Линклар

logo-print

Доку Умаровнинг истеъфоси эълон қилинди


Доку Умаров ўрнини Асламбек Вадалов эгаллади.

Доку Умаров ўрнини Асламбек Вадалов эгаллади.

Россияда ашаддий жиноятчи сифатида халқаро қидирувга берилган Кавказ жанггарилари амири¸ 46 яшар Доку Умаров соғлиги боис ўрнини тарк этиб, етакчиликни ўзидан кўра ёш ва ғайратли, деб ҳисоблагани Асламбек Вадаловга топширди.


Шимолий Кавказ минтақасидаги жанггариларнинг норасмий сўзчисига айланган веб сайтлардан бири чечен жанггарилари етакчиси Доку Умаров ўз ўрнини бўшатгани ва Асламбек Вадаловни ўрнига тайинлаганини хабар қилди.

Kavkazcenter.com сайтининг ёзишича, 46 ёшли Умаров ўз истеъфоси ҳақидги қарор соғлиги сабабли қабул қилингани, бироқ у “жиҳодни давом эттириб, янги етакчига кўмаклашиш” ниятида эканини айтган.

Умаровнинг бу баёноти акс этган видеотасвир якшанба куни интернетда пайдо бўлди.

- Мен бугун ўз ўрнимни тарк этаман ва ўйлайманки, бугунга келиб ёш биродаримиз Асламбек менга нисбатан ғайратли бўлади ва нисбатан яхши натижаларга эришади. Аммо бу мен жиҳоддан чекинаман, дегани эмас. Мен кекса мужоҳид тарзида бор куч-қудратимни Оллоҳ қодир қилганича ҳам сўз ва ҳам амалим билан шу йўлда сарфлашда давом этаман”, деди “Кавказ амири”, дея танилган Доку Умаров интернетга жойлаштирилган видеомурожаатда.

Бироз хирароқ видеотасвирда Умаров қуюқ ўрмон бағрида ёнида яна икки одам бирга ўтирган ҳолда кўринади. Унинг ёнидагилардан бирининг Вадалов экани тахмин қилинмоқда.

Умаровнинг ўнг қўли бўлган Ҳусайн Гакаев ҳам шу видеотасвирда пайдо бўлиб, Вадалов номзодини қувватлаши, Вадалов эса ўз ҳаëтини мустақил Чечен амирлиги барпо этишга бағишлагани ҳақида сўзлаган.

- Биз биродаримиз Доку киритган бу ўзгаришларни қувватлаймиз ва биз доғистонлик, ингуш ва қабардин биродарларимиздан унга ишонч билдиришни сўраймиз, дейди интернетга жойлаштирилган видеотасвирда муқаддам Кавказ амири сифатида танилган Доку Умаровнинг ўнг қўл маслаҳатчиси Гакаев.

Бу видеотасвир ва ундаги баёнотларга нисбатан Россия расмийларидан бирор бир муносабат бўлгани хусусида ҳозирча хабарлар йўқ.

Аммо таҳлилчилар орасида бу хабар ҳозирда қизғин баҳсга сабаб бўлмоқда.

“Kavkaz-uzel.ru” ахборот сайти бош муҳаррири Григорий Шведов бу хабарни Кавказдаги жанггарилар ҳали-бери маҳв бўлмаслигидан далолат, деб ҳисобламоқда.

- Бу жанггарилар анчагина йирик террорчилик ҳужумларида иштирок этган. Гарчи бу эълон анча кутилмаган бўлса-да, унинг ортидаги ҳақиқат шуки, террорчилик ҳужумлари сони камаймайди ва тўхтамайди, дейди россиялик таҳлилчи Шведов.

Доку Умаров ўз вақтида Россияда амалга оширилган йирик террор хуружлари, жумладан, "Нева экспресси" поезди ҳамда Москва метросидаги портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Умаров Шимолий Кавказдаги жанггарилар орасида ўз шахсига сиғинишнинг мустаҳкам муҳитини яратган бир кезда ингуш жанггарилари етакчиси, амир Магас номи билан танилган яна бир таниқли жанггари ҳибсга олинган эди.

Унинг ўз уйида ҳибсга олинганига муносабат билдирган таҳлилчилар бу ҳол жанггари гуруҳлар етакчилари ўртасида зиддият юз бергани ва Магасни сиқиб чиқариш учун, атайлаб Федерал хавфсизлик хизматига сотишганини тахмин қилган эди.

Доку Умаров томонидан шу тахлит тозаланган майдонга олиб келинган 35 ёшлардаги Вадаловнинг Умаровга мойиллиги ва ғайрати билан жанггари гуруҳлар орасида анчагина обрўга эгалиги айтилмоқда.

- Унинг Умаровга 100 фоиз мойил шахс экани маълум ва бу мойиллик ботинан мустаҳкам алоқада бўлган бу гуруҳ ичидаги одамлар учун жуда муҳим аҳамиятга эга, албатта. Бу мазкур гуруҳни федерал хизмат назоратидан қўриқлайдиган энг муҳим ҳимоя воситасидир, деган фикрда Шимолий Кавказ бўйича Озодлик шарҳловчиси Лиз Фулер.

Асламбек Вадалов Чеченистонда бўлиб ўтган икки уруш қатнашчиси, Ҳаттоб етакчилигидаги жанггарилар гуруҳининг фаол аъзоси саналади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG