб бормоқлари шарт. Ваҳшийлик содир этган қирғиз миллатчиларининг Қирғизистон давлати томонидан жиноий жавобгарликка тортилишига мен ишонмайман. Бунга ишонаëтган ва умид қилаëтган ўзбекларни сиëсий фаросатсизликда айблайман.

Мен бир нарсага ҳайронманда. Биз бориб ишлаëтган университетда кираверишда пештоқига рус тилида “Университет Дружбы Народов имени Батирова” деб ëзиб қўйилган. Иккинчи томонида қирғиз тилида ëзиб қўйилган. У ерда ўзбекча ëзувни кўрмайсиз. Биз у ерга бориб рус тилида лекция ўқир эдик. У ердаги талабаларнинг ичида қирғизлар ҳам бор эди. Ишлаëтган ўқитувчиларнинг ичида қирғиз ўқитувчилари ҳам бор эди. Масалан¸ бизнинг кафедра мудиримиз фан доктори¸ қирғиз эди. Бошқа структураларда ҳам қирғизлар ишлар эди. Ўша одамлар қандай ҳолатга тушди экан? Мен шунга ҳайрон бўлаяпманда. Нима учун у жой ëқиб юборилди?

Мен ўша воқеалар бўлаëтган кунлари интернетда кўриб чиқсам¸ Халқлар Дўстлиги деган ëзувни олиб ташлаëтган одамлар¸ ўша миллатчилар қилганда бу ишни. Уларнинг расми бўлса¸ қирғиз милицияси уларни расмидан кўриб топа оладику. Ўшаларни ушлай олади¸ деб ҳисоблайман мен. Нима учун шу пайтгача шундай ишлар содир бўлмаяпти? Нима учун жиноятчилар ушланмаяпти? Университетни ëқиб юбориш¸ ўқув даргоҳини ëқиб юбориш хато иш¸ деб ҳисоблайман. Бу ҳам ваҳшийликнинг битта тури¸ дейди Жалолободдаги ëқиб юборилган Халқлар Дўстлиги университетининг домласи.


Қорақалпоқ ва Кувайт ўрнаги

ҳақида гапиради иштихонлик Омонбой ака.

- Самарқанд вилояти¸ Иштихон райониданман. Бўтаев Омон бўламан. Мен илгари ҳам Қирғизистонда бўлганман. Уларнинг хаëлидаги нима гап¸ нима фикр эканлиги ҳозир ҳам кўзимнинг олдида туради. Халқида эмас гап. Бари гап раҳбарларда. Тўхтатиб¸ ўзбекларни аввалгидай қилиб яшатаман деса¸ мана Барак Обама¸ Бан Ки Мун¸ Медведевга ўхшаган олий раҳбар ходимларнинг ҳаммаси бир бўлиб худди Қорақалпоғистондай қилиб автоном қилиб қўймаса¸ бугун тинчлик сақлагани билан 10-20 йилдан кейин янаям шу аҳвол бўлади. Мен мана шу учта раҳбардан ўзбеклигим учун эмас¸ инсонлигим учун илтимос қилиб сўрайман¸ иложи борича Ўш билан Жалолободни автоном қилиб чиқариб қўйса¸ ана шулар эшитсин мени. Мана Барак Обама¸ Бан Ки Мун¸ Россия президенти Медведев. Мана шу учтаси аралашиши керак. Мана қаранг Кувайт қандай яхши бўлиб кетди. Мана Қорақалпоғистон тинч яшаяпти. Булар ҳам худди шундай тинч яшайдида. Жуда ичим ачишиб кетди ëшларни¸ хотин-қизларни эшитиб¸ дейди Омонбой ака.


Ўзбек ойнаи жаҳони қарсакбозлар ва ëлғончилар минбари

дейди якшанба куни эфирга узатилган "Давр менинг тақдиримда" эшиттиришига муносабат билдирган самарқандлик суҳбатдош.

- Кеча радио орқали эфирга узатилган "Давр менинг тақдиримда" эшиттиришида "Ëшлар" телеканали катта муҳаррири Малоҳат Эшонқулова гапирдику. Ўшанга фикр билдирмоқчиман. Ҳурматли Малоҳат Эшонқулова. Сизга катта раҳмат. Шунча Ўзбекистон расмий органларининг журналистлари турганда сиз катта жасорат билан чет эл радиолари орқали чиқиш қилиб Ўзбекистон телевидениесидаги сохталик¸ ëлғончилик каби иллатларни фош қилдингиз. Бунга ҳамма ҳам муяссар бўлавермайди. Бунинг учун катта юрак керак. Совет даврида Ўзбекистон телевидениесида “Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари”¸ “Келинг очиқчасида гаплашайлик” каби кўрсатувлар бўларди. "Ахборот" кўрсатувида танқид лавҳалар¸ танқидли репортажлар бериб борилар эди. Афсуски¸ мустақилликнинг 19 йилидан бери буни кундуз куни чироқ ëпиб ҳам топа олмайсиз. Фақат концерт¸ кимгадир хушомадгўйлик¸ лаганбардорлик¸ ура урачилик¸ қарсакбозлик. Телевидениеда фақат сериаллар¸ ëлғон нарсалар бериб борилади. Ўзбек матбуоти шу аҳволга тушиб қолишига¸ албатта¸ журналистлар ва муҳаррирлар айбдор эмас. Телевидениени назорат қилувчиларнинг маддоҳлиги¸ сарой телевидениесига айланиб қолганлигида гап. Юқорида турган раҳбарлар ўзгаргачгина¸ ижобий ўзгариш содир бўлиши мумкин. Бунинг учун матбуотга нисбатан ижобий муносабат шаклланиши керак¸ дейди самарқандлик суҳбатдошимиз.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG